Ушбу нуфузли тадбир олдидан вакилларимиз илк учрашувни Санкт-Петербург шаҳри губернатори ўринбосари Олег Эргашев билан ўтказди.
Мулоқотда А. Иноятов соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича ўзаро ҳамкорлик алоқалари кейинги йилларда изчил ривожланаётгани, бунда икки давлат раҳбарларининг муносиб ҳиссаси борлигини алоҳида таъкидлади.
Жумладан, ўтган йил 6-9-ноябрь кунлари Санкт-Петербург губернатори А.Бегловнинг Ўзбекистонга сафари давомида эришилган келишувлар ҳам бугун амалиётда ижобий натижаларини бермоқда.
Масалан, ҳозир юртимизда 22 та хорижий университет билан ҳамкорликда тиббиёт кадрлари тайёрланмоқда. Санкт-Петербург давлат педиатрия тиббиёт университети — шулардан бири.
Хусусан, мазкур университет ва Қорақалпоғистон тиббиёт институти ўртасида эришилган келишувга мувофиқ, халқаро қўшма таълим дастури асосида клиник ординатура ташкил этилган. Келгусида Оролбўйи минтақасида икки олий ўқув юртининг қўшма клиникасини очиш режалаштириляпти.
Бундан ташқари, Санкт-Петербург давлат педиатрия тиббиёт университети билан Ўзбекистон Республикаси ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази ўртасида кадрлар тайёрлаш ва мутахассислар малакасини ошириш бўйича ҳамкорлик алоқалари кенгаймоқда.
Тошкент педиатрия тиббиёт институти ва Санкт-Петербург давлат педиатрия тиббиёт университети ўртасидаги келишув асосида 2018 йилдан қўшма таълим дастури асосида талабалар ўқитилаётгани ҳам ижобий натижа. Шу кунларда биргина Санкт-Петербургдаги мазкур нуфузли олий ўқув юртида 300 нафарга яқин ўзбекистонлик талаба таҳсил олмоқда.
Шунингдек, мулоқотда Ўзбекистон Республикаси ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Санкт-Петербург шаҳридаги Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Н.Петров номидаги онкология миллий тадқиқот маркази ўртасида клиник ординатура бўйича қўшма таълим дастурини амалга ошириш масаласи кўриб чиқилди.
Учрашувда тиббиёт соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш ҳамда тор соҳа мутахассисларини тайёрлаш истиқболлари муҳокама этилди.