Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Маданий мерос агентлиги ахборот хизмати раҳбари Моҳинур Имомова маълум қилди.
Таъкидланишича, мамлакатимизда ҳозирги кунга қадар 8 минг 210 та моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объекти давлат муҳофазасига олинган бўлиб, шундан 4 минг 788 таси археология, 2 минг 265 таси архитектура объектлари, 625 таси монументал санъат асарлари, 530 таси диққатга сазовор жойлар ҳисобланади. Аммо бу рўйхат шу билан чекланади дегани эмас, Маданий мерос агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан республика бўйлаб ўрганиш ишлари олиб борилмоқда ва “Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхати”га ўзгартириш киритиш бўйича таклифлар тайёрланмокда.
Туризм ва маданий мерос вазирлиги хузуридаги Маданий мерос агентлиги Прокуратура идоралари билан биргаликда ўтказилган текширишда республика бўйича 108 та маданий мерос объектида 146 та ноқонуний қурилма қурилганлиги аниқланди. Уларнинг сони Сурхондарёда 42 та, Самарқандда 23, Тошкент шаҳрида 17, Бухоро ва Хоразмда 13 тадан, Тошкентда 12, Андижонда 6, Наманган ва Қашқадарёда 5 тадан, Жиззахда 4, Фарғонада 3, Навоий, Сирдарё ва Қорақалпоғистонда 1 тадан.
Ўрганишлар натижасида қуйидаги ишлар амалга оширилди:
- Маданий мерос объектлари ҳудудида қурилган 7 та ноқонуний қурилманинг бузилиши таъминланди.
- Маданий мероснинг 71 та объектида қурилган 76 та ноқонуний қурилмани буздириш юзасидан ёзма кўрсатма берилди.
- Маданий мерос объектидаги 63 та ноқонуний қурилмаларни буздириш юзасидан судларга даъво аризалари киритилди.
- Маданий мерос объектида ноқонуний қурилма (бино) қурган 26 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилди.
Хусусан, Хўжайли туманидаги 2400 йиллик тарихга эга “Миздакхон мажмуаси” ҳудудида жойлашган Ҳалифа Ражаб (Ережйеп) мақбараси тарихий ёдгорлиги ҳудудида ноқонуний қурилма қурилгани ҳолати юзасидан жавобгар фуқаролар маъмурий жавобгарликка тортилди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 198−5-модда билан тўлдирилди. Унга кўра, Маданий мерос бўйича агентлик ва унинг ҳудудий бошқармалари кўрсатмаларига риоя қилмаслик фуқароларга БҲМнинг 1 бараваридан 3 бараваригача (810 минг сўм), мансабдор шахсларга эса 3 бараваридан 5 бараваригача (1млн 350 минг сўм) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин ҳам бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, фуқароларга БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 5 бараваридан 7 бараваригача (1 млн 890 минг сўм) миқдорида жарима солинади.
Бундан ташқари, Маданий мерос агентлиги нафақат маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш қоидаларини бузган, балки агентлик кўрсатмаларини бажармаган шахсларга нисбатан ҳам мустақил равишда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиш ҳуқуқига эга бўлди.
Янги қонунда давлат муҳофазасига олинган моддий маданий мерос объектларини йўқ қилиш ёки шикаст етказганлик учун жиноий жазо ҳам кучайтирилди.
Унга кўра, юқоридаги ҳолат такроран ёки хавфли рецидивист, қолаверса, бир ёки бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб (илгари фақат катта зарар етказган ҳолда) содир этилган бўлса, эндиликда Энг кам ойлик иш ҳақининг 300 бараваридан 500 бараваригача миқдорда жарима ё 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ё 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади (илгари — 300 дан 500 бараваргача миқдорда жарима ёки 360 дан 480 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш).
Маданий мерос объектларида ташқи реклама жойлаштириш “Реклама тўғрисида”ги Қонунга асосан қатъий тақиқланиб, ушбу объектлар ва уларнинг ёндош ҳудудлари рекламадан холи ҳудуд этиб белгиланган.
Бироқ, жойларда мазкур қонун талабини қўпол равишда бузиш ҳолатлари кузатилмоқда. 5 та қадимий шаҳарда жойлашган 1000 дан ортиқ маданий мерос объектида реклама ва ахборот кўрсатгичлари ўрнатилиши қонунийлиги ўрганилди.
Самарқанд шаҳрида 410 та, Тошкент шаҳрида 290 та, Бухоро шаҳрида 280 та, Урганч ва Хива шаҳрида 132 та объект ўрганилди.
Унда қонунчилик талабларига зид равишда 72 та объектларга 121 та реклама ўрнатилгани аниқланган.
Жумладан, Бухорода 27 та маданий мерос объектида 50 та, Самарқандда 25 та объектда 45 та, Тошкент шаҳрида 18 та объектда 24 та, Хивада 2 та объектда 2 та реклама баннери ўрнатилган.
Ўрганишлар давомида 53 та объектда ноқонуний ўрнатилган 99 та реклама баннерлари олиб ташланиши таъминланиб, маданий мерос объектлари кўриниши асл ҳолатига қайтарилди.
Шунингдек, 19 та объектда ноқонуний ўрнатилган 22 та реклама баннерини олиб ташлаш юзасидан мутасадди шахсларга ёзма кўрсатмалар берилди.
Қайд этилган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш ҳамда келгусида бу каби қонун бузилишининг олдини олиш мақсадида Маданий мерос агентлиги томонидан маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликдамоддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини тўлиқ хатловдан ўтказиш, хатлов натижасига кўра, ноқонуний қурилмалар ва бино – иншоотларни буздириш юзасидан судларга даъво аризаларини киритиш, ноқонуний қурилмалар ва бино - иншоотлар барпо этган шахсларнинг жавобгарлик масаласини ҳал этиш буйича тизимли ишлар олиб борилмокда.
Умуман олганда, юртимиздаги 8 мингдан ортиқ маданий мерос объектларидан самарали фойдаланиш бўйича давлат дастури лойихаси ишлаб чикилган. Ишчи гуруҳ ташкил қилиб, ҳудудлардаги маданий мерос обектларининг ҳолати ўрганилди ва маданий мерос объектларини уч тоифа (авария, таъмирталаб ва қониқарли ҳолат)га ажратиб, рўйхати шакллантирилди.









