Энди давлат гранти бир талаба учун 4 йилга берилмайди

    Аълочи талабалар грант асосида ўқийди.

    Олий маълумот ҳар бир инсонга жамиятда ўз ўрни ва мавқеига эга бўлиш имконини берса, давлатга билимлиларни танлаб олиш, қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий, иқтисодий, муҳандислик ва технологик соҳаларни илмий-институционал қамраб олишга, пировардида, инсон капиталини самарали йўналтиришга хизмат қилади.

    Шу маънода, олий таълим соҳасида академик таълимга ажратиладиган грантларнинг аҳамияти, айниқса, ўқитиш сифатини оширишда ғоят муҳим. Бу омил олийгоҳларни инновацион ва инклюзив марказларга айлантиради, олий таълим фаолиятини қўллаб-қувватлайди ҳамда мамлакат тараққиётини тезлаштиради.

    Жорий йил 6 май куни Президентимиз ҳузурида олий таълим тизими бўйича ўтказилган тақдимотда айнан билимли кадрларни танлаб олиш, имтиёзлар билан қўллаб-қувватлаш, салоҳиятли кадрларни тайёрлаш истиқболли экани таъкидланди.

    Йиғилишда олий таълимда шаффофлик ва самарадорликни таъминлаш, 2024/2025 ўқув йили олдидан қабул квоталарини қайта кўриб чиқиш ва малака талабларини халқаро даражага кўтариш бўйича топшириқлар берилди.

    Давлатимиз раҳбари бакалавриат ва магистратура йўналишларидаги катта тафовутни қисқартириш, уларни замонавий меҳнат бозори талабларига мослаштириш зарурлигини таъкидлади. Бугун олий таълим муассасасини битираётган талабаларда тўлиқ малака шаклланмагани айнан уларнинг ишга жойлашувида асосий муаммо бўлаётгани танқидий баҳоланди.

    Барча олийгоҳлар иқтисодиётдаги “талаб ва таклиф” асосида ишлаш, соҳалардаги эҳтиёжни маҳаллий ижро органлари, нодавлат ташкилотлар, тадбиркорлар ва инвесторлар билан келишилган ҳолда аниқлаш, эски таълим йўналишларини қисқартириб, янгиларини ташкил этиш чора-тадбирлари ишлаб чиқилди.

    Ҳақиқатан, ғоя ва инновациялар ижодкорлиги, ташаббускорлик, очиқ ва конструктив ислоҳотлар, ташқи сиёсатдаги иқтисодий прагматик ҳамкорлик натижасида мамлакатимиз аграр секторга қарамликдан қутулиб, енгил ва оғир саноат жабҳаларида мисли кўрилмаган иқтисодий кўрсаткичларга эришди.

    Бундай кенг кўламли ислоҳотлар битирувчилар орасидан иқтидорли ва билимли ёшларни танлаб олиш, қобилиятли йигит-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш, муҳандислик, қурилиш ва технологик соҳалар ривожланиб бораётган мамлакатимизда техникумлар фаолиятини олий таълимга интеграция қилган ҳолда такомиллаштириш имконини беради. Бунинг натижасида индустриал саноат тараққий этади.

    Илгари олийгоҳларга ўқишга киришда йўналишлар бўйича 40 та грант ажратилган бўлса, энди юқори балл тўплаган абитуриентларни грант асосида ўқишга қабул қилиш орқали қўллаб-қувватлаш топшириғи берилди. Янги тартибга кўра, муайян йўналишга ажратилган давлат гранти доирасида юқори балл тўплаган абитуриент, танлаган олий таълим муассасасидан қатъи назар, давлат грантига тавсия этилади. Яъни юқори балл олган ёшлар ўқишга кирмай қолмайди.

    Яна бир янгилик: энди давлат гранти битта талабага 4 йилга берилмайди, балки ҳар йили юқори баҳо олган талабалар орасида қайта тақсимланади. Илгари сезиларли тафовутга эга бўлмаган 0,75, борингки 2-3 балл учун ҳам тўлов-шартномага тушгани туфайли кейинги йили ҳужжат топширган ёки оилавий шароити тўғри келмай, ўқишдан бутунлай воз кечган оилалар фарзандларини кўп кўрганмиз.

    Бу ерда масала фақат биргина йигит ё қизнинг 11 йил ўқиб тўплаган олтиндан қиммат билими йўқолиб кетишидагина эмас, балки уларга таълим берган ўқитувчиларнинг меҳнати ҳам зое кетишидадир.

    Давлатимиз раҳбарининг мазкур йиғилишда мактабни битираётган билимли ўғил-қизларимизга билдирган катта ишончи, оталарча ғамхўрлиги “инсон қадри учун” тамойилининг юксак намуналаридан биридир, десак муболаға бўлмайди.

    Ривожланган давлатларда грантлар талабаларга кўплаб имтиёзлар бериш баробарида, олий таълимда тадқиқот ва инновацияларни молиявий қўллаб-қувватлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Грантлар академик таълим орқали турли соҳалар, жумладан, муҳандислик, технология жабҳаларида катта илмий, иқтисодий ютуқларга сабаб бўлади, ОТМларнинг мамлакат тараққиётига ҳисса қўшишига хизмат қилади.

