“Собирсой” геотехнологик кони 60 ёшда: залворли тарих, ёрқин келажак

    Республикамиздаги табиий уран ишлаб чиқарувчи ягона корхона бўлган “Навоийуран” давлат корхонаси таркибида бугунги кунда “Зафаробод” кон бошқармаси, “Учқудуқ” ва “Нуробод” ишлаб чиқариш майдонларида 6 та геотехнологик конлар фаолият юритмоқда.

    Уларнинг ҳар бирининг ўзига хос тарихи, босиб ўтган шонли ва шарафли йўли бор. Самарқанд вилоятининг Нуробод тумани ҳудудида жойлашган “Собирсой” геотехнологик кони ҳам ана шундай залворли тарихга эга конлардан ҳисобланади. Жорий йил унинг 60 йиллиги кенг нишонланди.

    Бир неча асрлар давомида сукунатда, кимсасиз ястаниб ётган Қизилқум саҳросининг беадоқ кенгликлари ва бепоён Улус-Жом даштликларида ҳали ҳаёт қайнаб, қимматбаҳо металлар қазиб олиниб, йирик саноат корхоналари барпо этилиши ҳеч кимнинг ҳаёлига ҳам келмаган бир даврлар. Ўтган асрнинг 50 йилларига келиб эса бу ҳаёллар ҳақиқатга айланиб, олимларнинг илмий-тадқиқот ҳамда геология-қидирув ишлари ўз самарасини берди. Натижада ушбу ҳудудларда илк бора катта ер ости бойлиги – уран захираси борлиги аниқланди.

    Кейинчалик, изланишлар кўлами кенгайиб, Самарқанд, Жиззах ва Бухоро вилоятлари ҳудудига ҳам кўчди. Хусусан, бундан 60 йил аввал, яъни 1964 йилда Улус-Жом дашту-адирларида аниқланган табиий уран захираларини ўзлаштириш мақсадида Самарқанд вилояти Нуробод туманида “Собирсой” кони ташкил этилган эди. Мазкур кон “Шарқ”, “Агрон”, “Нурбулоқ”, “Улус” каби кичик уран конларини ўзида бирлаштирди. 60 йил – бу шонли ишчилар анъаналарини шакллантирган, бир неча авлод тақдирини ўз ичига олган бутун бир тарих демакдир. Бу ерда ҳақиқий ишлаб чиқариш, муҳандислик изланишлар мактаби ва энг асосийси фидокор, ўз ишига содиқ бўлган корхона ишчилар жамоаси шаклланди.

    Бугунги кунда ушбу кон “Навоийуран” давлат корхонаси “Нуробод” ишлаб чиқариш майдонига қарашли бўлиб, корхонада уран ишлаб чиқаришнинг 9,2 фоизи, мазкур кон ҳисобига тўғри келади. Конда фидокорона меҳнат қилаётган 890 нафар бурғиловчи, геолог, геотехнолог, муҳандис-техник ходимлардан иборат жамоанинг фидокорона меҳнатлари ортидан 2030 йилга қадар геология-қидирув ишлари орқали уран захираларини 9150 тоннага етказиш режалаштирилган.

    “Нуробод” ишлаб чиқариш майдони бугунги кунда ўзининг олдига жуда катта мақсадларни режа қилиб қўйган, — дейди “Собирсой” геотехнологик кони бош муҳандиси Жалол Арапов. — Ушбу мақсадлар бугун Давлатимиз Раҳбарининг “Навоийуран” давлат корхонаси трансформациясини амалга ошириш бўйича қўйилган катта қадамларининг бир қисми сифатида бизнинг геотехнологик конларимизда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Шу пайтгача “Жарқудуқ” дала майдонида геология-қидирув ишлари олиб борилган бўлса, ҳозирда бу жараён “Ингичка”, “Шарқий Ағрон” дала майдонларига кўчиб, конлар ишга туширилди. Шунингдек, Жиззах вилоятининг “Арнасой” истиқболли конини ўзлаштириш ишлари бошланди ва ҳозирда тажриба-саноат участкаларида табиий уран қазиб олиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда. Корхонамиз геологлари томонидан ушбу конларда ураннинг жуда катта захираси мавжудлиги бўйича маълумотлар берилган.
    Яна бир жиҳатни айтиб ўтиш ўринли деб биламан. Ўтган йили “Собирсой” кони геотехнологик участкаларида 7 та бурғилаш қурилмалари ишлаган бўлса, биргина жорий йилнинг ўзида уларнинг сони 13 тага етиб, замонавий бурғилаш қурилмалари билан тўлдирилди. Бу ишлаб чиқариш ҳажмларини янада оширишга, белгиланган режаларни ўз вақтида уддалашга имкониятларни кенгайтириш билан бирга, ҳудуд аҳолисини иш билан таъминлашда ҳам жуда катта рол ўйнайди”.

