Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабарига кўра, Ўзбекистонга коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика Махсус комиссиясининг навбатдаги йиғилишида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида, қатор мутасаддилардан иборат ишчи гуруҳ пойтахтимиз туманларига чиқиб, ҳудудлардаги ҳолатни ўрганди.
Хусусан, ишчи гуруҳ аъзолари шаҳримиздаги бозорлар, супермаркетлар, савдо-кўнгилочар марказлари ва бошқа савдо масканларига ташриф буюриб, сотувчилар, харидорлар, маъмурий ходимлар томонидан карантин қоидаларига риоя қилиниши, маъмурият ва эпидемиологик осойишталик хизматларининг карантин талабларига риоя қилинишини назорат қилиш бўйича амалга оширилган ишлар билан танишди.