40 та ташаббус 20 кунда тайёр лойиҳага айланади

    Юртимизнинг турли ҳудудларида ёшларнинг гоҳ робот, гоҳ бирор техника турини ясагани, унинг ёрқин келажаги ҳақидаги илиқ фикрларни тез-тез эшитамиз. Ихтирочиларнинг катта умидлар билан қилган янгилиги кўп ҳолларда тақдимотларда, оммавий ахборот воситаларидаги чиқишларда қолиб кетади.

    Яъни молиявий ёки бошқа сабаблар билан лойиҳа ёки ғоя ҳаётга татбиқ этилмайди.

    Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази ҳамда Ёшлар академияси ҳамкорлигида ўтказилаётган “Technoways” технологик ривожланиш марафони ҳам айнан шундай ишланмаларни юзага чиқариш, бу борада ёшларга йўл-йўриқ кўрсатиб, тавсиялар беришга қаратилган. Пойтахтда очилган марафоннинг иккинчи мавсумига параллел равишда Андижон, Сирдарё ва Тошкент вилоятида ҳам старт берилди.

    Унда 20 кун давомида келажак касблари бўлган робототехника, 3D прототиплаштириш, биотехнология бўйича марказга тегишли бўлган 6 та лабораториянинг техник имкониятларидан фойдаланиб, мутахассислар томонидан иштирокчиларга билим ҳамда кўникмалар онлайн ва амалий тарзда берилади.

    — Марафоннинг биринчи мавсумида 11 нафар ёшнинг лойиҳалари устида ишланди, шундан 6 таси молиялаштирилиб, қолганлари ҳам ҳаётга татбиқ этилиш арафасида, — деди Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази директори ўринбосари Акбархон Собирхонов. — Иккинчи мавсумга республика бўйича 500 нафардан ортиқ иштирокчи 100 дан ошиқ лойиҳалари билан рўйхат ўтди. Шундан 40 таси танлаб олинди. Белгиланган 20 кун давомида мутахассислар кўмагида улар тайёр лойиҳага айланади, энг яхшилари 30 миллион сўм миқдордагача молиялаштирилади. Финал босқичида ушбу лойиҳалар экспертлар ва инвесторларга тақдим этилади. Ёшларнинг ўз лойиҳаларини амалга оширолмаслигининг асосий сабаби, бозорни чуқур ўрганмаслик ва чет эл тажрибасидан хабардор бўлмасликдир. У йўлга қўймоқчи бўлган лойиҳа иқтисодиётга қандай фойда олиб келади? Ҳақиқатан ҳам аҳолида унга эҳтиёж борми? Шу каби саволларга аниқ жавоб топиб, инвесторни ишонтириши керак. Бунинг учун ғоя муаллифининг ўзи маҳсулотининг қанчалик зарурлигини аниқлаб олиши лозим. Шундан келиб чиқиб, марафон давомида ёшларга молиявий ва бизнес билимлар билан бирга таҳлил ва маркетинг ҳам ўргатилади.

    Ўз бизнесини йўлга қўйиш истагида бўлган ёшларнинг ғоя ва ишланмаларини бизнесга айлантиришга, ихтироларни молиялаштиришга кўмаклашувчи марафон 10 декабргача давом этади.

    Соҳиба МУЛЛАЕВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates