Шаҳрисабз ва Қарши шаҳрида Мажбурий ижро бюроси Қашқадарё вилоят бошқармаси органлари иш юритувдаги ҳужжатлар ижроси бўйича тамаки, дори-дармон, парфюмерия, алкагол ва уларни тайёрлаш ускуналарини оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида йўқ қилиш тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоят Фавқулотда вазиятлар, экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш, Санитария эпидемиологик ва жамоат саломатлиги бошқармаси ва бошқа ҳамкор ташкилот вакиллари ҳам иштирок этди.
Ўтказилган тадбирлар натижасида 36 турдаги қиймати 100 млн сўмдан ортиқ сақлаш муддати ўтган ва қалбакилаштирилган дори воситалари, 393 қути пиротехника воситалари, 3 767 қути тамаки маҳсулотлари ва парфюмерия воситалари ҳамда салкам 500 млн сўмлик қўлбола усулда тайёрланган 20 мингдан зиёд алкагол маҳсулотлари ва уларни тайёрлаш ускуналари тегишли тартибда йўқ қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 15.07.2009 йилдаги “Давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулкни олиб қўйиш, сотиш ёки йўқ қилиб ташлаш тартиби тўғрисида”ги 200-сон қарорига мувофиқ, мамлакат ҳудудига айланма йўллар орқали кириб келган ноқонуний, тегишли ҳужжати ва рухсати бўлмаган, аксиз маркасиз, сифатсиз, қалбаки ва сақлаш муддати ўтган товар-моддий бойликларини мажбурий тарзда йўқ қилиб ташланиши белгиланган.
Мазкур тадбир эса ушбу Қарор ижросини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Тадбир давомида маҳсулотлари махсус техникалар кўмагида янчилди, ёқилди, сувга бўктирилди ва якунда бутунлай яроқсиз ҳолга келгач, кўмиб юборилди.