Қайд этилишича, биринчи босқичда ушбу йўлак орқали 37, 57 ва 58-сонли автобус йўналишлари ҳаракатланади.
Автобуслар энди йўлнинг ўрта қисмидаги махсус ажратилган йўлакда ҳаракатланади. Йўловчилар автобусга йўл ўртасида жойлашган махсус платформалар орқали чиқиб тушади.
Йўловчилар учун:
- Платформага фақат белгиланган пиёдалар ўтиш жойлари орқали чиқинг, белгиланмаган жойдан ўтиш қатъиян ман этилади.
- Автобусни фақат олд томонидан айланиб ўтинг. Йўловчилар йўлни фақат белгиланган пиёдалар ўтиш жойлари орқали кесиб ўтишлари мумкин.
- Платформада сариқ хавфсизлик чизиғи ортида туринг, автобус тўлиқ тўхтагачгина эшикка яқинлашинг.
- Аввал кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва болали йўловчиларга йўл беринг.
- Бекат атрофида тўхтаб, суратга олиш ёки телефондан фойдаланишда эҳтиёт бўлинг – хавфсизликни унутманг.
Ҳайдовчилар учун:
- Шота Руставели кўчасининг ўрта йўлаги фақат автобуслар ҳаракати учун мўлжалланган.
- Бу йўлакда бошқа транспорт воситаларининг ҳаракатланиши, тўхташи ёки йўлни кесиб ўтиши қатъиян тақиқланади.
- Марказий йўлакда автобусларга устуворлик берилади. Рухсат этилган кесишмаларда автобус ҳаракатига йўл беринг.
- Икки йўналишда ҳам чапга бурилиш ва ортга қайрилиб олиш тақиқланган.
- Чапга бурилиш ёки қайрилиш зарур бўлган ҳайдовчилар белгиланган чорраҳалар орқали ҳаракатланишлари лозим.
Марказий автобус йўлаги — Тошкент транспорт тизимини замонавийлаштириш йўлидаги муҳим қадамдир.
Барча йўл ҳаракати иштирокчиларидан ҳамкорлик, эҳтиёткорлик ва маданиятли ҳаракатланиш сўралади.









