Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ТИВ 2022 йил 5 июль куни соат 16:20 атрофида чегарага яқин Афғонистон ҳудудидан бешта реактив снаряд Термизнинг «Мажнунтол» маҳалласида қулаганини маълум қилганди. Снарядлар ўшанда портламагани, тўртта ракета бешта уйга зарар етказгани, бешинчиси эса футбол майдонига тушгани айтилганди.
Суд ҳужжатига кўра, 1985 йилда туғилган Сапаров 2013 йилда Қашқадарё вилоятидаги «Жиҳодчилар» экстремистик жамоатига қўшилиб, йиғилишларда «жиҳод» ва «ҳижрат» мавзуларида маърузаларда қатнашган.
2013 йил июнь ойида Сапаров Россиянинг Уфа шаҳрига борган. У ерда қурилиш объектларида ишлаётганида, Уфадаги айни «Жиҳодчилар» ташкилотининг масъул шахси ғоялари таъсирига тушган.
Кейинчалик, у 2013 йил август ойида бошқа шахслар билан биргаликда Озарбайжоннинг Боку шаҳридан Эроннинг Зоҳидон шаҳрига автобусда йўл олади. 2014 йил март ойида эса Зоҳидондан Афғонистон орқали Покистоннинг Вазиристон вилоятидаги Мирали шаҳрига ўтади ва у ерда «Ҳаббоб» тахаллуси билан «Туркистон ислом ҳаракати»га қўшилади. Тергов натижасида унинг тақиқланган экстремистик, сепаратистик ва фундаменталистик ташкилот фаолиятида иштирок этгани аниқланди.
Таъкидланишича, у ерда жанг олиб бориш, қурол ва портловчи қурилмалардан фойдаланиш бўйича амалий кўникмалар эгаллаган. У, шунингдек, «ТИҲ» сафидаги аъзолар билан бирга Афғонистондаги жанговар ҳаракатларда иштирок этган.
Суд ҳужжатларига кўра, у 2016 йилдан эътиборан «Ислом давлати Хуросон вилояти» (ИДХВ) жамоасига қўшилган. Бу ерда янги аъзоларни қабул қилиш, моддий таъминотни йўлга қўйиш, Медиа марказда тарғибот видеоларини тайёрлаш ва тарқатиш билан шуғулланган.
Айниқса, «Хуросон овози» каналининг «Жумадан жумагача» дастурида Сапаровнинг овози орқали Ўзбекистон ҳудудида ҳокимиятни ағдариш, конституцияга қарши ҳаракатлар қилиш каби даъватлар тарқатилгани экспертиза билан исботланган.
2022 йил июнь ойида Сапаров, дастлабки терговда шахси аниқланмаган «Х.Осимий», «Абу Мухаммад Тожикий», «Зубайр» ва бошқа гуруҳ аъзолари томонидан Қобул шаҳрида ҳинд-сикхийлар ибодатхонаси, Россия элчихонаси ва шаҳарнинг бир неча марказий кўчаларида қўпорувчилик ҳаракатлари содир этилган. Бунинг натижасида тинч аҳоли вакиллари орасида қурбонлар бўлган ва мол-мулкларга жиддий талафотлар етказилган.
Шунингдек, Сапаров дастлабки терговда шахси аниқланмаган қуролли гуруҳ аъзолари «Ториқ» ва «Хафизуллох Нурмухаммад ўғли», бошқа бир гуруҳ шахслар билан биргаликда Тожикистон ва Ўзбекистонга ракета снарядлари отилишида иштирок этган.
Жумладан, 2022 йил 5 июль куни соат 17:00 атрофида ушбу шахслар томонидан 107 мм РСЗО (реактивная система залпового огня — ўт очиш реактив тизими) ускунасидан отилган 5 дона 100 мм калибрли қўлбола снарядлари Термиз шаҳридаги вилоят санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси ҳовлисида жойлашган спорт майдончаси ҳамда 4 та хонадонга келиб тушиб, хонадон деворларига шикаст етказган.
2022 йил июль ойида қуролли гуруҳ аъзолари Қобул шаҳрида терактни содир этиш мақсадида ҳаракатланган вақтида «Толибон» ҳаракати томонидан қўлга олинганидан сўнг, Сапаров Эрон орқали Покистоннинг Кветта шаҳрига қочиб, у ерда ХТТ сафида фаолият олиб боришни давом эттирган.
2024 йил 20 сентябрь куни тунда Покистон хавфсизлик кучлари томонидан Сапаров ва унинг шериклари яшаш хонадонларида қўлга олинган ва Кветта шаҳар қамоқхонасига жойлаштирилган. Улар 2025 йил 24 январга қадар қамоқхонада сақланишган. 2025 йил 24 январь куни Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан махсус рейс билан Тошкент шаҳрига олиб келинган.
Сапаров судда ўз айбига қисман иқрор бўлган. У ўз ҳаракатларини оқибатини тўлиқ тушуниб етганини, бундан кейин бу каби жиноятларни содир этмаслигини билдирган. У суддан оилавий шароитини, муқаддам судланмаганини инобатга олиб, нисбатан енгилроқ жазо тайинлашни сўраган.
Судланувчининг сўзларига кўра, у «Хуросон вилояти ислом давлати» тузилмасига кирувчи «Ториқ» лақабли шахс бошчилигидаги гуруҳ таркибида бўлган. Бу гуруҳнинг асосий вазифаси Сапаров яшайдиган жойда қўлбола миналар ва портловчи қурилмалар тайёрлаш, шунингдек, террорчиларни тайёрлаш ва терактлар уюштиришдан иборат бўлган.
Айбланувчининг сўзларига кўра, уларнинг олдига 2022 йил баҳоригача махсус тайёргарликдан ўтган мужоҳидлар келган. Махсус таклиф этилган ИШИД аъзолари улар учун ўқув машғулотларини ўтказган. 2022 йил баҳорида ИШИД амирлари терактлар «фронти»ни кенгайтириш бўйича кўрсатма берган — энди ҳужумлар нафақат Афғонистонда, балки қўшни мамлакатларда ҳам амалга оширилиши режалаштирилган.
Шундай эпизодлардан бири Россия Федерациясининг Кобулдаги элчихонасига уюштирилган ҳужум билан боғлиқ. Судланувчининг кўрсатмасига кўра, «Иброҳим» лақабли Ўзбекистон фуқароси унинг уйида икки кун яшаган. Сапаров уни ва «Ториқ»ни ўз автомобилида Россия элчихонаси ҳудудига олиб борган. Машинада қўлбола миналар ва портловчи қурилмалар бўлган. Шундан сўнг «Иброҳим» элчихона олдида ўзини портлатиб, ҳалок бўлган.
Гуруҳнинг яна бир аъзоси — «Абу Муҳаммад Тожикий» номи билан танилган Тожикистон фуқароси Кобулдаги сикхлар ибодатхонасида портлаш содир этган. Судланувчининг сўзларига кўра, ҳужумдан олдин террорчилар унинг уйи хоналаридан бирида — юзларида ниқоблар ва ИШИД байроғи фонида суратга тушган. Бу суратлар ИШИДга алоқадор Телеграм-каналларда эълон қилинган.
Унинг сўзларига кўра, «Ториқ» бошчилигидаги гуруҳ Кобулнинг марказий кўчаларида ҳам қўпорувчиликлар уюштирган. Миналар ва портловчи қурилмалар унинг яшаш жойида «Ториқ»нинг ўзи, унинг ўгай ўғли «Зубайр» (Қирғизистон фуқароси) ва яна икки нафар пуштун жангарилари томонидан тайёрланган.
Сапаров Ўзбекистон ҳудуди ўққа тутилиши фактлари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, 2022 йил баҳорида ИШИД амирлари буйруғи билан гуруҳ махсус инструкторлар иштирокида Тожикистон ва Ўзбекистон ҳудудига ракета снарядларини учирган. 2022 йил июль ойи бошида «Ториқ» Сапаровнинг уйида сақланган бешта жанговар ракетани «Ҳафизуллоҳ Нурмуҳаммад ўғли» лақабли афғонга топширишни буюрган. Судланувчининг сўзларига кўра, ракеталар Telegram’да эълон қилиш учун суратга олинган, сўнгра Кобул кўчаларидан бирида шахсан ўзи уларни олиб келган. Кейинроқ Сапаров бу снарядлар Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб учирилганини билиб қолган — зарба Термиз шаҳрига берилган.
Уларнинг гуруҳи аъзолари бирин-кетин толиблар қўлига туша бошлагач, Сапаров ташкилотнинг медиа маркази жойлашган Мозори Шарифга яширинган.
Суд ҳукми билан Обид Сапаров Жиноят кодексининг 155-моддаси 3-қисми «б» банди (Оғир оқибатларнинг келиб чиқишига сабаб бўлган терроризм), 155−2-моддаси (Террорчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида ўқувдан ўтиш, чиқиш ёки ҳаракатланиш) 1-қисми, 159-моддаси 3-қисми «б» банди (Уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш), 161-моддаси (Қўпорувчилик), 244−1-моддаси 3-қисми «а, г» бандлари (Олдиндан тил бириктириб ёки бир гуруҳ шахслар томонидан, оммавий ахборот воситаларидан ёхуд телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) ва 244−2-моддаси 1-қисмида (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган.
Унга тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 16 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.









