Менинг назаримда, атоқли шоир Абдулла Орипов ижодий феноменининг бутун сир-синоати инсон мавжудлигини ва ҳаёт абадийлигини ҳимоя қилиш ва инкор этишдадир.
Шоир шеърияти самовий лаззат, илоҳий сурур, дардчил туғёнли ҳислар алангаси, фалсафий поэтик идрок этиш қуввати, донишмандлик заковати, янгича тафаккур қудрати, миллий оҳангларнинг кўп овозли йиғмаси, ўткир ижтимоий қарашлар силсиласи билан шундай омухтаки, худди қуёш нурлари юзлаб рангларни ўзида жамлагандек чексиз оҳанрабога бойдир.
Ранглар найкамалаги, оҳанглар симфонияси бир чизиқда жонланади, сўз мувозанатига халал бермайди, қалбимизга имо-ишораларга бой инжа куйдек қуйилади, онг ости сезгимизни жунбушга келтиради. Кўнгил майиллари қонимизда жўшқинликка вобаста бўлиб, ойдин таассуротлар уйғотади. Гўзаллик қонуни одатда адабиётда кашф этилади.
Ўтган асрнинг 60-йилларида давр нафасидан димиққан адабиёт фалажланган хотиралар қўйнида ўз қиёфасини йўқотган, инсондан кўра моддиятни баланд туғ этган, ижтимоий воқеликдан чекинган, риторик қутқулардан алаҳсираш мавсуми юз берган дамларда ўзбек шеърияти осмонида Абдулла Орипов исёнкор ҳисларга йўғрилган шеърлари билан митти юлдуз бўлиб порлаган ва инсон моҳиятини поэтик тасвир этиш, тимсоллаштириш бараварида адабиётимизнинг қоронғулик пучмоқларини ёритган бўлса, Эркин Воҳидов шеърияти мусаффо тонг нафасини олиб кирди. Улар шўро тузумида азалий кўркини йўқотган санъатга инсоний-руҳий кечинма, сеҳру синоат, юксак жозиба, мусиқийликни қайтарди.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубов Абдулла Орипов туғилган юртда бўлиб, шоирнинг болалиги кечган қир-адирларни кезганини, кенгликлар шовуридан нафас олиб завқланган дамларни эътироф этаркан шундай ёзади: “Ҳар гал унинг шеърларини мутолаа қилар эканман, тафаккурига ўша чексизликлар чексизлик бергандек, сатрлари саҳро қуёшидан нур эмгандек ва шу сатрлар орасидан анвойи чечаклар ҳиди уфуриб тургандек, келиб менинг димоғимга урилаётгандек бўлади”. Аслида шоирни шоир қиладиган манба ҳам унинг туғилиб ўсган юрти мўъжизасига боғлиқдир. Шоирнинг “Қарши қўшиғи” шеърида унинг юртга муҳаббати нечоғлик ўзакланганини, чексиз меҳрга йўғрилганини кўрамиз.
Лекин унинг баҳори, о, сен, чўллар баҳори,
Соғинтирган онамнинг дийдори сендай ширин.
Эрта кун қовжирашдан бўлса ҳам дилда зори,
Лола каби хандону тубда яширин доғи.
Оёқланган қўзидай довдирар елда майса,
Кўм-кўк, мовий осмонда кезиб юрар оқ булут.
Тўрт тараф қисиб келиб, ногаҳон жала қуйса,
Оламга анқиб кетар минг хил кўкат, минг хил ўт...
Қашқадарё жуғрофияси мамлакатимизнинг бошқа вилоятларидан ажралиб туради. Шарқида тоғу қир-адирлар ястанган бўлса, ғарбида чексиз дашту чўллар уфққа туташган. Воҳа манзараси шоир шеъриятида бор бўйи-басти билан басталанган. “Қадимий ва навқирон Қарши” шеърида бу манзара картинаси инсон қалбини ҳайратга ошно этади.
Дедилар: – Чақнаган қайси юрт эрур
Буюк Соҳибқирон сочган зиёдан?
Жавоб бердиларки: – Ҳеч сўнмас бу нур,
Таралган энг аввал Қашқадарёдан.
Киндик қони томган юрт шоҳу гадога ҳам қутлуғ маъво саналади. Шоир бир зум, бир сония бўлсин туғилган диёридан кўнгил узмади. Соғинчи битилган сатрларда тупроғини сочиб ўйнаган, томсувоқ томлардан лолақизғалдоқ териб, болалиги кечган қишлоғини ёниб куйлади. Шоир дашт табиати, унинг гиёҳларини ёдидан кўтармади, аксинча, унутилаётган чечакларни сўзга солди. Суйруқуйруғу қўзигул, жинжагу янтоғиниям муаттар гуллар ўрнида кўриб, алқади, алаф дея ижирғанмади. Оққуврайни атиргул ё чиннигулдан кам кўрмади.
Абдулла Орипов ижодини фақатгина тафаккур қудрати билан англаш ва англатиш мумкин. Шунда ҳам, ўша тафаккур соҳиби айнан юнон, ҳинд, хитой, араб, лотин ва умуман дунёвий-диний фалсафани теран ўзлаштирган бўлса. Бу бетакрор ва муаззам ИЖОД ФЕНОМЕНИ — Абдулла Орипов феноменини кашф этиши, халқимизнинг шундай улуғ шоири борлигини дунёга танитишдек табаррук остонага қадам қўйиши мумкин.
Абдулла Орипов она диёримиз манзараларини сўзда чизишда санъаткорона янгича услубда соҳирликка уйғун маҳоратини намойиш этди. Шеъриятининг яна бир тилсими унинг шеърларини хос ва авом ўқувчи бирдай эътироф этди. Бунинг сири нимада? Зоҳиран барча ўқувчининг тушунишига халқ оғзаки ижодига уйғунлиги, миллий колоритнинг серқатламлиги, ечимнинг оддий ва мукаммаллиги ортиқча серғалвалик туғдирмайди. Хос ўқувчи эса сатрларда ботиний махзан тилсимотини ўз заковати қудрати билан англашга қодир.
Яна бир жиҳати, шоирнинг кўпгина шеърларида ўтмиш ва бугун тасмаланган, идрок кўзгусида шакл-шамойилини илғайсиз, сезим алдамайди, қарашларингизни инкор этмайди. Айниқса, Ватан мавзусидаги шеърларида бу тилсимот юракларга ҳайрат улашади. Абдулла Ориповнинг Ватан ҳақидаги шеърларида “қизил” гаплар йўқ. Тўғри, публицистик руҳ нуқтаи-назаридан қараганда баъзан шоир бир қадар кўтаринки, бир қадар мақтовли сатрлар тузгандек таассурот қолдиради. Лекин синчиклаб боқсангиз, ана шу кўтаринки гаплар замирида ҳам дил изтиробини англайсиз. Бу оташин шоир улкан иқтидорининг маҳсулидир.
Менинг ҳам Ватаним жанглар гувоҳи,
Менинг ҳам тупроғим топталганди хор.
Менинг ҳам руҳимда аждодлар оҳи,
Менинг ҳам қонимда қилич занги бор.
Минорлар эмас бу – фалакка қасам,
Қасоскор боболар кетмишлар санчиб,
Мен тортган ғамни ҳам бир-бир санасам,
Ўлик фиръавнлар кетарлар сапчиб...
Биллур шодалардек нур таратгучи бу сатрлар ўзбекнинг тарихи, аждодлар қисмати чигал ва мукаммаллиги билан мангуликка дахлдорлигини инкишоф этмоқда. Ҳар бир сатрида Ватанга чексиз муҳаббат гуркираб турган “Баҳор”, “Юртим шамоли”, “Ўйлар”, “Ўзбекистонда куз”, “Табиат”, “Сароб”, “Юзма-юз”, “Генетика”, “Она сайёра” каби қатор шеърлари шоирнинг иқтидори фавқулодда кўламдор ва теранлигини намойиш этади, муҳими, ўқувчиларни ҳайрат водийсига етаклайди. Яна бир жиҳати, яшашдан кўнглингиз совуганда саодатмандликка чорлайди, озурдаликни умид оташида чўғлантириб, меҳр-муҳаббат улашади.
