Алп Эр Тўнганинг қабри Бухородами?

    Пойтахтимизда Туркий давлатлар ташкилоти, Туркий давлатлар географик кенгаши, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ҳамда Ўзбекистон Миллий медиа ассоциацияси ҳамкорлигида “Туркий халқлар тарихида Туркистоннинг ўрни” мавзусида халқаро конференция ташкил этилди.

    Унда Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва бошқа давлатлардан ташриф буюрган олимлар, олий таълим муассасалари тадқиқотчилари, халқаро ташкилотлар ва эксперт ҳамжамиятларининг вакиллари ўз маърузалари билан иштирок этди.

    Халқаро анжумандан кўзланган асосий мақсад Туркий халқларнинг минг йилликлар аввал шаклланган тарихини янада чуқурроқ ўрганиш, сиёсий, иқтисодий, маданий, географик ўтмишини талқин қилиш, миллий-маданий ўзлигига таяниб муштарак тарихини, бирлик ва қардошлик ғоясига хизмат қилапдиган манбаларни яратиш ва келажак авлод учун етказиб беришдан иборат.

    Конференция дебочасида барча иштирокчилар саҳнага миллий либосларда кириб келган ёшлар билан биргаликда жўр бўлиб ўзбек жадид шоири Чўлпон шеърига басталанган “Гўзал Туркистон” қўшиғини куйладилар. Қўшиқни тинглар эканмиз, буюк аждодимиз – қадимий турк давлати асосчиларидан бири Билга Хоқоннинг даъвати яна бир бор ёдимизга тушди: “Эй туркий элим, ўзлигингга қайт, ўзингни англа – янада юксалгайсан!”

    Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз маърузаларидан бирида таъкидлаганидек, ушбу ибратли сўзлар бугунги шиддатли замонда – Туркий давлатлар ташкилоти ўз фаолиятини тобора такомиллаштириб бораётган бир даврда албатта чуқур маънога эга. Тили, дини ва юраклари бир-бирига чамбарчас боғланган қардош халқларимиз овози эндиликда дунё бўйлаб янада баланд, янада кучлироқ янграмоқда.

    Тадбирни Туркий давлатлар географик кенгаши бош котиби Ойбек Норинбоев, Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа, Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби ўринбосари Мирвоҳид Азимов, Istanbul Ticaret университети ректори Абдулҳамид Авшар, Ўзбекистон Рсепубликаси Фанлар академияси Тарих институти директори Азамат Зиё кириш сўзи билан очиб бердилар ва мазкур халқаро анжуманнинг бугунги кундаги тарихий аҳамияти қанчалар салмоқли эканлигини таъкидлаб ўтдилар.

    – Туркий давлатлар ташкилоти ҳозирги кунда шаклланаётган янги дунё тартиботи ва халқаро институтлар тизимида ўзига хос муҳим ўринга эга бўлиб бораётгани қувонарлидир, – деди Туркий давлатлар географик кенгаши бош котиби Ойбек Норинбоев. – 160 миллион аҳолини қамраб олган Ташкилотимиз ҳудуди катта сиёсий, иқтисодий ва илмий-маданий имкониятлар макони ҳамдир. Айниқса, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан юздан ортиқ турли тадбирлар ўтказилиб, муҳим лойиҳалар тақдим этилаётгани эътиборга моликдир. Таъкидлаш ўринлики, ўтган асрда яшаган жадид боболаримизнинг ибратли фаолияти, илмий-ижодий меросини чуқур ўрганиш юзасидан аъзо мамлакатларда катта ишлар амалга оширилмоқда. Шу маънода мазкур конференцияда илгари сурилган илмий-амалий лойиҳалар ва муҳим мавзулар келгусидаги ҳамкорлигимиз, бирдамлигимиз учун асос бўлади, деган умиддаман.

    Халқаро конференция “Туркистонда сиёсат ва бошқарув, Туркий давлатчилик анъаналарининг асослари”, Туркистонда илм-фан ва маданият ёхуд Ўрта аср классик ислом маданияти тимсолида Млвароуннаҳр”, “Туркистоннинг меъморий обидалари ва санъати”, “Туркистоннинг туркий ва минтақа халқлари ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти”, “Туркистон ва туркий дунё” каби йўналишларда ўз фаолиятини олиб борди.

    – 1991 йилда Ўзбекистон мустақилликка эришгани жуда қувончли бўлди, – дейди Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа. – Кейин 2008 йилда Туркий давлатлар Кенгаши тузилди. Лекин афсуски, бошида биз туркийлар бир-биримиздан ҳайиқдик, бир-биримиздан чўчидик. Пантуркизм деган гаплар айтилди. Пантуркизмдан ўзимиз – туркийлар қўрқдик. Лекин бу иборани бошқалар ўйлаб топганди ва у биз учун атайин қилинганди. Шукрким, бугун биз Учинчи Уйғониш даври остонасидамиз. Ва айни пайтдаги барча тадоригимиз Ўзлигимизни англаш ва бирлашиш истагида эканлиги энг катта бахтимиз ва имкониятимиздир!

    Илмий анжуманнинг биринчи кунида Истанбул университети Адабиёт факультети Умумий турк тарихи кафедраси ўқитувчиси, тарих фанлари доктори Али Аҳметбейўғлининг “Туркларда давлат тушунчасининг шаклланишида Туркистоннинг аҳамияти”мавзусидаги ҳамда Ўзбекистон ФА Шарқшунослик институти етакчи илмий ходими, тарих фанлари доктори Аблат Хўжаевнинг “Турклар VI асрда Олтойда пайдо бўлган” деган қарашга янгича ёндашув” деб номланган маърузалари иштирокчиларнинг тортишувлари ва баҳсу мунозараларига сабабчи бўлди.

    • – Хитой манбаларида келтирилган маълумотлар туфайли турклар тарихининг узоқ ўтмишга оид айрим саҳифалари ёритилганлиги ҳаммага маълум, дейди тарих фанлари доктори Аблат Хўжаев. – Албатта бу билан хитой манбалари туркий халқлар тарихининг барча қирраларини очиб бера олади деб бўлмайди. Хитойлар ўз даврида ўзлари билиши лозим бўлган масалаларга, айниқса туркларнинг кучли ва заиф томонларига эътибор қаратишган. Ушбу маълумотлар ҳисобига ҳозирги хитой, яъни хань халқининг аждодлари шарқий турклар (илк турк, прототурк) билан бундан 4 минг йил илгари дуч келишган. Шунда хитойлар (шя, хан) ушбу туркларни “Ғарбий замин одамлари” (Шиту чжи рен 西土之人) деб аташган. Бу одамлар ким эди деган савол очиқ қолмоқда.

    Иштирокчи олимларнинг эътирофича, Такламакон чўли атрофидан топилган ва табиий ҳолда қуриб қолган 5-6 йиллик жасадлар ҳам шу одамларга тегишли бўлмаганми деган савол ҳам келиб чиқади. Қолаверса бу чўл атрофидан тош қуроллар ҳам топилган. Ҳозирги Марказий Осиё давлатлари ҳудудидан ҳам олис ўтмишга тегишли тош қуроллар ва бошқа буюмлар топилганлиги маълум.

    Баҳсу мунозараларга бой бўлган яна бир маърузани Gazi университети Gazi таълим факультети Турк тили ва ижтимоий фанлар таълими кафедраси профессори Некати Демир “Алп Эр Тўнга – Туркий қавмларнинг отаси” номли маърузаси орқали тақдим этди.

    Маълумки, археологик топилмаларни ҳисобга олган ҳолда саклар/скифлар тарихи милоддан аввалги 2-минг йилликдан бошланади. Бироқ, улар билан боғлиқ манбалар жуда чекланган. Кўпинча афсоналарга асосланган бўлса-да, улар ҳақидаги маълумотларни милоддан аввалги VIII асрдан бошлаб кузатиш мумкин. Милоддан аввалги XII асрдан бошлаб улар Каспий денгизи ва Тянь-Шань тоғлари орасидаги улкан ҳудудда ҳукмронлик қилган. “Сака” атамаси форсча кўчманчилар сўзи билан синоним сифатида ишлатилади.

    • Алп Эр тўнгага оид қандай маълумот ёки янгилик бўлса тўплайман, сўнг ёзаман, – дейди Некати Демир. – Масалан, Ўғузхон достони, Бўзқурт достони, Эрганакхон достони, Турайш достони... Буларнинг ҳаммасини тўпладим. Шу жараёнда бир нарса эътиборимни тортди. Элп Эр Тўнга барча достонларнинг учида, яъни аввалбошида туради. Дастлаб мазкур достон ҳақида ёзишим керак эди, бироқ ҳамма достонлар унга боғлиқ бўлгани учун яна маълумотлар чиқиб қолса, мукаммал бўлмайди деб охирига қолдирдим бу ишни... Бутун достонларни нашр этгач, сўнгра Алп Эр Тўнга ҳақидаги изланишларимни бошладим. Бир куни унинг мозори Бухорада эканлиги ҳақида эшитиб қолдим. Ўша заҳотиёқ сафарга отланиб, Бухорога келдим. Тарихчи олим дўстларим билан кўришдим, суҳбатлашдим. Чиндан ҳам Алп Эр Тўнга қабрини шу қутлуғ маскандан топдим. Аслида бухороликлар унинг қабри шу ерда эканини билишар экан. Фақат бу мозор уларнинг диққатини тортмаган. Сўнгра мен бу янгиликни бутун турк дунёсига улашдим. Бироқ кўплаб европалик олимлар Алп Эр Тўнга исмли шахс аслида тарихда бўлмаганини, у мифологик қаҳрамон эканини иддао қилишди. Улар ҳамиша турклар тарихини ерга уриш учун шундай йўл тутадилар. Ўзбекистонлик олимлар билан маслаҳатлашиб қабрни очиб, бу улуғ қаҳрамонимизни турк дунёсига кўрсатмоқчимиз. Ҳали бутун дунё турклари келиб ушбу қабрни зиёрат қилади.

    Маърузага ўз мулоҳазаларини билдирган олимлар тадқиқотчи янги манбалардан фойлагангани ва ўзига хос хулосалари билан илмий давра эътиборини қозона олганини таъкидлашди.

    Иккинчи кундаги илмий-амалий анжуман муҳокамалари ҳам ўзига хос янгиликлар ва мулоҳазаларга тўла бўлди. Унда тилга олинган “Турк дунёсида имиграция ва ўзлик”, “Турк дунёсининг келажаги учун инсон капитали, инновациялар ва иқтисодий ўсиш ўртасидаги алоқа”, “Миллий туркистон мажмуаси библиографияси”, “Жадидларнинг Туркистон озодлиги учун курашдаги ўрни” мавзулари атрофида кечган давра суҳбатлари ниҳоятда қизғин кечди.

    – Туркистонда шўроларга қарши Туркистон мухторияти ҳукумати қўшинига дастлаб, Кичик Эргаш бош бўлди, – дейди Қатағон қурбонлари хотираси музейи катт аилмий ходими Баҳром Ирзаев. – Кичик Эргаш 1918 йил 19 – 21 февралда Қўқон шаҳрида бўлган уруш натижасида мағлубиятга учраб, Бачқир қишлоғига чекинади. 26 февралда Бачқирга қизил гвардиячилар ва арман дашноқлари ҳужум қилади. 27 февралда бўлган жангларда Кичик Эргаш ҳалок бўлгач, Катта Эргаш Фарғона водийсида большевикларнинг мустамлакачилик тартибига қарши кураш бошлайди. Тез орада ҳаракат бутун Фарғона водийси ҳудудларига тарқалади. Шу ўринда Мухториятнинг 10 йиллиги муносабати билан 1927 йил “Ер юзи” журналида босилган Рауф Яқубийнинг “Қўқон Мухторияти ва Эргаш” мақоласидаги мана бу сўзларни келтириб ўтмоқчиман: “1917 йил декабрь ойининг охирғи кунлари. Қўқон эски шаҳар кўчаларида жомеъсида, бозор ва майдонларида тўп-тўп оломон. Мухторият ҳукумати, Шўрои Ислом, Эргаш қўрбоши... Замон замон Шўройи Исломники...”

    Конференцияда тилга олинган барча мавзулар туркий халқлар тарихи ва бугуни қанчалар бир-бирига чамбарчас боғлиқ эканини яна бир бор исботлади. Анжуман якунида қардошларимизнинг бир-бирларига айтган мана сўзларидан бизнинг-да қалбимизга ёруғлик инди: “Бугун дунёнинг турклари бирлашяпти. Туркийлар ўзлигини англаши, тарихини билиши эса улкан муваффақиятларнинг бошланишидир!!”

    Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates