Қайд этилишича, абитуриентлар рўйхатдан ўтиш жараёнида тизимга ID карта ёки туғилганлик ҳақида гувоҳнома маълумотларини киритиш билан бирга қуйидаги ҳужжатларни электрон шаклда (PDF, JPEG) юклашлари лозим.
Номзодлардан 3,5х4,5 см ўлчамдаги 1 та рангли фотосурат, ўқишга имтиёзли кириш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлар — фан олимпиадаси ғолиби эканлигини тасдиқловчи диплом, чет тили ва умумтаълим фанларни билиш даражаси тўғрисидаги миллий ёки халқаро сертификат (мавжуд бўлса) талаб қилинади.
Абитуриентлар рўйхатдан ўтишда ўзлари танлаган учтагача академик лицейнинг биттадан мос йўналишини танлаши (бунда таълим тили бир хил бўлиши керак) ва қайси чет тилидан кириш тест синовини топширишини белгилайди.
Абитуриент ўзи танлаган ҳудудда ташкил этиладиган кириш тест синовларида иштирок этади. Қабул жараёнлари 10 июлга (шу куни ҳам) қадар давом этади.
Қабул жараёнлари билан боғлиқ қўшимча маълумотларни академик лицейларда ташкил этилган “Маслаҳат марказлари“ ёки Вазирликнинг @eduuzuniversalbotʼi орқали олиш мумкин.








