Биолабораториялар қўшимча даромад манбаига айланмоқда

    Аҳоли хонадонида биолаборатория ташкил этиб, фойдали ҳашаротларни кўпайтиряпти.

    Баҳор мавсуми қишлоқ хўжалигида зарур агротехник ва биологик кураш тадбирларини амалга ошириш учун сермаҳсул давр. Айнан шу фаслда ўсимлик зараркунандаларига қарши кураш тадбирларининг биринчи босқичи амалга оширилади. Уларнинг ўз вақтида ва тўғри ташкил этилиши юқори ҳосилдорлик гаровидир.

    Апрель ойининг илк кунларидан республика бўйлаб бошланган ана шундай тадбирлар давомида табиатда биофонни ривожлантириш ва зараркунандалар кенг тарқалишининг олдини олиш ҳамда уларга қарши биологик кураш ишларига киришилган. Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг вилоят, туманлар бўлимлари инспекторлари боғ ва далаларни ўрганиш асносида зараркунандалар тарқалган ёки шундай хавф мавжуд ҳудудларда тезкор профилактик тадбирларни амалга оширяпти. Экспортга йўналтирилаётган маҳсулотлар фитосанитар назоратдан ўтказилмоқда.

    Жаҳонда озиқ-овқат маҳсулотлари сифатига талаб кун сайин ортиб боряпти. Таклиф этилаётган маҳсулот сифати халқаро стандартларга мос, фитосанитар талабларига жавоб берсагина хориж бозорларида ўз ўрнини топади. Сўнгги йилларда юртимизда сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш ҳамда экспорт кўламини ошириш борасида барча зарурий чоралар кўрилмоқда. Жорий йил 31 март куни Президентимиз раислигида макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, жаҳон иқтисодиётидаги мураккаб вазиятдан келиб чиқиб ҳудуд ва тармоқларни ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилиши мазкур йўналишда белгиланган вазифаларнинг ижросига қаратилгани билан аҳамиятлидир. Унда экспортчилар, озиқ-овқат ва истеъмол товарлари ишлаб чиқарувчиларга қўшимча кредит маблағлари ажратилиши белгиланди.

    Тадбиркорларга берилаётган ана шундай имтиёзлар сабаб юртимизда экспорт ҳажми йил сайин ошиб боряпти. Хусусан, жорий йилнинг биринчи чорагида 258,6 минг тоннадан зиёд мева-сабзавот хорижга экспорт қилинди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 26,4 фоизга юқори кўрсаткич.

    Май ойининг биринчи кунларидан эса Ўзбекистонда гилос экспорти мавсуми бошланди. Диёримиз жаҳон бозорида гилоснинг энг йирик экспортёрларидан саналади — бу борада дунёда 5-ўринда турамиз. Қолаверса, ҳудудларимизда пишиб етилаётган бошқа сарҳил мевалар ҳам тадбиркорлар томонидан хориж бозорларига етказиляпти. Биргина Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги “Gold fresh fruits” МЧЖда 650 гектар майдонда гилос, ўрик, шафтоли ва олхўри етиштирилмоқда. Тайёр маҳсулотлар Жанубий Корея, Россия, Хитой, БААларга экспорт қилиняпти.

    Аммо ҳамма маҳсулотни ҳам чет давлатга чиқариш қийин. Бунинг учун тайёрланаётган маҳсулотлар фитосанитар хавфсиз, турли касаллик ва зараркунандалардан ҳоли бўлиши лозим. Бунда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги инспекторлари томонидан олиб борилаётган биологик кураш тадбирлари муҳим аҳамиятга эга.

    Зараркунандаларга қарши биологик кураш

    Биологик кураш усули ўз-ўзидан табиий шароитларни назарда тутади. Бунда ўсимликлар зараркунандалари ва касалликларига қарши биомаҳсулотлар, яъни фойдали ҳашаротлардан фойдаланилади. Лаборатория шароитида кўпайтирилган олтинкўз, трихограмма, бракон сингари энтомофаглар (фойдали ҳашоротлар) далага тарқатилади ва улар зарарли ҳашаротларни еб тугатади.

