World Poverty Clock маълумотларига кўра, камбағалликнинг халқаро чегарасидан пастда яшаётган мамлакат аҳолисининг улуши 2019-2021 йилларда кунига 3,2 доллар мезони бўйича 26,3 фоиздан 25 фоизга, шунингдек кунига 1,9 доллар мезон бўйича эса 11 фоиздан 9 фоизга камайган.
Маълумки, 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларнинг 1-мақсади барча жойларда аҳолининг кам таъминланганлик даражасини пасайтириш ҳисобланади.
2023 йил 7 ноябрда Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси ҳамда Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси билан ҳамкорликда “Ўзбекистонда кам таъминланганликни камайтиришга қаратилган самарали механизмларни жорий этиш” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистонда миллий моделни амалга ошириш орқали камбағалликни қисқартириш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилди.
Хусусан, аҳолининг кам таъминланган қатламларини ҳисобга олиш ва манзилли қўллаб-қувватлашнинг янги миллий модели амалга оширилди, “Ижтимоий ҳимоянинг ягона реестри” ахборот тизими ва “Маҳаллада ижтимоий хизмат” модули орқали ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизими жорий этилди.
Кам таъминланган оилаларда яшовчи ишсизларни ўқитиш, касбга тайёрлаш ва тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш орқали ишга жойлаштириш ва аҳолини касб-ҳунарга ўргатиш тизими яратилди.
Шу билан бирга қабул қилувчи мамлакатларда бугунги кунда талаб бўлган касблар ва мутахассисликларга ишлаш учун кетаётган фуқароларни олдиндан ўқитган ҳолда ташкиллаштирилган меҳнат миграциясини амалга ошириш, бу меҳнат мигрантлари оилаларининг даромадларини кўпайтиришга ва қишлоқ жойларда камбағалликни камайтиришга кўмак бўлиб келяпти.
Бундан ташқари айниқса, кам таъминланган аҳолини шинам уй-жой билан таъминлаш даражасини ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратилди.
Ҳар бир маҳаллада ишсиз деб топилган, ишлаш ёки тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган хотин-қизлар ва ёшлар рўйхати шакллантирилган бўлиб, турли касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш курслари харажатларининг 70 фоизини давлат томонидан қоплаш механизми йўлга қўйилди.
“Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Темир дафтар”да рўйхатга олинган аҳоли учун тренинг ва машғулотлар мутлақо бепул. Ўқув курсларини тамомлаган фуқароларга тадбиркорлик субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтказишдан тортиб, ўз фаолиятини йўлга қўйишгача бўлган амалий ёрдам кўрсатиш тизими жорий этилди.
Томорқаси бўлган тадбиркорларга 300 миллиард сўм имтиёзли кредит ва субсидиялар ажратилди. Охирги 3 йилда 91,8 мингта кўп болали, меҳнатга лаёқатсиз ногирон, болаликдан ногирон бўлган ёлғиз кексалар бўлган оилалар турар жой билан таъминланиб, яшаш шароитлари яхшиланди.
Давра суҳбатида аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартириш борасида вазифалар ва таклифларни мутасадди ташкилотларга тўғридан-тўғри билдириш имконияти яратилди. Тадбир якунида кам таъминланганликни камайтиришга қаратилган самарали механизмларни жорий этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.