Шоирнинг “Ўзбекистонда куз” шеърига муносабатда шундай ёрқин мулоҳазаларга нигоҳимиз тушади.
Шабнам шовуллайди боғлар қўйнида,
Салқин туман ичра бўзарар тонглар.
Қуёшнинг эринчоқ ёғдуларида,
Нафис ялтирайди барги хазонлар...
Шабнамнинг шовуллаши инсон ақлу тасаввурига келмайди. Аммо шоир нозик туйғулар орқали чиройли ифодалашни, боғ узра эсган шамол дарахтларни елпиб баргларга инган шабнамларни тўкиб юбориш жараёнида “шабнам шовуллаши”га тўғри ташхис қўяди. Ёхуд иккинчи қатордаги тонгнинг “бўзариши”, учинчи мисрадаги “эринчоқ ёғдулар”, тўртинчидаги “хазонларнинг нафис ялтираши” орқали куз фаслини ҳайратомуз поэтик топилмалар билан инкишоф этганки, бу манзаралар кейинги безовта ҳис-туйғуларга ўтиши-ю контрастлик юзага келиши ечимини топган. Қарангки, табиат манзараси ижтимоий воқеийлик билан уйғунлашиб, шўро даври қиёфасини ойдинлаштиради. Миллион эгатларга эгилган халқнинг оғир меҳнат остида куз гўзаллигидан бебаҳра яшаётганидан қайғуради. Ўзбекнинг ҳар бир фасли ўз гўзаллиги ва нафосати билан дунёдаги мамлакатлар фаслидан фарқланишини, ўзининг айрича манзарасига эга эканини шоир рассомона синчилик билан сўз бўёғида ёрқин ва жозибали чиза олган.
Шоирнинг “Баҳор кунларида кузнинг ҳавоси” деб бошланувчи шеърида ҳам халқининг эрксизлигидан ўкинч ўтида ёнган, атрофдаги мавжуд нарсадан малол туйган, ҳаттоки, найнинг навоси ғамгинлигидан қалби безовталанган шоир орзу-армонларини ўқиймиз. “Барглар орасида беҳол ўйнаётган уйқудаги қизнинг бедор тушлари”дан фалажланган “Эрк қизи”нинг забунлигидан мағлуб баҳодирнинг найзаси мисол маъюс эгилаётган терак учлари манзараси юракни сергаклантиради. Нега баҳор кунларида кузнинг ҳавосини туяётган шоир ҳолатини англаймиз. Демоқчиманки, 60-йилларданоқ шоир табиат манзаралари орқали Ватан, халқи дардини, шўро зулмини теша тегмаган поэтик топилмалар орқали даврнинг аянчли қисматини санъаткорона таърифлайди.
Ҳа, турғунлик даврининг энг мудроқ фаслида ўзбек адабиётида “халқчилликнинг уқувсиз куйчиси эмас, балки чинакам санъаткори” (В. Белинский) сифатида Абдулла Ориф майдонга келди. Унинг оташларга йўғрилган поэзияси маънавий бўшлиқни қалб вафоси билан тўлдирди. Асрий қатқалоқлик эркин фикр тажассумида ҳаётбахшликка юз бурди. “Титроқ юлдуз каби музлаган шуур”да замонамиз қурамалиги, яъни замонасозлик муддатини ўтаган махфий қўлёзмадай куйдирилди. Соф туйғулар пўртанаси ақлий жунунлик ва ҳавойи эҳтирослар пуфагини сидириб ташлади. Шоирнинг “Куз хаёллари” шеърида ер ва само оҳанглари уйғунлиги билан, инсон қалби озодлиги, табиат гўзаллиги ҳайрат силсиласидан туғилганининг гувоҳи бўламиз. Шу шеърни тўлиқ таҳлил этсак, шоир тафаккури ва заковати қудратининг нечоғлик юксаклигини англаб етамиз.