    Биологик кураш усули анъанавий кимёвий усулга нисбатан кўплаб афзалликларга эга. Биринчи навбатда, биомаҳсулотлар хавфсиз ва экологик тоза кураш воситаси бўлиб, инсон организми ва атроф-муҳитга зарар етказмайди. Қолаверса, фойдали ҳашаротлар далага тарқатилгандан сўнг ўз-ўзидан кўпаяверади. Уларни қайта-қайта учиришга эҳтиёж бўлмайди. Таққослайдиган бўлсак, зарарли организмларга қарши кимёвий воситалар билан кураш олиб борилганда маълум муддатдан кейин зараркунандада “мослашувчанлик” (адаптация) ҳолати кузатилади. Бу эса янги турдаги кимёвий воситалардан фойдаланишни тақозо этади. Натижада пеститсидлардан қайта-қайта фойдаланиш ёки уларнинг янги, кучлироқ турларига ўтилиши ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига, инсон саломатлигига салбий таъсири кўпайишига сабаб бўлади.

    Энтомофаглардан фойдаланиш биологик кураш қамровини янада кенгайтириш ва органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга хизмат қилади. Фойдали ҳашаротларни лаборатория шароитида кўпайтириш кимёвий воситалардан фойдаланишдан кўра арзон ҳамдир.

    2022 йилда экин майдонларида биологик курашдан фойдаланишни кенгайтириш ва юқори ҳосилдорликка эришиш мақсадида ўтган йилнинг ноябрь ойидан бошлаб 3 646 миллион дона бракон, 7 189 килограмм трихограмма ва 4 967 миллион дона олтинкўз энтомафаглари, яъни фойдали ҳашаротлар кўпайтирилган.

    Одатда, фойдали ҳашаротлар ҳаво ҳарорати ўртача 15 даражадан юқори бўлганда дала майдонларига тарқатилади. Масалан, олтинкўз тухуми ўсимлик ширалари, трипс ва ўргимчаккана, тунлам капалакларининг тухуми ва ёш личинкалари кўпайишининг олдини олиш мақсадида март ойидан дала четларига қўйиб чиқилади. Одатда, олтинкўзнинг фақат личинкалари самара беради. Аммо уни кўпайтириш қийин бўлгани учун, тухум ёки етук зоти (имаго) тарқатилади.

    Олтинкўз тухумлари далага гектарига 1000—2000 дона ҳисобида экин турига қараб тарқатилади. Бу ҳашарот ўртача 200—300 дона тухум қўяди. Личинкаси ёшига қараб кунига 50—60 та ўсимлик бити, 20 тагача ўргамичаккана билан озиқланиши, хаёти давомида 800 тагача ҳар хил ҳашарот личинкалари ва тухумларини ейиши мумкин.

    Трихограмма (Т.pintoi Voegele) эса текинхўр ҳашарот бўлиб, у зарарли тангача қанотли ҳашаротлар тухумларига ўз тухумларини қўйиб ривожланади ва зараркунанда ҳашоротни тўлиқ тухум ҳолатида йўқ қилади. Трихограмма урғочи зотларнинг пушдорлиги 25—40 дона дон куяси тухумларини зарарлаш хусусиятига эга. Бу фойдали ҳашоротни кўсак қурти тухумига қарши қўллаганда, 1 гектар майдонда 400 нуқтага қўйилиши мумкин.

    Умуман, фойдали ҳашоротлар кутилган натижа бериши учун уларни керакли вақтда қўллаш зарур. Бунинг учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларнинг ер майдонларидаги хавфли, зарарли организмлар ўчоқларини ўз вақтида аниқлаш муҳим аҳамиятга эга. Уларга қарши биринчи навбатда феромон тутқичлардан фойдаланиш яхши натижа беради. Замонавий тутқичлар зараркунандаларнинг қачон учгани, экинга қачон тушаётганини аниқлаш баробарида, уларга қарши курашиш чора-тадбирларини ўтказиш муддатларини ҳам белгилаб беради. Бу тутқичлар илиб олган зараркунандалар капалакларининг сонига қараб белгиланади. Ҳозирда мутахассислар томонидан феромон тутқичлар рақамлаштирилиб, капалакларнинг кунлик назорати олиб борилмоқда.

    Қўшимча даромад манбаи

    Бугунги кунда юртимизда фойдали ҳашаротлардан бракон, трихограмма, олтинкўз каби кенг тарқалган турлардан ташқари энкарзия, энтомопатоген нематодалар ҳам лаборатория шароитида кўпайтирилмоқда. Президентимизнинг 2021 йил 15 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори билан биологик қарши кураш усулларини соҳага кенг жорий қилиш баробарида, ўсимликлар клиникалари ва биолабораториялар тизимини ривожлантириш вазифалари ҳам юклатилган.

    Ўтган давр мобайнида юртимизда 640 та биолаборатория ташкил этилиб, уларнинг кўп қисми Андижон, Хоразм, Қашқадарё вилоятларида фаолият юритиб келмоқда. Аҳамиятлиси, бундай биолабораториялар аҳоли хонадонларида ҳам ташкил этиляпти. Бу орқали одамлар бандлиги таъминланмоқда. Ишни бошлаб олган хонадонларга мутахассисларимиз амалий кўмак бериш билан бирга, турли тренинглар орқали аҳолининг бу борадаги билимини ошириб боряпти.

    Самарқанд вилояти Нарпай туманида истиқомат қиладиган Жонибек Эрназаров ўз хонадонида биолаборатория ташкил этиб, 6 кишини иш билан таъминлади. Бу ерда олтинкўз, трихограмма ва бракон энтомофаглари кўпайтириляпти. Хонадон эгаси иш жараёни экологик тоза, ортиқча харажатларсиз экани, қолаверса, қўшимча даромад манбаига эга бўлганидан мамнун. Биолабораторияда кўпайтирилаётган фойдали ҳашаротлардан тумандаги ғалла, пахта майдонлари, шунингдек, хонадонлардаги мевали дарахтлар, иссиқхона экинларини зараркунандалардан тозалашда фойдаланиляпти.

    Биомаҳсулотларни кўпайтириш учун кўп нарса талаб этилмайди. Улар асосан турли ҳажмдаги банкаларда кўпайтирилади. Банкаларга майда гармошка қилинган қоғозчалар жойланиб, кейин белгиланган миқдордаги жонланган трихограмма солинади. Трихограмма қоғозчаларга ўрнашиб олгандан кейин далага чиқариб қўйилади. Фойдали ҳашорот ҳавонинг ҳарорати 26—30 градус илиқ, нисбий намлиги эса 50—70 фоиз бўлганда яхши ривожланади.

    Олтинкўз эса биолаборатория шароитида шиша банкаларда кўпайтирилади. Личинкалар шиша банка ичида ғумбакка айланиб, шароитга қараб 16—20 кундан кейин олтинкўз имаголари учиб чиқади. Хона ҳарорати ва намликнинг белгилангандан юқори ёки паст бўлиши уларнинг ривожланишини кечиктиради.

    Ҳозирги вақтда республика бўйича мавжуд 2 миллион 720 минг 687 гектар экин майдонларининг 2 миллион 15 минг 95 гектарида биомаҳсулотлардан фойдаланиш ишлари ташкил этилган. Биологик кураш учун энтомофагларни экин майдонларига етказишда уларни ташиш қоидаларига риоя қилган ҳолда, биомаҳсулотлар махсус идишларда, ёпиқ ҳолда амалга оширилиши талаб этилади. Транспорт воситасида ташиш эрта тонг ёки кечки пайтда амалга оширилиб, ташиш вақти 12 соатдан ошмаслиги лозим. Энтомофагларни сақлаш муддати 1 кундан 30 кунгача муддатни ташкил этади.

    Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги илмий-тадқиқот институти томонидан Бутунроссия ўсимликлар карантини маркази — ВНИИКР билан “Йўл харитаси” тасдиқланган бўлиб, бугунги кунда янги турдаги энтомофагларни лаборатория шароитида кўпайтириш, уларнинг иқлимлаштирилиши ва самарадорлигини дала шароитида текширишда ҳамкорликда ишлари олиб борилмоқда.

    Қолаверса, республикада мавжуд ҳар бир биолабораторияга камида 10 тадан хонадонларни бириктириш ва биолаборатория шахобчаларини ташкил қилиш орқали аҳоли томорқаларига хизмат кўрсатиш тизимини жорий этиш, шунингдек, янги иш ўринлари яратиш ҳам белгиланган. Эндиликда, биолаборатория шахобчаларининг ҳар бирига алоҳида ходим бириктирилади. Бу иш самарадорлигини янада ошириб, ўсимликларни зараркунандалардан ҳимоялаш, сифатли озиқ-овқат етиштириш ва экспорт кўрсаткичларини оширишга хизмат қилади.

    Иброхим ЭРГАШЕВ,

    Ўсимликлар карантини ва химояси агентлиги бош директори

    (Мақола “Янги Ўзбекистон” газетасининг 16.05.22, 96-сонида чоп этилган)

    No date selected
    сентябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates