Чинозлик Ҳилола Аҳророва икки боласи билан турмушидан ажралганидан сўнг йигирма йилга яқин ночор ҳаёти, издан чиққан соғлиғи ва вояга етмаган фарзандлари учун ёрдам сўраб, юқори ташкилотларга қайта-қайта мурожаат қилди. Ўзи ишониб-ишонмай атрофдан мадад ва нажот кутди. Фақат жорий йилнинг май ойи ўрталаридагина тумандаги ижтимоий кўмакка муҳтож ёшларнинг муаммоларини аниқлаш мақсадида ўғил-қизлар билан суҳбат ўтказиб юрган “Бирлик” маҳалласи ёшлар етакчиси Сарвар Мирзаев Ҳилоланинг ўғли Азизбек анча вақтдан бери мактабга бормаётгани, онаси ва акаси билан ҳеч қандай шароити бўлмаган бир хонали уйда яшаб келаётгани, рўзғорга қарашиш учун кунбай ишларда ишлаётганини аниқлайди. Шундан сўнг ўз ваколати доирасида мутасадди раҳбарларга маълумот беради.
Ҳеч қанча вақт ўтмай неча йиллардан буён таъмирланмаган, тўкилай деб турган ҳовлига Чиноз тумани ҳокими бир неча вакиллар билан кириб келади. Оиланинг оғир шароитини кўриб, нега шу вақтгача маҳалла ёки ҳокимликка уй сўраб мурожаат этмагани билан қизиқади. Ҳилола эса кўп йиллардан буён қийналиб, хасталаниб яшагани, аммо ҳеч ким унинг аҳволи, яшаш тарзи билан қизиқмагани, кўмак сўраб борган амалдорларнинг эшиклари юзига қаттиқ ёпилганини йиғлаб, ўкинч билан айтиб беради.
Туман ҳокими: “Опа, сизга янги уй қуриб берилади. Давлатимиз раҳбари бошчилигида ҳар бир фуқаронинг ҳаёти ва соғлиғига жавобгармиз. Энди йиғламанг. Яхшиликка ва яхши одамлар борлигига ишонинг”, дейди ва рўзғорга асқатадиган бир неча керакли жиҳозлар бериб кетади.
Ўша куннинг эртасигаёқ бир неча қурувчи қум ва шағал олиб келиб, улар яшаётган уй ёнидан янги хонадон пойдеворини қуйиб кетишади. Айни вақтда туман ҳокимлиги ташаббуси билан 4 хонали уйнинг қурилиши бошлаб юборилган.
Муаммоларга ечим топилди
Ҳа, сўнгги йилларда юртимизда кўп нарса ўзгарди, уйсиз, ишсиз одамлар уйли ва ишли бўлди. Ечими йўқ муаммоларга ечим топилди. Баъзи мутасадди раҳбарларнинг ёлғон ҳисоботларию маълумотбозлигига чек қўйилди. Бунинг натижасида одамларнинг қалбида ўзига ва келажакка ишонч мустаҳкамланиб бораётир. Аслида бу дунёда ишончсиз яшаш оғир. Чунки ишонч одамларни нафақат бир-бирига, балки яшаётган ҳаётига ҳам умидвор қилиб боғлаб туради, яшашга муҳаббат уйғотади. Агар ўтган йиллар давомида Ҳилола мадад сўраб борган эшиклар унинг юзига ёпилмаганида, ёзган аризалари қабулхоналарда қолиб кетмаганида, лавозимини пеш қилган баъзи амалдорлар шу ожиза аёл билан юракдан суҳбатлашганда эди, бу оиланинг одамларга ва жамиятга бўлган ишончи йўқолмасди. Чунки қийин вазиятдаги кичик бир туртки ҳам инсон ҳаётини ўзгартириб юбориши мумкин. Минг афсуски, бу оиланинг аҳволи ўша даврда ҳеч кимни қизиқтирмади...
“Э, ҳаётда бундайлар камми”, дейишингиз мумкин...
Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати берган хабар асосида ижодий жамоамиз билан қурилаётган янги уйни кўриш ва хонадон эгалари қувончига шерик бўлиш учун Чиноз томон йўл олдик. Шундоққина йўл ёқасида, деворлари кўчиб кетган, жуда хароба аҳволда қийшайибгина турган дарвозасиз ҳовлига кириб борар эканмиз, бу ерда кимдир яшашига, тўғриси, ишонмадик. Ёшлар етакчиси Сарвар ва оқсоқланибгина қаршимизга чиққан хонадон соҳибаси Ҳилола майин табассум билан бизни қарши олди. Аёл билан суҳбатлашар эканмиз, яшашга шароити, безашга бисоти, фойдаланишга бирор жиҳози бўлмаган бу оилада сабр-қаноат ва шукроналик ришталари нечоғли мустаҳкам эканига қойил қолдик.
