Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятлари чегарасида, М–39 халқаро автомобиль йўлининг 1326-чақириғида жойлашган «Дарбанд» йўл-патруль постидаги тарози гўёки вилоят ҳокимининг қариндошига тегишли экани ҳақидаги хабарлар тарқалди.
Бу борада Сурхондарё вилояти ҳокимлиги қуйидагиларни маълум қилди:
«Дарбанд» постида ўрнатилган «Tenso M VA–20P» русумли юк тарозиси — Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 10 октябрдаги ПҚ–330-сон қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 26 декабрдаги 342-сон қарори асосида фаолият юритувчи Бойсун тумани Йўллардан фойдаланиш корхонаси давлат муассасасига тегишли.
Демак, мазкур тарози хусусий шахсга эмас, балки давлат муассасаси балансида бўлиб, унинг ҳоким қариндошига тегишли экани ҳақидаги маълумотлар асоссиз ва ҳақиқатга тўғри келмайди.
Ҳокимлик таъкидлашича, «Дарбанд» постидаги юк оғирлигини ўлчаш тизими — йўл инфратузилмасини асраш, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва ортиқча юк ташиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида ўрнатилган.
Ҳозирги пайтда вилоят Ички ишлар бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ҳамда Автомобиль йўллари бош бошқармаси томонидан постдаги назорат жараёнлари 24/7 режимида кузатув ва таҳлил остига олинган.
Текширувлар натижасига кўра, айрим юк машиналари назоратдан қочиш мақсадида пост атрофида сунъий тирбандлик келтириб чиқаргани аниқланган. Уларга белгиланган тартибда тарозидан ўтиш таклиф қилинган бўлсада, баъзилари бундан бош тортган.
Шу билан бирга, меъёрий юк билан ҳаракатланаётган транспорт воситалари тарозидан тўсиқсиз ўтмоқда, уларнинг ҳаракатида ҳеч қандай муаммо кузатилмаяпти.
Сурхондарё вилояти ҳокимлиги аҳолини ижтимоий тармоқларда тарқалаётган асоссиз маълумотларга ишонмасликка ва фақат расмий манбаларга таянишга чақиради.









