Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари учун кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2021 йил 8 январдаги 3-сонли Қарори асосида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини юқори малакали мутахассислар билан тўлдириш, ушбу соҳанинг жойларда олий маълумотли кадрларга бўлган эҳтиёжини қондириш ва уларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларига тавсияномалар бериш белгиланган тартибда, қуйидаги мезонлар асосида амалга оширилди:
- эгаллаб турган (МФЙдаги) лавозимида сўнгги бир йил давомида фаолият юритаётганлиги;
- маҳалла тизимида камида уч йиллик иш стажига эга бўлганлиги;
- фаолият юритаётган фуқаролар йиғини рейтинг кўрсаткичи бўйича “намунали” деб топилганлиги;
- вилоят, туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармалари, бўлимлари томонидан ижобий тавсифланганлиги;
- халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашлари томонидан иш фаолияти ижобий деб баҳоланганлиги;
- интизомий жазо чораси қўлланилмаганлиги.
Хусусан, тавсиянома олиш учун 1219 та аризалар келиб тушган бўлиб, Вазирликда тузилган ишчи гуруҳ томонидан уларнинг ҳужжатлари ўрганилди.
716 та номзодларнинг ҳужжатлари тегишли мезонларга тўғри келмагани учун тавсиянома бериш рад этилди.
Хусусан, 569 нафар номзодларнинг фаолият юритаётган маҳалла фуқаролар йиғини рейтинги намунали эмас, 105 нафар номзодларнинг маҳалла тизимида иш стажи етарли эмас, деб топилди. 6 нафар номзодларнинг эгаллаб турган лавозимига 1 йил тўлмаган, 36 нафарининг турли сабабларга кўра (номзоднинг тегишли ҳужжатлари тўлиқ этилмаган, фуқаролар йиғини рейтинг кўрсаткичи мавжуд эмас) қайтарилди.
Жами 503 нафар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларига тавсияномалар берилди, деб хабар беради Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги матбуот хизмати.









