Президент фармонига мувофиқ, 2026 йил 1 январдан бошлаб, давлат хизматига биринчи марта қабул қилинган давлат хизматчилари мажбурий «Давлат хизматига кириш» махсус курсларини ва кейинчалик ҳар уч йилда камида бир маротаба малака ошириш курсларини ўтайди ҳамда мазкур курсларнинг якунлари бўйича уларнинг назарий билим ва кўникмалари диагностикадан ўтказилади;
- диагностикада давлат хизматчиларининг тегишли соҳа ва тармоқ бўйича билим даражаси, ҳужжатларни тузиш ва давлат тилида иш юритиш кўникмалари, таҳлилий, раҳбарлик ва коммуникативлик малакалари, компьютер саводхонлиги, қонунчиликдаги янгиликларни, Ўзбекистон тарихи ва хорижий тилларни ўзлаштирганлиги, умумий эрудицияси, психологик диагнози ва интеллектуаллик коэффициенти (ИҚ) каби кўрсаткичлари баҳоланади;
- диагностика ва фаолият самарадорлиги (КПИ) натижалари Ходимларнинг касбий компетенциялари ривожланишини узлуксиз онлайн мониторинг қилиш тизимида йиғилади ва таҳлил қилинади;
- Мониторинг тизими таҳлили натижаларига кўра, ходимнинг мавжуд билим ва кўникмаларини касбий ривожлантириш харитаси – портфолиоси яратилади;
- касбий ривожлантириш харитаси асосида давлат хизматчиси ривожлантириши лозим бўлган «юмшоқ» ва «қаттиқ» кўникмалари бўйича мажбурий малака ошириш, шу жумладан, мустақил таълим олиш дастурини ўтайди;
- вазирлик ва идоралар томонидан ходимларни хорижда ўқитиш, тайёрлаш, малакасини ошириш ҳамда стажировкасини ташкил этиш, шу жумладан, грантлар ёки донорлар маблағлари ҳисобига амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида давлат хизматчиларини ўқитиш, тайёрлаш, малакасини ошириш ҳамда стажировкаси билан боғлиқ тадбирлар мажбурий тартибда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги билан келишилгандан сўнг амалга оширилади.