    Албатта босиб ўтилган залворли тарих бугун ёрқин келажакни ҳам яратмоқда. Уни сарҳисоб қилиш, истиқболли режаларни тузиш келгуси ишларга қанот бўлади. Нуробод тумани марказидаги тантаналар масканида мазкур коннинг 60 йиллигига бағишлаб ўтказилган шодиёнада фидойи ишчи-ходимлар шарафланди, меҳнат фахрийларига эъзоз ва эҳтиром кўрсатилди.

    Тантана аввалида “Навоийуран” ДК Бош директори Жамол Файзуллаевнинг жамоага йўллаган байрам табриги ўқиб эшиттирилди.

    Шунингдек, шодиёнада кўп йиллик фидокорона меҳнати ва ишлаб чиқаришга қўшган муносиб ҳиссаси ҳамда сана муносабати билан бир гуруҳ ходимлар “Корхона фахрийси“ унвони, “Кончилик шуҳрати“ кўкрак нишони ҳамда корхона раҳбарияти ва 6-сон Бирлашган касаба уюшмаси Қўмитасининг фахрий ёрлиқлари ва ташаккурномалари билан тақдирландилар.

    “1993 йилда Тошкент давлат техника университетини тамомлаб, ёш мутахассис сифатида Жанубий кон бошқармасига механик бўлиб ишга келгандим, — дейди “Собирсой” геотехнологик кони бош механиги, “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишони соҳиби Умар Шодиев. — Мана 15 йилдирки “Собирсой” геотехнологик конида бош механик лавозимида ишлаб келмоқдаман. 30 йилдан буён шу соҳанинг ичидаман. Бу вақт давомида кўплаб устозлар қўлида тажриба орттирдим, ҳозирда ўзим ҳам ўнлаб шогирдлар тайёрладим. Мен учун бу кон ҳаётимнинг бир қисми, мазмуни десам ҳеч ҳам муболаға бўлмайди. Боиси, фарзандларим шу Нуробод заминида туғилди, турмуш ўртоғим ҳам конда меҳнат фаолиятини олиб бормоқда. Қисқа қилиб айтганда ҳаётим шу кон билан чамбарчас боғланиб кетган. Мен жамоамдан, корхонамиз раҳбариятидан миннатдорман. Бугун “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишони билан тақдирлашди. Бу менга катта куч-ғайрат беради, юртимиз тараққиёти ва корхонамиз равнақи йўлида янада жидду-жаҳд кўрсатишга бир мотивация бўлади.

    Тадбирда Нуробод тумани ҳокими С.Бердиқулов ҳам йиғилганларни байрам билан қутлаб, жамоага ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти йўлида қилаётган меҳнатлари учун ўзининг миннатдорчилигини билдирди.

    Тантанали маросим “Фарҳод“ ва “Нуробод” маданият саройи ҳамда “Ёшлик“ маданият маркази бадиий жамоалари ва хонандалари томонидан тайёрланган байрам концерти билан давом этди.

    Шодиёна сўнггида ташкил этилган ранг-баранг мушакбозлик барчага бирдек байрам кайфиятини улашди.


    “Навоийуран” ДК ахборот PR хизмати


    Реклама