Алломанинг исми ва таваллуд санаси
Алломанинг тўлиқ исми Алоуддин Абу Бакр ибн Масъуд ибн Аҳмад Косоний бўлиб, Алоуддин (динни улуғловчи) ва Малик ал-уламо, Султонул уламо (олимлар султони) каби унвонлар билан танилган.
Косоний олимнинг нисбати бўлиб, Косон ҳақида ўрта аср манбалари Мовароуннаҳрнинг Шош (Ҳозирги Тошкент) вилояти ортида, Фарғона водийсида – Сайхун (Сирдарё)нинг шимолий қисмида жойлашган шаҳар дея қайд этган. Шаҳарнинг ҳозирги номи Косонсой бўлиб, Наманган вилояти таркибига киради.
Абу Бакр Косонийнинг туғилган санаси ва ёшлик йиллари ҳақида манбаларда маълумотлар келмаган. Бироқ туғилган йилини тахминан 1100 йиллар атрофида дейиш мумкин. Сабаби устози Алоуддин Самарқандий вафоти – 1143 йилга қадар Косоний олим бўлиб етишган ва машҳур асари “Бадоиъ”ни ёзиб, мукофот учун, устозининг олима қизи Фотимага уйланиб бўлган эди.
Олимнинг таълим олиш даври ва оила қуриши
Абу Бакр Косоний ўз юртида датлабки таълимни олгач, ўша даврдаги илмий марказ Бухоро шаҳрига бориб у ердаги олимлардан дарс олади. Хусусан, Алоуддин Муҳаммад ибн Аби Аҳмад Самарқандийнинг (ваф. 539/1143 й.) қўлида таҳсил олиб, ислом илмлари бўйича етук олим бўлиб етишди.
Абу Бакр Косоний устози Алоуддин Самарқандийнинг “Тухфату-л-фуқаҳо” номли ҳуқуқий асарини шарҳлаб, шоҳ асари “Бадоиъу-с-саноиъ фил тартиби-иш-шароит” (Шариат қонунларини тартиблашда гўзал санъатлар)ни ёзиб, устозига тақдим қилди. Китобнинг услуб ва мазмунан юксак савияда ёзилганини кўрган Алоуддин Самарқандий бениҳоят хурсанд бўлганидан қизи Фотимани унга никоҳлаб берди, маҳрига эса “Бадоиъ” қўйилди. Янги оила қурилганида халқ орасида “شَرَحَ تحْفَتَهُ وتَزَوَّجَ اِبْنَتَهُ” яъни “устозининг “Туҳфаси”ни шарҳлаб, қизига уйланиб олди” деган гап машҳур бўлиб кетди.
Фотима бинти Муҳаммад Самарқандийя замонасининг машҳур олима аёлларидан бўлиб, ислом ҳуқуқини чуқур ўрганган, ақл-заковат ва ҳусн-у, жамолда тенг йўқ эди. Фотима Самарқандийя отаси томонидан берилган фатволарни оқга кўчирар ва муҳрини босар эди. Янги оила қурилганидан сўнг уч киши томонидан берилган муштарак фатволар чиқа бошлади.
Абу Бакр Косоний сафар қилишни яхши кўргани манбаларда келган. Шарқий Туркистондан Ўрта ер денгизигача бўлган катта ҳудуд ҳукмрони Салжуқий султонларининг пойтахти – Кичик Осиёдаги Кония шаҳри эди. Косонийнинг Конияга ташрифи ҳаётидаги муҳим бурилиш нуқтаси бўлди. Салжуқий султон Масъуд I (в. 572/1176 й.) Косонийнинг ҳурмат-эътибор билан қарши олиб, илмий фаолиятига кенг имконият яратиб беради. Бироқ бир илмий баҳсда Косоний Пойтахтдаги энг обрўли олимни енгани ва хатоларини ошкор этгани Косонийни Хорижга жўнатиб юборилган сабаб бўлди.
Ҳалаб ўлкасига одил ва маърифатпарвар ҳукмдор Нуриддин Маҳмуд Занги раҳбар бўлиб, мамлакатда фаровонлик, осойишталикни таъминлаш билан бирга илмий салоҳиятни ошириш, соғлом эътиқодни ҳимоя этиш мақсадида мадрасалар барпо қилиб, турли ўлкалардан забардаст, етук олимларни мударрисликка жалб қилди, талабаларга ҳомийлик қилди.
Ҳалабда жуда ҳам яхши кутиб олинган Косоний қисқа муддат ичида катта шуҳрат қозониб, олимлар таклифига биноан машҳур “Ҳалавийя” мадрасасига Султон томонидан “Хўжа Мударриси” этиб тайинланди. Ушбу вазифа одатда мамлакатнинг энг катта уламосига топширилган
Косоний вафот этгунига қадар – 40 йилдан ортиқ “Ҳалавийя” мадрасасида ислом ҳуқуқи, тафсир, ҳадис ва ақида илмларидан дарс бериб, қўл остида сон-саноқсиз олимлар етишиб чиқди. Умрининг охирида оёғидаги оғир касаллик –“нуқрус” (Подагра) кўп безовта қилиб, юролмай қолса-да дарсга кўтариб олиб боришларини тайинлаган. Ўша пайтнинг одати Бош Мударрис учун марказга баландроқ қилиб махсус гилам тўшалган. Абу Бакр Косонийга юқори ҳурмат белгиси сифатида у учун тўшалган гиламга бошқа ҳеч ким ўтирмас эди. Олим унинг устига жойлашиб олиб, дарсни айтишни бошлаганида эса атрофига тўпланган кўп сонли талабалар, олимлар то у киши ўрнидан туриб кетгунича сира кетмас эдилар. Бу ҳам Косонийдаги илмий савия ва мударрислик қобилиятининг юқори эканидан билан изоҳланади.
Ушбу ўринда қирқ йилдан зиёд талабаларга дарс бериб, қўл остида сон-саноқсиз олимлар етишиб чиқди.
Олимнинг вафоти
Абу Бакр Косоний илм-зиё тарқатиш, халқни ҳидоятга етаклаш йўлида кечирган ибратли умрини якунлаб, ҳижрий 587 йил ражаб ойининг ўнинчи санаси (милодий 1191 йил 3 август) якшанба куни, пешин намозидан сўнг она юртидан анча узоқ – Ҳалабда вафот этди.
Косоний Ҳалаб шаҳридаги Мақоми Иброҳим Халил мақбарасига, турмуш ўртоғи Фотима Самарқандия ёнига дафн қилинди. Шундан сўнг ушбу қабристон “Эр ва хотин қабристони” номига ўзгарди. 1198 йил Салоҳиддин Айюбийнинг ўғли Султон Малик Зоҳир томонидан бу жойга мақбара қурилади ва эшик устига “Ушбу иморатни мавлойимиз Малик Зоҳир дунё ва дин кўмакчиси ғозий ибн Малик Носир буйруғи билан 594 йил барпо этилди” деб ёзиб қўйилади. Ушбу мақбара зиёратгоҳ ҳолатига келтирилган ва олимнинг ҳузурида қилинган дуолар ижобат бўлишига халқ томонидан ихлос қилинади.
Алломанинг фазилатлари ва гўзал сифатлари
Абу Бакр Косонийнинг сифатлари ва фазилатлари ҳақида гап кетганда, аввало, бепоён илм ва заковатга эга соф эътиқодли ҳамда шариатни теран тушунган олим эканини айтиш лозим. Қолаверса илм аҳли ва талабаларга меҳри баланд устоз ҳамда халқнинг ишончли вакили сифатида залолат ва бидъат эгаларига қарши ўтиб бўлмас тўсиқ бўлгани манбаларда алоҳида қайд этилади. Шунингдек, олим жасур, моҳир чавандоз бўлган. Тўғри деб билган ишларини дангал бажарадиган, одамларнинг гаплари ва маломатларига парво қилмас эди.
Бу даврда аҳли илмларнинг аксари ўзини паст олиб уловлардан эшак, нари борса хачир минса, Косоний ҳар доим айғир от минар экан. Баъзилар маломат қилиб, “Сиз нимага айғир минасиз” деб сўрашса, “Эр киши фақат, отнинг эркагини миниши керак” деб, уларни уялтириб қўяр экан.
Косоний талабапарвар инсон бўлгани ва илм аҳлига қилган ғамхўрликлари ҳақида Камолиддин ибн Адим ўз қайларида зикр этган: “Султон Малик Зоҳир Косонийни саройга меҳмондорчилик учун таклиф қилди. Косоний ўзи билан бирга бир гуруҳ талабалар ва фақиҳларни ола келди. Қалъа дарвозасига етгач, соқчи: “Шайх кирадилар қолганлар ортга қайтади” дейди. Шунда Косоний айғирнинг юганини ортга буриб, “Шайх ҳам қайтади” деб, кетмоқчи бўлади. Ҳолат ҳақида зудлик билан султонга билдирилади ва султон: “Ҳозироқ шайх ва у кишининг барча ҳамроҳларини ичкарига киргизинг, олим қаерни ихтиёр қилса, ҳамроҳлари билан ўша ўринга жойлаштиринг” деб, буйруқ беради. Ушбу воқеани тарихчи Ибн Адимга отаси Абул Ҳасан Аҳмад Косонийнинг шогирди ва воқеанинг шахсан гувоҳи сифатида ривоят қилган.
Орзигул Мўйдиновна Қозихонова,
Ўзбекистон Республикаси Сенатининг
Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси








