Аёл тадбиркор, бирор соҳа вакили бўлгани, оиласига қўшимча даромад киритгани яхши. Аммо бугун ҳамма соҳада ҳам билим, уқув, тажриба зарур. Янги технологиялар, замонавий ёндашувларни эгалламай туриб, ишни ривожлантириш мушкул. Бу борада юртимизда ташкил этилган 400 дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари аёлларни касбга ўқитиш, уларни тадбиркорликка жалб қилиш, ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўйича яхши тажриба яратди, деб айта оламиз.
Жорий йилнинг 1 март куни Президентимиз раислигида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизими ҳамда уларнинг жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлаш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида ана шундай ташкилотларнинг аҳамияти ҳақида ҳам сўз борди. Қолаверса, аёлларнинг жамиятдаги ўрнини янада юксалтириш ва мустахкамлаш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, оилавий зўравонликларнинг олдини олиш, гендер тенгликни қарор топтиришга оид белгиланган вазифаларни иштирокчилар қаторида катта ҳаяжон ва қизиқиш билан тингладим.
Ҳар бир йўналиш, айниқса, хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантиришга эътибор қаратилди. Тадбиркор аёллар улушини ҳозирги 25 фоиздан 40 фоизга етказиш бўйича 2022—2024 йиллар учун “Бизнес аёллар” дастурини қабул қилиш, дастур ижросига жами 8 триллион сўм маблағ йўналтириш белгилангани катта ташаббус. Қишлоқ жойларида лойиҳаларни амалга ошириш учун нодавлат ташкилотларга 2 миллиард сўмгача грантлар ажратилиши биз учун имконият бўлиши баробарида, зиммамизга жиддий масъулият ҳам юклайди. Қолаверса, ўзи ёки қарамоғида ногиронлиги бор яқини бўлган хотин-қизларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш, уларни касбга ўқитиш борасида нодавлат нотижорат ташкилотларига берилаётган грантлар миқдори 5 бараварга оширилиб, амалдаги 40 миллион сўмдан 200 миллион сўмгача етказиладиган бўлди.
Айни пайтда 150 га яқин аъзоларига эга Ўзбекистон “Аграр соҳа аёллари” уюшмаси ҳам фаолияти давомида бу йўналишда қатор лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Жараёнда, айниқса, меҳнат бозорида аёлларнинг рақобатбардошлигини ошириш, ўз-ўзини банд қилишлари, агробизнес ва иссиқхоналар ташкил этишлари учун тегишли шарт-шароитлар яратиш, хусусан, уларни касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, қишлоқ жойларда сервис хизматлари соҳаларини ривожлантириш долзарбдир.
Ишлар давлат ва халқаро ташкилотлар хамда нодавлат ташкилотлар билан хамкорликда олиб борилади. Хотин-қизлар учун қулай меҳнат ва турмуш шароитларини яратиш, хаёт фаровонлигини оширишда қишлоқ аёлларига алоҳида урғу бериш муҳимдир. Қишлоқ хўжалигини инновацион ривожлантириш, соҳага малакали кадрлар тайёрлаш, ички ва ташқи бозорга сифатли қишлоқ хўжалик ва қайта ишланган маҳсулотлар ишлаб чиқариш хажмларида ҳам аёлларнинг ҳиссаси ва потенциали катта. Хусусан, бугунга қадар юртимизда селекционер олималаримиз томонидан 15 дан ортиқ ғўза ва буғдой навлари яратилган.
Шу боис, айни кез қишлоқ аёлларининг билим ва кўникмалари, моддий-техник ресурсларга эгалигини ошириш, қарор қабул қилиш ва етакчиликда эркаклар билан тенг шароитлар яратиш учун ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш муҳим. Уюшма томонидан ноананавий, юқори даромад келтирувчи қишлоқ хўжалик экинларини кўпайтириш, уларни ички ва ташқи бозорларга йўналтиришга қаратилган ўқув семинарларига етакчи давлатлар мутахассисларини жалб этиш яхши самара бермоқда. Жиззах вилояти худудий бўлинмаси ўқув марказида манзарали ўсимликлар ва гулчиликни ривожлантириш бўйича бир хафталик ўқув-амалий семинарларда ушбу соҳага қизиқувчи 20 дан ортиқ аёллар ўқитилиб, иккинчи босқичда улар орасидан етакчиларнинг 5 нафари жорий йил апрель ойида Туркия давлатининг компания ва фирмаларига малака ошириш учун юборилиши келишилди.
Хотин-қизларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш уларнинг оила ва жамиятда ўз ўринларини эгаллашлари учун имконият эшикларини очади. Бу борада ҳам изчил ишларни амалга оширяпмиз. Тошкент вилоятининг 3 та туманида ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган ва аграр соҳадаги аёллар учун бепул юридик хизмат кўрсатадиган пунктлар ташкил этдик. Шу вақтга қадар малакали юристлар томонидан 3 мингдан ортиқ аёлларга юридик маслаҳатлар ва ёрдамлар кўрасатилиб, 30 дан ортиқ хотин-қизнинг ишли бўлишига кўмаклашилди.
Биз ҳудудларда семинарлар ташкил этиб, аёлларни жамиятда фаол бўлишга чорлаймиз. Қишлоқ аёллари ҳам барча соҳада етакчи бўлиши мумкинлигини мисоллар ёрдамида намоён этамиз. Семинарлар мавзуси туман ихтисоси, аниқланган “ўсиш нуқта”ларидаги соҳалардан келиб чиқиб белгиланиши келгусида иштирокчилар учун манфаатли бўлишини таъминламоқда.
Масалан, Қорақалпоғистон Республикасининг Бўзатов, Мўйноқ, Тахтакўпир ва Қўнғирот туманлари Президентимиз қарори билан чорвачиликка ихтисослаштирилган. Уюшма томонидан шу йил ташкил этилган семинарларда чорвачиликнинг замонавий усуллари, етиштирилган маҳсулотларни уй шароитида қайта ишлаш орқали даромадини кўпайтириш имкониятлари қатнашувчиларда катта қизиқиш уйғотди. 250 дан ортиқ хотин-қиз ўзларига мотивация олди.
Уюшманинг қишлоқ аёлларини қўллаб-қувватлашга қаратилган энг катта сайи-харакатлардан бири — бу республикада “Ҳалқаро қишлоқ аёллари” куни нишонланишига ташаббускор бўлганидир. Ҳукуматнинг қўллаб-қувватлаши билан 2019 йил Ўзбекистонда илк бор “Ҳалқаро қишлоқ аёллари куни” нишонланиб, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар бўйича 442 та тадбир ўтказилди. Уларда иштирок этган 62,3 минг хотин-қизнинг 19,2 минг нафари моддий ва маънавий рағбатлантирилди. Бу байрам эндиликда, ҳар йили анъанавий тарзда нишонлаб келинаётгани қувонарли ҳол.
Аёллар қайси соҳада ишламасин, доим эътирофга лойиқ. 2021 йилда байрам санаси арафасида аграр соҳадаги энг етук, ишлаб чиқаришга инновацион ғояларини татбиқ этган, ўз мактабини яратган 6 нафар олималар ҳақида 28 дақиқалик “Илм юлдузлари” номли ҳужжатли фильм ҳамда соҳадаги энг илғор 41 нафар олима аёлларнинг ибратли ҳаёти ва илмий ишлари натижаларига бағишланган “Аграр соҳа олималари” номли китоб тайёрланди.
Умуман, бизнинг мақсадимиз энг чекка ҳудудлардаги хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларга ҳуқуқий маслаҳатлар бериб, тадбиркорликка йўналтиришга қаратилган. Келгусида қишлоқ жойларда янги иш ўринлари яратиш, камбағалликни қисқартиришга қаратилган йирик лойиҳаларда иштирок этиш, хотин-қизлар кооперацияларини ташкил этиш сингари бошқа кўплаб мақсадларимиз ҳам бор.
Адиба АҲМАДЖОНОВА,
Ўзбекистон “Аграр соҳа аёллари”
уюшмаси раиси









