Чунки мазкур учрашув асносида Ўзбекистон — АҚШ муносабатларида янги саҳифа очилди. Бу нафақат икки давлат ўртасидаги мулоқотнинг янги босқичи, балки стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш йўлидаги муҳим қадам сифатида тарихга кирди. Ўзбекистон ва АҚШ етакчиларининг юзма-юз мулоқоти, том маънода, икки халқ келажагига йўналтирилган, дунё сиёсий майдонида катта аҳамият касб этган воқеа бўлди.
Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеяси сессиясидаги нутқи давомида қатор устувор йўналишларга тўхталди.
Биринчиси, тинчлик ва хавфсизлик масаласи. Президентимиз глобал хавфсизлик муаммолари, янги таҳдид ва чақириқлар шароитида давлатлар ўртасида ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлигини қайд этди. Ўзбекистон ҳар доим тинчликпарвар сиёсатга содиқ экани ва минтақавий барқарорликка ўз ҳиссасини қўшишини таъкидлади.
Иккинчиси, инсон ҳуқуқлари ва демократия. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамиятда адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш масалалари нутқдан алоҳида ўрин олди. Янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар инсон қадрини улуғлаш тамойили асосида амалга оширилаётгани дунё ҳамжамиятига яна бир намойиш қилинди.
Учинчиси, барқарор тараққиёт ва иқлим масалалари. Экологик муаммолар, айниқса, Орол фожиаси ва оқибатлари дунё учун оғриқли масала сифатида кўтарилди. Шу билан бирга, иқлим ўзгаришларига қарши курашда барча давлатлар бирлашиши лозимлиги таъкидланди.
Тўртинчиси, ёшлар ва таълим. Давлатимиз раҳбари ёшлар масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Янги Ўзбекистоннинг асосий бойлиги ёшлар экани, уларнинг салоҳиятини юзага чиқариш, билими ва салоҳиятидан самарали фойдаланиш орқали барқарор тараққиётга эришиш мумкинлиги айтилди. Шу маънода, халқаро ёшлар ҳамкорлигини кучайтириш таклиф этилди.
Бешинчиси, халқаро ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлик. Нутқдаги яна бир муҳим жиҳат — глобал муаммоларни ечишда давлатларнинг ўзаро ҳамкорлиги ва ҳамжиҳатлиги зарурлиги ҳақидаги фикрлардир. Миллий ёки минтақавий манфаатлар эмас, балки бутун инсоният тақдири устувор бўлиши кераклиги таъкидланди.
Президентимиз нутқи инсоният олдида турган долзарб масалаларни ҳал қилишда Ўзбекистоннинг изчил позициясини ва глобал ташаббускорлигини намоён этди.
Ташриф доирасида савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш масалалари юзасидан турли учрашувлар ҳам бўлиб ўтди. Хусусан, Президентимиз АҚШда истиқомат қилаётган ватандошлар, шунингдек, “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатлари билан самимий учрашув ўтказди. Бу мулоқот нафақат маънавий қувват манбаи, балки янги Ўзбекистон — янги имкониятлар мамлакати эканининг амалдаги тасдиғи бўлди.
Суҳбатнинг асосий мақсади ўзи узоқда бўлса-да, юрт тақдирига бефарқ бўлмаган фарзандлар қалбини Ватанга боғлаш, уларни янги тараққиёт жараёнларига фаол жалб этиш эди. Президентимиз ёшларга самимий меҳр ва юксак ишонч билдирди, уларнинг билими ва тажрибаси мамлакатимиз тараққиёти учун жуда зарур эканини таъкидлади.
Учрашувда қайд этилганидек, 500 дан зиёд стипендиатнинг АҚШда таҳсил олаётгани мамлакатимизда илм-фан, таълим ва кадрлар салоҳиятини оширишга қаратилган эътибор самарасидир. Бу авлод эртага Ватан тараққиётининг таянчи ва етакчи кучи бўлиши кутилмоқда.
Шу билан бирга, мулоқот рамзий жиҳатдан ҳам катта аҳамиятга эга. Дунёнинг қайси бурчагида бўлмасин, Ўзбекистон фарзандлари ҳамиша Ватан меҳри ва давлат ғамхўрлиги доирасидан ташқарида эмаслигини кўрсатди.
