«Тошкент-Фарғона» йўналишида ҳаракатланаётган Қўқон шаҳрида яшовчи, 1997 y.t. фуқаро бошқарувидаги «Ласетти» русумли автомашина Оҳангарон шаҳри ҳудудида тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг салон қисмида 4 кг. 986 гр. «гашиш» моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Шунингдек, мазкур транспорт воситасининг ортидан «Малибу» русумли автомашинада кузатиб келаётган унинг 1987 y.t., муқаддам судланган акаси ҳам ушланди.
Аниқланишича, улар Тошкент вилоятининг Пискент тумани ҳудудига келтириб бериш шарти билан тожикистонлик наркосавдогардан 30 минг АҚШ доллари эвазига сотиб олинган ушбу гиёҳвандлик воситасини келгусида Қўқон шаҳрида қайта сотиб, мўмай даромад топишни режалаштиришган.
Фарғона шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда Фарғона туманида яшовчи, 1972 y.t., муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган шахс тўхтатилиб кўздан кечирилганда, унинг ёнида бўлган ўйинчоқ қути ичида 987 гр. «гашиш» моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
У мазкур ажал оғусини Марғилон шаҳрида яшовчи, 1984 y.t. фуқародан олганлиги аниқланиб, ушбу шахс ҳам процессуал тартибда ушланди ҳамда унга тегишли «Кобальт» русумли автомашина салонидан 941 гр. «опий» ва 1 кг. 980 гр. «гашиш» моддалари олинди.
Терговга қадар текширув давомида, ушбу гиёҳвандлик воситалари муқаддам Тожикистон Республикаси фуқароси томонидан контрабанда йўли билан олиб келинганлиги маълум бўлди.
Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида кузатилган ҳолатда эса, Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманида яшовчи, 1981 y.t. фуқаро Тожикистон Республикасидан келтирилган 501 гр. «опий» ва 459 гр. «гашиш» моддаларини 7800 АҚШ долларига сотишга келишиб, олдиндан 3 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманида ўтказилган тезкор тадбирда, Яшнобод туманида яшовчи, 1982 y.t., муқаддам гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жинояти учун судланган шахс тўхтатилиб текширилганда, унга тегишли иш қуроллари учун мўлжалланган чемоданда 297 гр. «гашиш» ва 9 гр. «опий» моддалари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.