Натижада Сорбонна декларацияси қабул қилиниши билан Европа давлатлари олий таълимини ислоҳ қилиш асносида янги давр бошланди. Бу таълим тўғрисидаги ҳужжатлар, даража ва малакаларни солиштириш, қиёслашни таъминлади.
Илм-фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг интеграциялашуви кадрлар тайёрлаш тизимида катта имкониятлар яратди. Университетларнинг халқаро рейтинги олий касбий таълим бозорида рақобатбардошликни аниқлашда муҳим аҳамият касб эта бошлади. Таълим хизматларининг университетлар даражасини аниқлаш имконини берувчи халқаро стандартлари шакллантирилди.
Айни пайтда Марказий Осиё давлатлари олий таълим тизимида ҳам катта ўзгаришлар юз бермоқда. Мутахассислар фикрича, Марказий Осиё давлатлари олий таълим тизими эски услубдаги олий таълим тизимидан постиндустриал давр олий таълим тизимига ўтиш босқичида ва бу жаҳон глобал тенденциясига мос келади. Бунинг қатор асосий белгилари мавжуд.
Жумладан, таълим ўқитиш хизматлари бозорида муайян товар кўринишида намоён бўлмоқда. У энди фақат билимлар мажмуаси бўлибгина қолмай, жамият фаровонлигини оширишда самарали иштирок этиш учун зарур бўлган, истеъмолчи томонидан сотиб олинадиган маҳсулот ва кўникмаларни шакллантиришга имкон берадиган омил ўлароқ юзага чиқди.
Шунингдек, таълим истеъмолчи сотиб оладиган, бозорда қўллаш мумкин бўлган, трансмиллий корпорациялар, тадбиркорлик тузилмаларига айлантирилган илмий муассасалар ёки бошқа баъзи провайдерлар сотиб оладиган маҳсулот яратишга хизмат қиладиган кўникмалар тизимини шакллантириш имконини берадиган мутахассис етиштирувчи тизимга айланди. Бу глобал бозор қоидалари бўлиб, ушбу объектив жараён Ўзбекистон олий таълим тизимига ҳам, албатта, таъсир қилади.
Олий таълим тизими муҳим ўзгаришларни бошидан кечирди. Жумладан, ОТМлар сони ва қабул квотаси ошиши натижасида яқин йилларда битирувчилар ўртасида кучли рақобат муҳити юзага келиши кутилмоқда. Бундай вазият ОТМлар олдига улкан вазифалар қўяди. Шу туфайли жадал ривожланаётган жамият талабларига жавоб берадиган муносиб мутахассислар тайёрлаш вазифаси бугунги олий таълим тизими олдида турган энг долзарб масалалардан.
2020 йилда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан олий таълим муассасаларида ўқув жараёнини босқичма-босқич кредит-модуль тизимига ўтказиш тартиби жорий қилинди. Ўқув жараёнига кредит тўплаш ва кўчиришнинг Европа тизими жорий этилишини қатор муаммолар ечими сифатида кўриш мумкин.
Янги тизим туфайли бир қанча қулайликлар вужудга келди. Жумладан, талабаларда мустақил таълим олиш, фан ва профессор-ўқитувчиларни танлаш, академик мобиллик дастурлари доирасида бошқа ОТМда ўқиш, Европа давлатлари битирувчилари билан рақобат қилиш имконияти пайдо бўлди. Мамлакатимизда ОТМ талабалари, ўқитувчилари ва маъмурий ходимларининг академик алмашинувига катта эътибор қаратилмоқда. Бунга сабаб академик ҳаракатчанлик Ўзбекистон университетларининг халқаро таълим маконига интеграциялашув жараёнининг муҳим йўналишларидан бири эканидир.
Қолаверса, бу ўқитиш сифатини таъминлашдаги шартлардан ҳисобланади. Унинг қатор асосий йўналишлари мавжуд. Жумладан, талабалар, профессор-ўқитувчилар ҳамда раҳбар кадрлар мобиллигини ошириш мақсадида етакчи ОТМлар билан илмий, академик ҳамда иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш чоралари кўрилади. Европа кредит-модуль тизими талаблари даражасидаги юқори малакали кадрлар тайёрлашга эришилади. Шунингдек, талабалар ва профессор-ўқитувчиларнинг халқаро ҳамкорлик лойиҳаларидаги иштирокини жадаллаштириш, хорижий ОТМлар билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш, илмий-тадқиқот марказлари очиш ва фаолиятини такомиллаштириш, кадрларни руҳлантириш мумкин.
Мобилликнинг асосий мақсади талабага танланган таълим соҳасида ўқиш, етакчи илмий мактаблар шаклланадиган таниқли билим марказларига кириш, маданиятнинг турли жабҳаларида билимини ривожлантириш имконини беришдир. Бунинг натижасида талабалар индивидуал таълим траекториясини танлаш, сифатли таълим хизматларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлади. ОТМлар учун самарали рақобат ва ўзаро ҳамкорликнинг янги шароити шакллантирилади. Олимлар ва ўқитувчилар учун илмий-маърифий алоқалар истиқболлари очилади. Халқаро меҳнат бозори учун малакали кадрларни иш билан таъминлашга ёрдам беради.
Бугун ўқитиш сифатини таъминлашда эътибор қаратилиши зарур бўлган долзарб ҳолатлар мавжуд. Булардан бири кадрларнинг мамлакатдан чиқиб кетиши масаласидир. Бу муаммо ҳамма жойда, деярли бутун дунёда бор. Айни пайтдаги глобаллашув жараёни бунга ўз таъсирини кўрсатиб келмоқда. Глобаллашув ҳам мобилликдир. Жумладан, таълим соҳасида ўқитувчи-профессорлар ва тадқиқотчиларнинг бир мамлакатдан бошқа мамлакатга кўчиб ўтиши асосий тенденциялардан. Бу объектив жараён бўлиб, аксарият ҳолларда малакали мутахассис моддий жиҳатдан яхшироқ рағбатлантирилгани учун ёки бошқа сабабларга кўра иш жойини ўзгартиради. Кадрларимиз муайян муддатга чет элга кетиб, яхши тажриба, янги билим, кўникма ва малака орттириб, мамлакатга қайтса ва ишласа, катта ижобий натижа бериши аниқ. Бу вазиятда педагог ходимларни адолатли меҳнат шароити билан таъминлаш, хизматини рағбатлантириш ҳамда бюрократик тўсиқларни бартараф этиш чораларини кўриш лозим.
Янги ташкил қилинган таълим муассасаси бўлишига қарамай, Гулистон давлат педагогика институтида бу йўналишда муайян ишлар қилинмоқда. Жумладан, ОТМнинг салоҳиятли профессор-ўқитувчилари академик мобиллик дастури доирасида Буюк Британия, Бельгия, Германия, Россия, Беларусь, Қозоғистондаги олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликни йўлга қўйди. Ички мобиллик доирасида илмий педагогик жамоамиз Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент давлат педагогика университети каби йирик олий таълим муассасалари билан алоқаларни мустаҳкамлади.
Ўтган йили сентябрда Гулистон давлат педагогика институтининг икки профессор-ўқитувчиси Туркиянинг Баликесир университетида илмий стажировкада бўлиб қайтди. Уларнинг сафари Туркия таълим тизими билан яқиндан танишишга қаратилган эди. Бу йил апрелда институтнинг тўрт профессор-ўқитувчиси Қозоғистон миллий университетида илмий стажировка ўтаб келди. 4-11 май кунлари бир ўқитувчимиз Беларусь давлат педагогика университетидаги малака ошириш курсида педагогик синфлар ташкил қилиш бўйича Беларусь тажрибасини ўрганиб қайтди. 15-19 май кунлари институтнинг бир доценти Қозон федерал университетининг Филология ва маданиятлараро алоқа институтида “Педагогик синфлар фаолиятини ўрганиш” мавзусидаги семинар-тренингларда иштирок этди.
Академик мобиллик олий таълим тизимида юқори кўрсаткичга эришишнинг муҳим омилларидан. Бу ўқув муассасаларини бир-бири билан солиштириш, муҳим жиҳатларини ўзлаштириш ва жорий этиш орқали олий таълим сифатини оширишга хизмат қилади. Мобиллик ОТМлар тузилмалари, давлат таълим стандартлари, ўқув режаларини такомиллаштиришга замин яратади.
Унинг иштирокчилари талабалар, олий таълим муассасаларининг академик ва маъмурий персоналлари бўлиши мумкин. Аслида, халқаро мобиллик глобал меҳнат бозори шароитида касбий мослашиш ҳамда таълимни давом эттириш имконини беради. Ички академик мобиллик талаба ва унинг ота-онасига қулайлик яратади. Масалан, бир талаба ўзи яшайдиган жойдан бошқа, узоқроқ ҳудуддаги олийгоҳга ўқишга кирса-да, бориб ўқишга, ётоқхонада яшашга имкони бўлмаса, академик мобиллик асосида ўз ҳудудидаги ОТМда муайян муддат ўқиши мумкин. Бунда муҳим талаб шуки, билим соҳаси, таълим йўналиши ва фанлар ўзаро мутаносиб бўлиши керак. Талаба муайян муддат ўқигани ҳақидаги маълумотни асосий ўқиш жойига тақдим этади. Тегишли фанларни ўзлаштирган, кредитларни тўплаган ҳолда асосий олийгоҳда таҳсилни давом эттириши мумкин.
Ўқитиш соҳасидаги ислоҳотлар долзарблиги ҳамда амалий аҳамияти билан бошқа жабҳалардаги янгиланишлардан асло қолишмайди. Чунки бу давр талаби. Мамлакатимиз таълим тизими халқаро стандартларга интеграциялашмоқда, самарали тажрибалар амалиётга татбиқ этиляпти. Мақсад таълим сифатини яхшилаш, ўқув жараёнини бозор эҳтиёжидан келиб чиқиб ташкил этишга қаратилган. Талабаларнинг ички академик мобиллик орқали ўқишини ташкил этиш ваколатини олий таълим муассасаларига ўтказиш эса улар мустақиллигини таъминлашга хизмат қилади.
Жаҳонгир ҚАРШИБОЕВ,
биология фанлари доктори,
доцент








