Ушбу ҳужжат шубҳасиз, тарихий аҳамиятга эга бўлиб, аввало аждодларимизнинг хотирасига бўлган юксак ҳурматни билдиради.
Зеро, мустабид тузум томонидан қатағон қилинган давлат ва жамоат арбоблари, илм-фан, маданият ва санъат, адабиёт намояндалари, оддий касб эгаси бўлган минглаб юртдошларимизнинг номлари ва хотирасини абадийлаштириш, уларнинг жасорати ва матонати мисолида ёш авлодни ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш долзарб вазифа ҳисобланади.
Умуман олганда, мамлакатимизда қатағон қурбони бўлган ота-боболаримизнинг ҳаёти ва фаолиятини, хусусан, жадидлар меросини янада чуқур ўрганиш ва уларнинг хотирасини абадийлаштириш бўйича муҳим фармон ва қарорлар қабул қилинган. Жумладан, юртимизда 2001 йилдан буён ҳар йили 31 август – мамлакатимиз Мустақиллиги байрами арафасида “Қатағон қурбонларини ёд этиш куни” сифатида кенг нишонлаб келинмоқда. “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуаси барпо этилди. “Шаҳидлар хотираси” жамоат фонди, Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ҳамда ҳудудлардаги олий таълим муассасалари қошида унинг бўлимлари ташкил этилди.
Бундан ташқари сўнгги йилларда ўзбек киносида яратилган “Исломхўжа”, “Авлоний”, “Ибрат” каби фильмлар нафақат маҳаллий жамоатчилик томонидан, балки хорижда ҳам илиқ кутиб олинди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида жадидчилик ҳаракатининг давлатчилигимиз тарихида муҳим аҳамиятга эгалигини таъкидлаб ўтди.
Хусусан, Учинчи Ренессансни йигирманчи асрда маърифатпарвар жадид боболаримиз амалга оширишлари шу йўлда улар ўзларининг азиз жонларини ҳам қурбон қилгани, миллий истиқлол, тараққиёт ва фаровонликка, маърифат орқали, дунёвий ва диний билим, замонавий илм-ҳунарларни чуқур эгаллаш орқали эришиш мумкинлигини айтиб ўтди.
Халқимизнинг ноёб адабий-бадиий мероси бугунги кунда ёш авлодга улкан маънавий куч беради. Ҳозирги кундаги кенг кўламли демократик ўзгаришлар, жумладан, таълим ислоҳотлари орқали Ўзбекистонда янги Уйғониш даври, яъни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш асосий мақсад қилиб белгиланди. Таълим соҳасида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, шубҳасиз, бу йўлдаги дастлабки муҳим қадамдир.
Зотан, илм-маърифат, таълим соҳасини ривожлантириш – ҳар қандай тараққиётнинг илдизидир. Таълимнинг ривожланиши барча соҳаларга ўзининг ижобий таъсирини ўтказади. Шу нуқтаи назардан, жадидчиларнинг илм-маърифатга чуқур эътибор қаратишгани, ўз ҳаракатларини янги мактаблар очиш билан бошлагани бежизга эмас. Маориф тарғиботи жадид газеталарида кўтарилган асосий мавзу бўлган.
Давлат Раҳбари томонидан қабул қилинган ушбу Фармойишда аждодларимиз томонидан қолдирилган, лекин тўлиқ ўрганилмаган бой меросни ёш авлодга етказиш, қатағон қурбонларининг ҳаёти ва фаолиятини илмий тадқиқ қилиш, улар ҳақида илмий-тарихий китоблар, бадиий ва ҳужжатли фильмлар яратиш каби чора-тадбирлар белгиланди.
Мазкур ҳужжат ўз ичига миллий қадриятларимизни асраш, ёш авлодни ватанпарварлик ҳамда ўзбек халқининг меросига ҳурмат руҳида тарбиялаш каби муҳим мақсадларни жамлаган. Хусусан, бир томондан, “инсон – азиз, хотира – муқаддас” ғояси асосида мустақиллик ва адолат тантанаси учун курашган фидойи аждодларимизнинг хотирасига юксак эҳтиром кўрсатиш, иккинчи томондан, маърифатпарвар жадидларнинг кўрсатган жасорати ва ибратли фаолиятини тарғиб этиш орқали ёшларда ғоявий иммунитетнинг шаклланишида муҳим аҳамият касб этади.
Умуман олганда, ҳозирги кунда турли ёт ғоялар, глобал хавф-хатарлар чуқур илдиз отиб бораётган даврда, миллий ўзликни англаш, ҳақиқий тарихимизни тиклаш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Анвар ХЎЖАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти етакчи илмий ходими