Негаки, сувоқлари учиб кетган, ғарибгина уйда одамлар орасида йўқолиб кетаётган оқибатни, аёл матонатини, фарзандлик бурчининг чексиз ва беғараз кучини кўргандай бўлдик. Ҳилола ва икки ўғли ҳаёт синовлари олдида қанчалик эзилиб қийналмасин, борига ҳам, йўғига ҳам шукр қилиб яшаган. Бу сўзларимизни ўқиб, “Э, ҳаётда бундайлар камми”, дея энсангиз қотиши мумкин.
Лекин келинлик остонасига бир қучоқ орзулар билан қадам қўйган бу аёлнинг ва фарзандларининг бошидан ўтказган кечинмалари тўкин ҳаётдан доимо нолиб юрадиган баъзилар учун ибрат бўла олади. Ёки оиладаги баъзи майда-чуйда гаплар, қайнонанинг бир-икки оғиз дашноми ва эрининг билиб-билмай туширган тарсакиси учун ажралишга шайланаётган келинларга ҳам сабоқ бўлса, не ажаб. Ёхуд қайноналик мақомини фарзандининг бахтидан устун қўйиб, келинига паст назар билан қараётган, неваралари ҳам кўзига кўринмай, “ўғлимни ажратиб олиб, 18 ёшлисига уйлантираман”, дея керилаётган замонавий қайноналар Ҳилоланинг сабрию садоқатини, онасини боқаман деб болалигидан кечиб катта бўлаётган фарзандларнинг сўзларини бир эшитсалар эди. Балки бу омонат ва ғанимат умрнинг қадрига бироз етган бўлармиди.
“Нима бўлганда ҳам фарзандимнинг отаси”
20 ёшида турмушга чиққан Ҳилоланинг орзулари йил ҳам ўтмай саробга айланди. “Тоғни урса талқон қилади”, дея мақталган куёвнинг қилиқлари ойлар ўтиб ошиб бораверди. Аёлига паст назар билан қараб, ичиб келиб жанжал қилса ҳам, дўппослаб, уриб, “эркак киши кўчанинг одами”, дея хўрласа ҳам ориятни ҳар нарсадан устун билган ёшгина келин жимгина яшайверди. Ўтирса ўпоқ, юрса сўпоқ дея сабабсиз айбланадиган келиннинг бахтига, яхшиямки, қайнонаси меҳрибон эди. Ўғлига қарата, “Жоним болам, тўғри юр, бахтингни қўлдан бой берма, ахир ота бўлдинг”, дея жавраган сўзлари ҳам беҳуда кетди. Енгил яшашни, бели оғримай пул топишни касб қилган эр биринчи фарзанди туғилганидаёқ бир қизни бадном қилгани учун қамалиб кетади. Ҳаёт ситамларини синов деб билган Ҳилола ич-ичидан ўкинса-да, бошга тушганини кўз кўради, дея ҳаётининг мазмунига айланган ўғилчаси Ойбек билан овуниб, уй ва дала юмушлари билан банд бўлиб, йилларни ёлғизликда ўтказади. “Нима бўлганда ҳам фарзандимнинг отаси, одам хато қилади, адашади-ку”, деган фикрлар билан ўзини чалғитиб, эрини кутиб яшади. Бу орада ўғли мактабга чиқди. Фалокат оёқ остида деганларидек, минг бир хаёл билан шошиб, паришон юрган кезларида сирпаниб кетди-ю, 12 ёшида бахтсиз ҳодиса туфайли синган оёғи яна айнан ўша жойидан синади. Жароҳат оғир эди. Дўхтирлар майдаланиб кетган оёқ суякларини мустаҳкамлаш учун жарроҳлик усулини қўллашди. Ҳилоладан бошқа яна 3 та жўжабирдай фарзандини оёққа турғизаётган ота-онаси ўзлари яшаб турган ҳовлининг ярмини қизининг операцияси учун мажбурликдан арзон-гаровга сотиб юборди.
Жиноят жазосиз қолмади
Ҳилола шифокорлар ва яқинлари кўмаги билан аста-секин оёққа туради. Бу орада эри қамоқдан чиқади. Яралар битиб, ҳаммаси изига тушаётгандай эди гўё. Орадан йил ўтиб хонадонда иккинчи ўғил фарзанд туғилди, унга Азизбек деб исм қўйишади. Аммо ҳеч қанча вақт ўтмай, қинғир қилмишлари сабаб жажжи Азизбекнинг отаси яна қамалади. Бу сафар амнистия туфайли оиласи бағрига қайтади. Қайтади-ю, топар тутаридан файзу барака, оиласидан хотиржамлик йўқолгандай бўлади. Эрининг жиноятлари боис, давлат қўйган қарзни тўлаш, рўзғор ғорини тўлдириш Ҳилоланинг ҳам зиммасига тушади. Пешонам шу экан, дея мактабда фаррош, далада хизматчи, одамларнинг уйида дуч келган ишларни қилиб юришга мажбур бўлган аёлнинг кўнглида ҳаловати бўлмаса ҳам уни сақлаб қолиш, фарзандларини тирик етим қилмаслик учун эрига ортиқча бир сўз демасликка уринади. Қисматнинг бешафқатлигини, пешонасининг шўрлигини баҳона қилган эр хотинини бўлар-бўлмасга уриб, калтакласа ҳам, мастлигида билиб-билмай пичоқ санчиб яраласа ҳам болаларим етим бўлмасин, отасиз ўсмасин, дея тишини тишига қўйиб яшайверади. Барига сабр қилади. Балки аёлларнинг жони қирқта бўлади, деган ақидага унинг ҳаёти мисолдир. Андишани қўрқув, ориятни итоаткорлик деб тушинган эр ҳеч қанча вақт ўтмай бошқа аёлни никоҳига олади. Қизининг аянчли тақдиридан қадди дол бўлган ота-онаси бу сафар чидай олишмади. “Болам, ҳаётинг ҳаёт бўлмади, фарзандларингни ҳам адо қиляпсан”, дея уларни ўз ҳовлисига олиб келади. Қанчалик қийин бўлмасин, фарзандининг куёви билан яхши яшаб кетишига кўзи етмай, қизи ва невараларининг тақдиридан хавотир олиб, ўзлари яшаётган уч хонали уйнинг бир хонасини ажратиб беради. Хотинни гаҳ деса қўлга қўндираман, деган эрга бу оғир ботди. Нима қилсам ҳам индамай яшайверади, деган худбин хаёл балки унинг миясини эгаллаб олгани учун ҳам оиласини аямагандир. Ҳилола унга ортиқ бундай ҳаётга чидай олмаслигини, ташвишлару азоблар, сабабсиз калтаклару таҳқирлашлардан безиб, тўйиб кетганини очиқ айтади. Шунда эр ўткир кесувчи жисм билан хотинининг томоғига тиғ тортади. Шовқинни эшитган ота-онаси ва яқинлари келиб, уни қутқариб қолишади. Бу хўрликка чидай олмаган отаси инсульт, онаси эса инфарктни бошдан ўтказди. Албатта, жиноят жазосиз қолмади. Лекин озорлар ва азобларнинг изи йиллар ўтса ҳамки битмади, битмаса ҳам керак...
Болалиги бой берилган болалар
— Сўнгги йилларда ҳеч қаерга бормай, бирор идорадан кўмак ҳам сўрамай қўйдим. Борига шукр қилиб яшайвердим. Президент уй беради, камбағалликдан чиқаради, ёшларни ўқитади, дея қулоғимга чалинган гапларнинг биттасига ҳам ишонмадим, — дейди Ҳилола биз билан суҳбатда. — Токи, уйимизга маҳалланинг ёшлар етакчиси Сарвар келиб, бугунги кун ислоҳотларини жон куйдириб тушунтирмагунича. Чунки ейишга бир бурда нонимиз қолмаганида, болаларим жуда ёш, уларга ҳатто кийим-кечак ҳам олиб бера олмаяпман, илтимос, ёрдам беринг, деганимда мени ҳеч ким эшитмади. Нима каминг бор, қандай дардинг бор, нима ёрдам берайлик, сен ҳам аёлсан, онасан, дейдиган битта мард раҳбар топилмади. Аксинча, йўқчилик болаларимнинг болалигини ҳам ўғирлади. Оёғим жароҳат олиб, юра олмай қолган вақтларимда рўзғорнинг бор оғирлиги суяги қотмаган икки ўғлим зиммасига тушди. Улар ўқишни йиғиштириб қўйиб, пул топиш, рўзғор қилиш ва дори-дармонларимни олиш учун бировларнинг эшигида сарғайиб ишлаб юришди. Сарвар келиб кетганидан сўнг туман ҳокими ва бир қанча катталар ҳолимиздан хабар олишга келиб, қўлимиз калталик қилиб, сотиб олишга имконимиз бўлмаган уй-рўзғор жиҳозларини кўмак сифатида бериб кетишганида қувонганимдан ўпкам тўлиб роса йиғладим. Шунда ҳоким менга янги уй қуриб берилишини айтиб, “энди йиғламанг, яхшиликка, яхши одамлар борлигига ишонинг”, деди. Мен ҳеч нарса дея олмадим. Лабларим раҳмат деб пичирлади-ю, кўз ёшларим юзларимни юваверди.
Ҳилоланинг бошидан кечирган, ғамгин ҳаётий ҳикоясини тинглар эканмиз, давалтимиз раҳбарининг “Ўзбекистонда бирорта ҳам аёл давлат ва жамиятнинг эътиборидан четда қолмайди”, деган сўзларининг исботини шу хокисор аёл ҳаёти мисолида кўргандай бўлдик.
Деярли икки йил мактабга бора олмадим
Кенжа ўғил Азизбекнинг мунгли кўзларига боқар эканмиз, негадир йилларнинг залворли ва бешафқат зарбалари бу ёшгина йигит бўйнига турмуш ташвишларини жуда ҳам эрта илиб, эрта улғайтириб қўйгандек туюлди.
— Кўчаларда болалар билан копток тепиб, футбол ўйнаш, велосипед миниб юриш менга ушалмас орзу бўлган. Деярли икки йил мактабга ҳам бора олмадим. Ўқишни жуда ҳам хоҳлаганман, лекин рўзғорга қарашиб, пул топишим, касалманд онамга ёрдам беришим керак эди. Тенгдошларим кўча чангитиб югуриб юрганини кўрганимда хўрлигим келарди. Бошқа болалар сингари уйда кўриб ўтиришга ҳатто телевизоримиз ҳам бўлмагани жуда алам қиларди. Энди эса телевизор, телефон ва ҳатто велосипедим ҳам бор. Ҳаётимга мазмун, ушалмас орзуларимга қанот берган, ярим кўнглимни бут қилаётган одамларнинг барчасидан миннатдорман!
“Сизлар менга кўмакчи ва елкадошсиз”
— Ҳилола опа билан учрашганимда гапларимни ишончсизлик билан эшитди. Давлат томонидан бериладиган кўмаклар ҳақида гапирганимда эса пулинг бўлмаса, ким уй қуриб беради, ҳаммаси қоғозда, амалда ҳеч вақо йўқ, деган гапларни айтди, — дейди маҳалладаги ёшлар етакчиси Сарварбек Мирзаев. — Мен эса Президентимизнинг биз ёшлар билан учрашгандаги: “Сизлар менга кўмакчи ва елкадошсиз. Мен сизларни ютуғимизни ҳам, камчилигимизни ҳам халқимизга адолатли етказаётган куч деб биламан. Сизлардан бир нарсани илтимос қилмоқчиман: изланишдан эринманглар. Адолатни халққа етказишдан қўрқманглар. Нимага десангиз, ортингизда Президент турибди. У замонлар ўтиб кетди. Фақат адолат, адолат ва ҳақиқат. Қанча кўп ҳақиқатни етказа олсак, шунча кўп манфаат бўлади”, деган сўзларини фаолиятимга шиор қилиб олганим учун ишимни виждонан бажаришга ҳаракат қилдим. Натижасини, мана, ўзингиз кўриб турибсиз.
Дарҳақиқат, Сарвар каби шижоатли ёшлар бугун Ҳилола каби ёлғиз, ногирон аёллар ва ёшларнинг ҳаётига ёруғлик ва ишонч олиб киришга сабаб бўлишмоқда.
Давлатимиз раҳбари айтганидек, “Одамлар эртага ёки келажакда эмас, бугун яхши яшашни истайди”. Ҳилола каби қалби яраланган оналар, болалиги болдай ўтмаган фарзандларга бу ҳаётбахш сўзлар мислсиз куч ва умид беради.
Гуличеҳра ДУРДИЕВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири