Жомбой туманининг «Саричашма» қишлоғида яшовчи Суслов Валентин Павлович 46 йилдан буён ҳеч қандай ҳужжатсиз яшаб келган. Чунки оиладаги турли сабаблар боис, у вақтида туғилганлик гувоҳномаси ололмаган. Шу тариқа унга шу пайтга қадар шахсини тасдиқловчи паспорт олишга ҳам имкон бўлмаган.
Жомбой туман ФҲДЁ бўлими томонидан суд қарори асосида ушбу фуқарога амалий ёрдам кўрсатилиб, 46 йиллик муаммо бартараф этилди. Унинг туғилганлиги тикланди. Туғилганлик гувоҳномаси унга туман ФҲДЁ бўлими ходимлари томонидан хонадонига ташриф буюрган ҳолда, сайёр тартибда топширилди.
Энди Суслов Валентин Павлович ФҲДЁ бўлимининг мана шундай кўмагидан сўнг паспорт олиш ниятида. Дарҳақиқат, ташриф давомида оиланинг бугунгача фуқаролик никоҳи асосида яшаб келаётганлиги аниқланди. Тез орада мазкур масала ҳам ҳал қилиниб, эр-хотин қонуний никоҳдан ўтказилади.