Қорайганда узоқ тоғларнинг қори,
Боғларга чўкканда оқшомги туман,
Совуқ куз елидан жунжикиб, нари –
Очиқ айвон остин этганда маскан.
Дўстгинам, хаёлан қучаман сени,
Хазон даврасида кутаман сени.
“Қорайганда узоқ тоғларнинг қори” мисраси ўзиёқ қалб чилторини чертиб, алланечук сокин туйғулар мавжида маъюслик эпкини муз қотган хаёлларни чува бошлайдики, табиат тилсимоти соҳирлик мақомига дўнади. Мезонда сув қораяди дейишадику халқимиз, кўзга унча чалинмас мезон иплари чувалиб сарғайган ўт-ўлану дов-дарахтлар шохларига “арғамчи отади”. Боғларга оқшомги туманнинг чўкиши ҳамон тоғларнинг оқ қорида қорайиб кўринишини англаш онг ости сезими инкишофидир.
Одатда кун ботишда шафақ ёлқини куйишадики, осмон сояси борлиққа қора тўрини ёяди. Бу ерда шоир куз фасли картинасини сўз бўёғида чизиш эмас, балки инсон умрининг кузи ҳақида ҳам сўз очади. Аввало, совуқ куз елидан жунжиккан туман айвон остини маскан айларкан, бу ҳолат шоир юрагида ҳам кечиши инсон ва табиатнинг бус-бутунликка уйғунлигини акс эттиради. Дўстни хазон даврасида кутиш шеър муҳибини ҳайратга солади. Нега, нега деган савол акс-садодай тўлқин ҳосил қилади. Умр кузида инсон хаёлида энг яқин қадрдонлар гавдаланадики, паришон ўйлар йиғмасида болалигу ёшлик фаслининг мунаввар дамлари булоқдек кўз очса, ажабмас. Шеърнинг иккинчи олтилигида ҳам табиат манзараси бетимсол чизгиларда мавжланади. Шоирнинг муддаосини учинчи олтиликда яққолроқ сезишга жазм этасиз ва муяссар бўласиз.
Нимани хоҳлайман? Истагим нима?
Чангалзор шовқинин тинглаб тураман.
Япроқлар бандида кезган жимгина
Маъюс ва безовта кузни кўраман.
Унинг қўшиғида, унинг оҳида,
Сезаман одамзод қалбин гоҳида.
Ногаҳоний оловли туғён музлаган томирларингда хурофий шовқинга эмас, илоҳий завққа рағбат, бедор туйғуга майл уйғотади. Ҳар қандай шовқинда яланғочлик бор. Шовқин – қофиябознинг шақилдоғи, у туйғулар жунунини тўнглатади, эҳтирослар эркини вазнсизликка мубтало этади. Эрксизлик ва залолат шовқини инсоний умид қотилидир. Япроқлар бандида жимгина кезган безовталик (маъюслик ҳам!) оҳида одамзод қалбини сезиш – бу яшашга берилган ҳуқуқдир. Аслида, ҳаёт – чекланмаган имтиёз.
Унга бари бирдай ҳаёт ва ўлим,
Гўёки кекса чол сўнгини ўйлар.
Ва секин силкитиб қаҳрабо қўлин,
Кўрганин-билганин бирма-бир сўйлар.
Бир ҳикмат ўқийман хазонлардан мен:
“Яшагину, бироқ япроқ бўлма сен”.
“Қаҳрабо қўл” – топилма. Чолнинг қўли қурушқоқ, қаҳрабо тус. Чолни кузга муқоясалаш айни кесишмаган чизиқдай аниқ таассурот қолдиради. Хазон – йўқликдан нишон, унинг шитирида сўлғинлик гиряси ўрлайди, мунг савқида эса ҳаёт моҳиятининг хоссасини кўрамиз. Шоир қалби улуғ бир ҳикматни англади:”Яшагину, бироқ япроқ бўлма сен”. Бу – қалб иқрори.
Мангу яшилликнинг маскани қайда,
Қайдадир хазонни билмаган баҳор?
Нечун у ҳовлиқиб оққувчи сойда,
Чавандоз умрининг қайтмас сеҳри бор?
Нечун уйғонади қайтадан баҳор,
Нечун инсон умри бўлмагай такрор?..
Шоир яшилликнинг мангу масканини инсон қалбидан ахтараяпти. Қалб иллатлардан тозаланмас экан, ундан хазонрезгиликка руйхуш бермас кўклам манзил тополмайди. Мангу адашади. Қалб баҳоригина инсон руҳиятини бедорликка чорлайди. Инсоннинг ўзи мамлакат. Унинг ҳукмдори ҳам, қули ҳам унинг ўзидир. Ҳаёт – буюк мураббий. Инсон ҳаёт таълимини ўрганиш, ўзини англаш баробарида ўз “мамлакати”га эгалик ҳиссини уйғотади ва ўрнатади.
Турғунлик даврининг яланғочлиги, одамлар шуурининг нурсизлиги шоир ҳаловатини жунбушга келтиради. Шоирни кузнинг хаёлидан кўкламнинг нашъаю нағмасини топиш, унинг ҳукмдори бўлиб қолишга даъват этган урғу ҳам шундандир. Шеърда икки қутб мавжудлиги ушбу хулосани туғдиради. Бу –менинг фикрим. Ҳайқириб, ҳовлиқиб оқаётган сойдан чавандоз умрининг қайтмас сеҳрини англаган шоир муножотида дилтанглигу бедорликка сафарбар этган туйғу бурғусини беҳуда чалмаяпти. Инсон умри такрорланмаслиги шоирни қаттиқ ўйга солаяпти. Инсон ана шу такрорланмас умри давомида ўз баҳорини топа оладими ё йўқ? Умр такрорланмайди, баҳор уйғонгувчи. Умр ва баҳор муштараклиги мавжуд эмас экан, инсон ҳаёти хазонрезгиликка маҳкумдир. “Шоир файласуф эмас, мусаввирдир. Унинг манзара ва тасвирларидаги ҳамишалик мавзу “шуҳратга тўла ижод” – беҳудуд ва ранг-баранг ҳодисаларга тўла оламдир. Поэзия кўнгилга образлар билан сўзлайди ва ундаги образлар ибтидоси табиатнинг барча жузъий ҳодисалари ва шакллари қурилишида товланиб турган гўзаллик ифодасининг моҳиятидир”. Бу– Белинский талқини. Буюк мунаққид излаган образ юқоридаги мисраларда қуйма тарзида ўз ифодасини топган.
Мени саволларга кўмар дафъатан,
Хазоннинг тақдири, сўнгги шовқини.
Кўзимга кўринар умрим қайтадан,
Гарчи сурмакдаман баҳор шавқини.
Гарчанд йигит ёшим яшнаб турса ҳам,
Кексалик қисматин ўйлайман шу дам.
Нақадар болдек тотли мисралар! Хазоннинг тақдири шоир хаёлида шовқин солаяпти. Шоир шовқинда эмас, баҳор шавқида умрининг қайтадан ҳадди-ҳисобини ўлчаяпти. Нега яна йигит ёши яшнаб турса ҳам, кексалик қисматини ўйлаяпти? Кексаликда қалб навқиронлигини сақлаб қолиш ҳар кимнинг ҳам чекига тушавермайди. Ҳаёт чархида чархланавериб, жисмоний ва руҳий қувватига дарз кетган киши дунё маломати юкидан қалб мажруҳлигига йўлиқиши баъзан тасаввуримизга келавермайди. Ана шундай дамда...
Шу дам туйғуларга тўлади кўнглим,
Титраб тарашлайман қаламим учин.
Тонг ҳам ёришади, эй менинг умрим,
Бунчалар тезликда чопасан нечун?
Хазонлар шошади, шошаман мен ҳам,
Дўстим, ҳузуримга шошиб кел сен ҳам!
Хазон инсон умрини қадам-бақадам таъқибга олади. Умрнинг тезоблиги хазон шошқалоқлигига ўзаро кесишмайдиган чизиқ тортади. Булар қандайдир бутунликнинг маълум эҳтиёт қисмларга эҳтиёжини оширади. Бу техник таъриф эмас. Шоирнинг титраб қалам тарашлашида ҳам яшашга чорлов бор. Чорловдан ҳикмат туғилаяпти. Шоир ўз қалб кечинмалари орқали давр руҳининг маҳзунлигини аниқ чизгиларга жо қила олган. Абдулла Ориф ушбу шеърни 21 ёшида битган. Бу– шоирда туғма истеъдоднинг белгиси. Бу йўлда неча кўйлак йиртиб, қуш қўнмас муштдек “тепалик”ка эришолмаганларнинг сони мингта. Савқи табиийликнинг қудрати ҳам шунда-да! Ҳа, ноёб истеъдодлар ҳамиша, ҳар даврда бармоқ билан санагудай даражада камёб учраган.
Белинскийдан ранжимаган ҳолда чин шоирни ҳақиқий файласуф деб атагим келади. Пифагор шоирликнинг уч қутби, яъни бастакор, рассом ва файласуф умумлашмасидан мавжудлигини эрамиздан аввалги асрларда инкишоф этган эди. Мана шу нуқтаи назардан қараганда, муҳим уч қутб Абдулла Орипов ижодида ягона нуқтада бирлашган. Лекин инсоният кечмишида шундай бир давр бўлдики, шоир шеъриятида куй сеҳри, мусаввир мўъжизакорлиги, донишманд заковати баробар ўзи яшаётган даврнинг фарзанди экани ҳақидаги энг тўғри ҳақиқат ҳам ўз аксини топмоғи лозим эди. Абдулла Орипов шеъриятидаги “бу бешафқат ҳақиқат барчамиз дунёда ягона Ватан — Ўзбекистон фарзандлари эканлигимиз” бутун-бутун авлодларни “тарбиялади”. Шу ўринда яққол айтиш шартки, маънавий-руҳий замонида ҳам Абдулла Орипов шеърияти инсон манзараларининг моҳир наққоши сифатида адабиётга тамал тошини қўйди. Ватан ва инсонга муҳаббат туйғуси олий мақом кўринишини олди. Ҳар бир юртнинг табиати тилсимотдир. Турфа мўъжизалар куйига ҳамоҳанг. Шоир инсонни дунёга шамолдек келиб, шундоқ кетишини англаган ҳолда ўзининг боқий камолини ўз шеъриятида олдин кўра билди.
Қанча шамолларга юзимни бурдим,
Улардан эсдилар турфа хил нафас.
Уларда гоҳ қайғу, гоҳ шодлик кўрдим,
Тўхтамай ўтдилар бари ҳам бирпас...
Фақат қайғулардан сен ўзинг холи,
О, юртим шамоли, юртим шамоли.
Шоир шеъриятида инсон изтироби рангин ташбеҳларда тобланди, чексиз фароғат бахшида этгувчи ҳикматларда юксак жозиба касб этди. “Еллар ҳам уйғонди ишқалаб кафтин”, “Увада камзулда биллур тугмадай, Булутлар ортидан боқади юлдуз”, “Минорлар эмас бу – фалакка қасам”, “Чўнтакдан тўкилган тангалар мисол, Шуълалар ўйнайди супа учида”, “Борлиқ ҳам мисоли ўйчан мусаввир – Нақш этмиш деразанг узра саволлар” каби шаффоф мисраларда қалб гўзаллиги, ҳаётга ташналик, инсониятга раҳнамолик, Коинот тартиботини бузишга уринувчи ёвуз кучларга қарши кураш, нафосат ва фасоҳат чаманларига муштараклик туйғусини улуғлашни ҳар бир шеърда учратасиз ва ҳайрат гирдобига чўмасиз.
Абдулла Орипов шеъриятидаги муҳаббат мавзуси шунчалар кенг қамровлики, унда илоҳий муҳаббат билан инсоний муҳаббат ўртасидаги қизил чизиқни тополмайсиз. Аслида ҳам инсон қалбидаги муҳаббатда ҳам ана шу икки буюк туйғу ўзаро бир-бирини тўлдириб яшайди. Бу эса шоир шеъриятининг абадийлигини таъмин этадиган дунёвий-диний моҳият унсурларидан биридир. Тилларда достон бўлган “Биринчи муҳаббатим” шеъри куйга солиниб қўшиқ тарзида ижро этилишида эмас, шундоқ ўқилганда ҳам юрагимизни тебратади. Руҳимизда сокин уйғонган маъюслик хотира гўзаллиги, соғинч ҳисси, ҳайрат мўъжизасига ошно этиши билан умримиз ободлиги инсоний муҳаббат билан бардавом эканидан фароғат туямиз.
Абдулла Орипов шеърияти ҳақида фикр юритиш бизни башар мавжудлигининг сирли-синоатли, жозиб ва тилсимли дунёсига бошлаб боради. Бу изланишда инсон ҳаётига тегишли қалб ва тафаккур, хаёл ва тасаввур, идрок ва заковат дунёсининг энг теран жиҳатлари билан рўбарў келасиз. Зеро, бу шеърият–ҳаёт маёғи бўлиб, абадиятдан садо эканлигини янада чуқурроқ ҳис этасиз ва қувонасиз!
Шоир шеърияти Шарқ донишмандчилиги булоғидан сув ичганки, айниқса, умрининг сўнгги йилларида ёзган фалсафий шеърлари сўз санъатининг инжу дурлари билан сайқалланганидан бевосита бургутдай ҳаволанасиз, юксакликдан боқиб чексизликни қалбингизга жо этасиз. Ватанга муҳаббат туйғуси шунчалар улуғвор эканидан мўъжизага тўйинасиз.
Баъзида аччиқ кесатиқ, ширин истеҳзо, пичингли киноя билан зарҳалланган сатрлар юракни тебратади, кўзда қотган табассум шуълаланади. “Ватан” шеърини ўқисангиз руҳланасиз, ватансизликнинг мудҳиш кўринишини англайсиз ва ўз ватанингизда эркин яшаётганингиздан шукроналар айтасиз.
Ватан нимадир деб юргандан кўра,
Эсингни бир жойга йиғиб ол, жўра.
Дунёда ибратли дарсхоналар кўп,
Ватанни сен ватангадодан сўра.
Унинг ҳар бир шеъри, ақл ва идрокнинг чексиз имкониятларидан фойдаланиб чуқур таҳлил қилинганда, ана шу сир ва синоатни сизнинг кўз ўнгингизда ўзини намоён этади.
Зеро, Абдулла Ориповни шунчаки тасаввур кучи билан кашф этамиз, десангиз, адашмайсизу, лекин ўртаҳол таҳлил ва талқинларга рўбарў келаверасиз. Бугунгача, бу улуғ шоир ижоди ҳақидаги тадқиқотларнинг деярли жуда катта қисми ана шу тасаввур меваларидир.
Энг муҳими, бу ерда қизиқ бир пародокс бор; аслида бу талаблар Абдулла Орипов ижодини жон қадар яхши кўрадиган оддий китобхонлар ва шоирнинг мухлислари учун зарра қизиғи йўқ. Улар ҳеч бир англамларсиз ҳам шоир ижодини юксак бир меҳр билан қадрлайди. Лекин буюк бир халқнинг буюк бир шоири ижодининг муаззамлигини англамаслик, шу халқнинг ўзлигини англамаслик билан тенгдир.
Абдулла Орипов шеърияти —мангуликнинг биллур тожи. Бу тож Аллоҳдан шоирга туҳфа этилгани билан ҳам фавқулодда ҳодиса ва бекарам сийлов десак, янглишмаймиз.
Ўроз ҲАЙДАР, шоир








