Андижон шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур ёдгорлиги ўрнатилган майдон ўрнида замонавий бизнес марказ қурилади.
Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, айни кунларда вилоят марказидаги “Бобур” шоҳ кўчасида жойлашган чорраҳада йўл ўтказгич қуриляпти. Шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур хотирасига атаб, барпо этилган майдон янги қурилаётган кўприк яқинида жойлашган.
Лойиҳа қурилиши якунлангач, ушбу майдон анчайин ёпиқ кўринишга келиб, майдоннинг бир қисми кўприк остида қолиб кетади.
"Илмий кенгаш вакиллари, Бобуршунослар ҳамда Андижон оқсоқоллари бошчилигида ушбу мавзу муҳокама этилиб, керакли хулосага келинди.
Унга кўра, улуғ бобокалонимиз ва буюк шоир хотирасини эъзозлаш мақсадида унга атаб ўрнатилган маҳобатли ҳайкал, шоҳ Бобурнинг ўзи туғилиб ўсган “Эски шаҳар” ҳудудидаги ўзбек тарихини ўзида акс эттирган “Регистон” майдонига кўчирилиб, майдонни ўзига хос қўшимчалар билан бойитиш ва янги, кўркам майдон барпо этишга келишилган. Ҳозирда бу режани амалга ошириш учун катта тайёргарликлар кўрилмоқда", дейилади хабарда.
Аввалги майдон ўрнида эса аҳолимиз учун “Savdo Mall” мажмуаси, кўнгилочар марказлар, офислар ва аҳолимизга хизмат кўрсатишга мўлжалланган бошқа турдаги замонавий бинолар барпо этиш лойиҳаси таклиф этилган.
Маълумот учун, ушбу майдон ўрнида турар жойлар қуриш режаси мавжуд эмас, тармоқларда кузатилган турар жой қурилиши ҳақидаги маълумотлар тасдиқланмайди.