Мажлисда иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ахборот берди.
– Давлат дастуридаги устувор йўналишлар ва мақсадларнинг ўз вақтида сифатли бажарилишини таъминлаш мақсадида барча зарур чоралар кўрилган. 2024 йил якунида ялпи ички маҳсулот ўтган йилга нисбатан 6,5 фоизга ошиб, 115 млрд. долларга етди. Давлат бюджети даромадлари 274,4 триллион сўмга етиб, 18,4 фоизга кўпайди. Йиллик инфляция даражаси 9,8 фоизни ташкил этди.
Хорижий инвестициялар ҳажми аввалги йилга нисбатан қарийб 1,6 фоизга кўпайишига эришилди. Экспорт илк бор 27 миллиард долларга етди. Тоғ-кон, нефть-газ, кимё, қишлоқ хўжалиги соҳаларида инвестициялар ҳажми икки баробар кўпайди.
Аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадларини ошириш бўйича амалга оширилган ишлар ўз самарасини бермоқда. Бу борадаги ишлар ўлароқ, камбағаллик даражаси 2023 йилдаги 11 фоиздан 2024 йилда 8,9 фоизга қисқаришига шароит яратилди, – деди Жамшид Қўчқоров.