Юртдошларимиз анор мевасини севиб истеъмол қилади. Шунинг учун ҳам халқимизда бу шифобахш мевага эҳтиёжи баланд.
Бугунги мақоламизда биз ана шу мева ҳақида қисқача тўхталамиз. Ўлкамизда анорнинг 3 хил тури ва 69 дан зиёд навлари ҳисобга олинган бўлиб, аччиқ анорнинг ўзи 3 хил навга эга, яъни «Асл қайин», «Паст қайин», «Қизил бош»ларидир. Нордон анорлар ҳам 3 хил навга эга бўлиб, улар «Асл қубодиён», «Кўк тери», «Аъло қайин»дир. Ширин анор икки хил навга эга, улар «Катта қизғиш» ва «Сариқ тун» деб аталади ва улардан келтириб чиқарилган «Қора марварид», «Оқ дона» (туятиш – Наманган) ва бошқалар дастурхонимиз безаги бўлиб келмоқда.
Анор кўчати асосан 4 хил усул билан кўпайтирилади:
Биринчи усул – анор донасидан етиштирилади, аммо бу усулда ниҳолнинг ўсиши секин ва сертикан бўлиб, меваси унча катта бўлмайди.
Иккинчи усул – дарахт тагидан ва танасидан ўсиб чиққан ёввойи новдалардан олиб кўпайтирилади. Бундай кўчат тез ўсади, аммо ҳосили кам бўлади.
Учинчи усул – дарахт шохларидан новда кесиб олиниб экилади, бу усулдаги ниҳол секин ўсади, аммо ҳосилдорлиги юқори бўлади. Мева қилган новдалардан олинса мақсадга мувофиқ бўлади.
Тўртинчи усул – анор дарахти новдаларидан бири эгилиб, ерга кўмилади. Бу усул «Палгари», Фарғона водийсида «Тизза» деб айтилади, ҳамда тез амал олиб ҳосилдорлиги ҳам юқори бўлади.
Энг маъқул ва яхши амал бўлмиш тўртинчи усулни баҳорда – анор очилиб ер текислангач, мева қиладиган ёки цинган новда дарахт ёнига кўмилади.
Икки йил йилдан кейин ўтказиб, яхши илдиз олган кўчатлар ковлаб олиниб, бошқа очиқ жойдаги ерга экилади. Анор кўчатининг етиштириш энг оддий ва арзон усули, бу илдиз бачкиларидан ва улардан чиққан новдалари билан қаламча экиб, кўчат тайёрлашдир. Қаламча қилинадиган новдалар кузда, анор барглари тўкилиб, бўлгандан кейин кесиб олинади.
Қаламчалар анор ҳосили териб серҳосил туп аниқлангач тайёрланади. Айрим ҳолларда кўкламда анор тупи очилгач, то куртак чиқаргунча тайёрласа ҳам бўлади. Тайёрланган қаламчалар 25-30 см узунликда бўлиб 20-30 донадан боғланиб, бир неча соатга қуёшга тиндирилган сувга солиб қўйилади ва оралиғи 15 см дан ерга экилади.
Ер усти қисми 5 см.дан зиёд бўлмаслигини эътиборга олган ҳолда экилади. Қаламчалар 4-8 ҳафтада илдиз олиб куртак олади. 2-3 ойда сув билан бирга, сувда яхши эрувчи ўғитлар билан озиқлантириш, ўта иссиқ ҳароратлардан ва сувсизликдан сақлаш чораларини бажариш мақсадга мувофиқ бўлади.
Об-ҳаво ва тупроқ шароитига қараб ўсиш даврида 10-15 марта суғорилади.
Анор шохларини парваришлашда у секин ўсувчи, тез синувчи ва нозик бўлиб, баландлигини 3-3,5 метрдан оширмаслик мақсадга мувофиқ бўлади.
Шифобахш, эҳтиёжи баланд экспортбоп, иссиқсевар анор маҳсулотига бўлган талабнинг катталиги тупроқ деярли танламаслиги бу ўсимликнинг ҳаммабоплигини таъмин этиб, боғбон ва тадбиркорларга кўпайтириш учун тавсия этилади.
З.Файзуллаев,
Ўзбекистон фермер,
деҳқон хўжаликлари ва томорқа
ер эгалари кенгаши бош мутахассиси









