Бу ҳақда Экология вазирлиги маълум қилди. Қайд этилишича, тадбирда мамлакатимиз келажагига бефарқ бўлмаган барча — ўқувчилар, талабалар, давлат ва нодавлат ташкилотлар вакиллари ҳамда 18 ёшдан 70 ёшгача бўлган фуқаролар иштирок этишлари мумкин.
Экочемпионат “Энг кўп дарахт кўчатларини эккан табиат ҳимоячиси” номинацияси бўйича ўтказилади. Тадбир жойларининг манзили ҳар мавсум олдидан вазирликнинг ҳудудий бошқармалари телеграм каналларида эълон қилинади.
Ҳар бир ҳудудда махсус комиссиялар ташкил этилиб, улар баҳор мавсумида 1 мартга қадар, куз мавсумида эса 1 ноябрга қадар чемпионат ўтказиладиган майдонларни белгилайди. Шунингдек, экилдиган дарахт турлари, сони ва экиш тартиби бўйича аниқ кўрсатмалар берилади.
Дарахт экиш тадбирлари соат 08:00 дан 12:00 гача ўтказилади, ғолибларни аниқлаш эса соат 15:00 гача амалга оширилади. Экочемпионат санаси об-ҳаво шароитига қараб ўзгартирилиши мумкин.
Ғолиблар чемпионат якунланган кунда эълон қилиниб, улар 3 миллион сўм пул мукофоти, диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади.
Бу экочемпионат “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ҳамда “2030 йилгача аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепцияси” доирасида ташкил этилмоқда. Ушбу ташаббус нафақат дарахт экиш тадбирларини оммалаштириш, балки аҳолида табиатга масъулиятли муносабатни кучайтиришга хизмат қилади.