    Яна бир жиҳати шуки, у талабаларга олий маълумот олишда молиявий ёрдам шакли бўлиб, бу қўллаб-қувватлов муносиб шахсларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатидан қатъи назар, таълим олишда тенг имкониятга эгалигини таъминлайди, инклюзивликни рағбатлантиради.

    Университет грантлари академик дастурларни такомиллаштириш ва кенгайтириш учун жуда муҳим. Ушбу маблағ юқори таълим стандартларини таъминлашда алоҳида аҳамиятга эга бўлган янги ўқув дастурларини модернизация қилишга ёрдам беради. Бундан ташқари, грантлар қўшма тадқиқот лойиҳалари ва ташаббуслар орқали фанлараро ҳамкорликни, анъанавий билимлар ривожланишини қўллаб-қувватлайди. Шу билан бирга, дарслик ва академик дастурларни диверсификация қилиш, талабаларни касбга йўналтириш жараёни ҳамда мураббийлик дастурларини кенгайтиради.

    Университетларга жамоатчиликни жалб қилиш дастурларини бошлаш, маҳаллий ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш ва жамиятга фойда келтирадиган лойиҳаларни рўёбга ошириш имконини беради.

    Йиғилишда “Таълим соҳасидаги лойиҳалар маркази” лойиҳа офиси ҳамда таълим соҳасидаги ислоҳотларни жадаллаштириш Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигини тўла интеграциялаштиришга йўналтириши таъкидланди. Лойиҳа офиси асосан педагог кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини таҳлил қилиш баробарида қўллаб-қувватлайди. Хусусан, педагог кадрлар тайёрлайдиган олий таълим ташкилотларини тизимли ривожлантириш, профессионал таълимдан сўнг олий таълимни давом эттириш имкониятини янада кенгайтириш, 3 йиллик таълим дастурлари асосида амалий бакалавриат бўйича кадрлар тайёрлашни йўлга қўйишни кафолатлайди.

    Шу билан бирга, ўқитиш соҳасида давлат бошқаруви органларининг айрим функцияларини (таълим ташкилотлари рейтингини аниқлаш, таълим дастурларини аккредитациядан ўтказиш ва бошқалар) нодавлат, шу жумладан, халқаро ташкилотларга аутсорсингга бериш бўйича таклифлар тайёрлашни ўз ичига олади.

    Профессионал ва олий таълимда касбий кўникмаларни белгилаш ҳамда баҳолаш бўйича янги тизим жорий қилишдаги бу саъй-ҳаракатлар билимлиларни танлаб олиш ва келажакни ишончли қўлларга топширишимизда тўғри йўл кўрсатади.

    Йиғилишда адолатли таълим ислоҳотларига эришишда бевосита ОТМларнинг ички тартиб-қоидалари, маъмурий бошқаруви муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди. Янги ўқув йили бошлангунга қадар академик таълим тизимини қайта ислоҳ қилиш, рақамлаштирилган янги тизимни жорий этиш вазифаси қўйилди.

    Янги ўқув йилида қабул квоталарини тўғри таҳлил қилган ҳолда тақсимлаш, меҳнат бозори эҳтиёжига қараб ажратилган давлат гранти доирасида юқори балл тўплаган абитуриент, танлаган олий таълим муассасасидан қатъи назар, давлат гранти асосида ўқишга кириши таъминланиши белгилаб берилди.

    Илгари давлат гранти бир талабага бакалавриат босқичида узлуксиз тақдим қилинган бўлса, энди грантни оқлаш, масъулиятни ҳис қилиш ва ўқишни ўзлаштиришни мунтазам ривожлантириб бориш, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш мақсадида ҳар йили юқори баҳо олган талабалар орасида ушбу грант ўрни қайта тақсимланади.

    Давлатимиз раҳбари малака талаблари бўйича жаҳон андазаларига мос иш юритиш, малакани баҳолашни сертификатлаш, инновацион малака стандартларини ишлаб чиқиш ва тизимни рақамлаштириш зарурлигини қайд этди. Бу борада Миллий малака тизимини ривожлантириш институтини ташкил қилиб, иш берувчилар билан бирга малака талабларини тўлиқ ишлаб чиқиш вазифасини берди.

    Йиғилишдан кўзланган истиқболли мақсад олий таълимни қайта кўриб чиқиш орқали ўқитишда адолатни таъминлаш, таълим сифатини ошириш, хусусан, муҳандислик ва технология соҳаларида малакали кадрлар тайёрлашни кенгайтириш, бунинг учун илғор хорижий университетлар билан фан ва мутахассисликлар йўналишида тажриба алмашиш, академик таълимни тез суръатда, замонавий технологиялар асосида ишлаб чиқишдир.

    Қўнғиротбой ШАРИПОВ,
    олий таълим, фан ва инновациялар вазири

    Мақола "Янги Ўзбекистон" газетасининг 88-сонида (2024 йил 8 май) чоп этилган.