Президентимизнинг АҚШга ташрифи доирасида ўтказилган учрашувлар нафақат сиёсий ва дипломатик, балки иқтисодий ва инновацион ҳамкорлик масалаларини ҳам янги поғонага олиб чиқди. Суҳбатлар чоғида икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликнинг келгуси йўналишлари белгилаб олинди.
Айниқса, миллий иқтисодиётга АҚШнинг илғор тажрибаси ва замонавий технологияларини жорий қилиш масаласи алоҳида аҳамият касб этди. Хусусан, инвестициявий муҳитни янада очиқ ва рақобатбардош этиш, қўшма лойиҳалар орқали янги иш ўринлари очиш, шунингдек, электрон савдо майдонлари — маркетплейсларни ривожлантириш масалалари муҳокама этилди.
Шу билан бирга, тиббиёт, транспорт ва логистика соҳаларида инновацияларни қўллаш, рақамли ечимларни жорий этиш ҳамда юқори технологияли соҳаларда қўшма дастурларни амалга ошириш икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари сифатида белгиланди. Хусусан, АҚШнинг тиббиёт соҳасидаги илғор тажрибасини Ўзбекистон клиникаларига жорий этиш орқали замонавий диагностика ва даволаш стандартлари кенг қўлланиши кўзда тутилмоқда.
Бу ташаббуслар, аввало, Ўзбекистон иқтисодиётининг глобал бозордаги рақобатбардошлигини кучайтириш, шунингдек, мамлакатимизда янги инновацион муҳитни шакллантиришга хизмат қилади. Шу тариқа АҚШ билан иқтисодий ва инновацион шериклик мамлакатимиз тараққиётининг стратегик устувор йўналишларидан бири сифатида намоён бўлмоқда.
АҚШ билан ҳамкорлик доирасидаги ушбу ташаббуслар олий таълим учун ҳам улкан имкониятлар эшигини очади. Аввало, илғор технологияларни таълим жараёнига жорий қилиш, АКТ ва инновацион педагогика соҳаларида қўшма дастурларни амалга ошириш имконияти пайдо бўлади. Шу орқали Ўзбекистонда педагогика йўналишидаги олий таълим муассасалари талабалари ва профессор-ўқитувчилари халқаро тажрибадан бевосита баҳраманд бўлиши, илм-фан натижаларини иқтисодий амалиёт билан боғлай олиши мумкин.
Президентимизнинг БМТ минбарида сўзлаган нутқини катта қизиқиш билан кузатдик. Чунки унда кўтарилган масалалар — тинчлик ва барқарор тараққиёт, инсон ҳуқуқлари, ёшлар ва таълимга оид ғоялар — айнан университетимиздаги таълим-тарбия ишлари билан чамбарчас боғлиқ.
Ўзбекистон етакчисининг глобал ташаббуслари, айниқса, ёшлар сиёсати ва таълим соҳасига доир фикрлари университетимиз ривожи учун муҳим дастуруламал вазифасини ўтайди. Профессор-ўқитувчилар ва талабалар фаолиятини айнан шу ғоялар асосида йўналтириб, янги авлод педагог ва мураббийларини тарбиялашни мақсад қилган.
Шу билан бирга, нутқда таъкидланган барқарор тараққиёт ва экологияга оид масалалар, жумладан, Оролбўйи муаммосига доир ташаббуслар ҳам университетимизда ўтказилаётган илмий тадқиқотлар ва маънавий-маърифий ишларда муҳим аҳамият касб этмоқда. Чунки келажак авлодга соғлом муҳит, тинч ва фаровон мамлакат қолдириш таълим муассасаларининг ҳам умумий бурчидир.
Президентимизнинг Нью-Йоркка ташрифи, тарихий учрашуви ва мулоқотлари янги Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини янги поғонага кўтарди. БМТ минбарида янграган ташаббуслар, учрашувлар ва ватандошлар билан самимий мулоқот — барчаси янги Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятида муҳим ва муносиб ўрин эгаллаётганини яққол намоён этди.
Мақсуд ЮЛДОШЕВ,
Жиззах давлат педагогика университети ректори, профессор
Ҳамкорлик материали









