Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 2 майдаги қарори ижросини таъминлаш мақсадида инвестиция лойиҳаси асосида Томди туманидаги 623 гектар майдонда «НКМК» АЖ ишлаб чиқариш объектлари эҳтиёжлари учун умумий қуввати 500 МW бўлган қуёш фотоэлектр станцияси қурилиши амалга оширилмоқда.
Мазкур қуёш фотоэлектр станцияси қурилиши Бирлашган Араб Амирликларининг “Tepelen group holding limited” компаниясига қарашли “Navoi solar power energy” МЧЖ томонидан олиб борилмоқда, бош пудратчи – Хитойнинг “China energy enginiring corporation” (CEEC) компанияси.
Қурилиш ишлари икки босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда 2025 йилнинг иккинчи чорагида қуввати 220 МW бўлган қуёш фотоэлектр станциясини ишга тушириш режалаштирилган. Иккинчи босқичда эса 2025 йилнинг тўртинчи чораги охиригача қуввати 280 МW бўлган қуёш фотоэлектр станциясини ишга тушириш мўлжалланган. Бу, ўз навбатида, йилига қарийб 1 млрд. кW.ҳ. электр энергияси ишлаб чиқариш имкониятини яратади.
Ушбу қуёш фотоэлектр станциясидан ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг асосий истеъмолчиси комбинат бўлади (Зарафшон-Учқудуқ ҳудудидаги комбинат ишлаб чиқариш қувватлари ҳамда аҳоли уй-жойлари йиллик истеъмолининг 23-24 фоизи). Шу муносабат билан «НКМК» АЖ ва “Navoi solar power energy" МЧЖ ўртасида қурилаётган қуёш фотоэлектр станциясидан белгиланган нархда электр энергиясининг олди-сотди шартномаси тузилди. Мазкур объект “Auminzo-Amantoy” кони ва 5-гидрометаллургия заводига яқин ҳудудда барпо этилиб, комбинат объектларини электр энергияси билан таъминлайди.
Қурилаётган қуёш фотоэлектр станциясидан олинадиган электр энергияси уни етказиш жараёнидаги йўқотишларни сезиларли даражада олдини олиш имконини беради.
«НКМК» АЖ Матбуот хизмати.
Реклама