“Ақлли шаҳар”нинг етти устуни

    Жаҳон аҳолисининг урбанизациялашув даражаси 2050 йилда 70 фоизга яқинлашади.

    Электрон ҳукумат марказининг расмий телеграм каналида «Ақлли шаҳар» ва унинг қандай бўлиши ҳақидаги фикр мулоҳазалар баён қилинди.

    Унда таъкидланишича, ҳозир Ер аҳолисининг катта ярми — шаҳарликлар ташкил қилиб, жаҳон аҳолисининг урбанизациялашув даражаси 2050 йилда 70 фоизга яқинлашади. Мегаполислардаги сингари замонавий имкониятлардан мосуво кам аҳоли яшовчи ва олис ҳудудларни одамлар тарк этиш жараёни тезлашиб бормоқда.

    Четдан аҳолининг оқиб келиши шаҳарларда транспорт тиқинлари, шаҳар хизматларига юкланма, энергия ресурслари истеъмоли ортиши, экологиянинг бузилиши каби муаммоларни келтириб чиқаради.

    Мазкур таҳлилий манбада Ақлли шаҳар нима ўзи? деган саволга қуйидагича жавоб берилган:

    «Оддий тушунтирганда, ақлли шаҳар бу — ахборот технологияларидан фойдаланиш шарофати билан, ҳам ҳукумат, ҳам аҳоли ва тадбиркорлар нуқтаи назарида, инфратузилма ва хизматларнинг самарадорлигига эришиш. Ҳокимлик хотиржам — чунки барча шаҳар хизматлари вазифасини кўнгилдагидек уддалаяпти, тадбиркорлар мамнун — шаҳар инфратузилмаси яхшилигидан бизнес юришмоқда, аҳоли бахтиёр — яшаш қулай, барча эҳтиёжлар қондирилган.

    Бироқ сўнгги йилларда, ресурслар камайиб кетаётгани, экология муаммолари танглашаётгани ортидан, «ақлли шаҳар» концепцияси янада кенгайтирилди. Энди ақлли шаҳар деганда нафақат 5Г ва сунъий интеллект каби ахборот-коммуникация технологиялари, балки улар билан ёнма-ён оқилона лойиҳалаштирилган замонавий транспорт, сув таъминоти, иситиш, ёритиш, чиқиндиларни олиб кетиш тизимлари ҳам тушунилади.

    Кўча чироғи фақат машина ёки пиёда ўтаётганида ёнади, сув қувурлари ёрилганида хабар келмайди, балки бузилишнинг олди олинади. Юз фоизлик «ақлли шаҳар»да ҳамма нарса ўйланган ва оптималлаштирилган бўлади: тураржой уйидаги барча асбоб-усукуналарнинг синхронлашувидан тортиб, жамоат транспорти йўналишларигача, чиқинди ташувчи машиналар ҳаракатидан тортиб маҳаллий ҳокимият муҳим қарорлар қабул қилишида кўмаклашувчи ИТ-технологияларгача»

    Шунингдек, ақлли шаҳарда қуйидаги жиҳатлар кўзга ташланиши таъкидланади:

    • «Хавфсиз шаҳар — Фуқароларнинг шаҳар ичида самарали ҳаракатланишининг йўлга қўйилиши. (ақлли йўллар, ақлли транспорт, ақлли парковкалар).
    • Атроф-муҳит муҳофазаси — ифлосланиш ва кўкаламзорлаштириш назорати.
    • Ақлли коммунал хизматлар — сув, энергия таъминоти, чиқиндилар.
    • Шаҳар бошқарувида фуқароларнинг фаол иштироки — электрон ҳукумат.
    • Қулай электрон таълим ва тиббиёт — телемедицина, масофавий таълим.
    • Кучли алоқа воситалари ва таҳлил тизими.
    • «Ақлли» бўлишга интилаётган жаҳон шаҳарлари юқоридаги йўналишларда турлича босқичларда ривожланиш йўлларини босиб ўтган»

    Қайси технологиялар одатий шаҳар ҳаётини «ақлли»га айлантира олади? Деган саволга қуйидагича жавоб берилади:

    "Interesting Engineering" нашрининг фикрича, 7 та асосий ахборот технологиясисиз Смарт Cитй тамойилини тўлақонли амалга ошириш мумкин эмас. Айнан уларнинг негизида юқори технологияли келажак шаҳарлари учун ишланмалар яратилмоқда.

    Булар қуйидагилар:

    — ИоТ (Нарсалар интернети). Барча асбоблар ва қурилмалар ўзаро алоқада ишлаши ва юқори самара келтириши учун, улар узатгичлар билан жиҳозланиши ва булутли сервислар ёрдамида бир экотизимга бирлаштирилиши лозим.

    — Геолокация. Шаҳарни режалаштиришда ва хизматлар фаолиятида объектларнинг жойлашган ўрни ҳақидаги маълумот жуда муҳим. Геокенглик технологиялари айнан шу маълумотларни тўплайди ва таҳлил қилади.

    — Роботлар. Роботларнинг аҳоли туражойлари, ишхона ва жамоат жойларига интеграциялашуви нафақат одамларни оғир ва ёқимсиз меҳнатдан халос этади, балки шаҳар инфратузилмаси ва хизматлари самарадорлигини ошириб, харажатларни қисқартириш имконини беради.

    — ХР-технологиялар. Виртуал тўлдирилган кенглик — тўртинчи саноат инқилобининг асосий унсурларидан бири. 2020 йилдан бошлаб, коронавирус пандемияси туфайли, бу технологиялар ақлли шаҳарни ривожлантиришнинг асосий йўналишларидан бирига айланди. ХР технологиялар муаммоларни масофадан туриб (АР-кўзойнаклар) ҳал этиш ёки одамларга муҳим, бироқ кўникмаси шаклланмаган нарсалар (ВР-тренажёрлар)ни ўргатиш имконини беради.

    — Сунъий интеллект. Нейротармоқларсиз ақлли шаҳар ишлаб чиқарувчи улкан маълумотлар оқимини реал вақт тартибида таҳлил қилиш имконсиз. Ҳайдовчисиз жамоат транспортининг йўналишини белгилаш, автомобиль трафиги ва электр тармоғини интеллектуал бошқариш, дронларда етказиб бериш хизматлари ва бошқаларни фаолиятини сунъий интеллектсиз тасаввур ҳам қилиб бўлмайди. Шаҳар «соғми», унинг «ҳаётий муҳим аъзолари» ишлаяптими — буларни тушунишимизда нейротармоқлар беқиёс ўрин тутади.

    — 5G мобил тармоқлари. 3G ва 4G замонавий талабларга жавоб бермайдиган даражада эскирди. Ақлли шаҳар ишлаб чиқарувчи улкан маълумотлар оқимини ташишга бу мобил тармоқларнинг кучи етмайди. Ақлли шаҳар тўлақонли ишлаши учун фақат 5Г-тармоқлар керак.

    — Блокчейн. Бутун тизимнинг шаффофлиги учун керак. Воситачисиз транзакцияларни амалга ошириш имконини берувчи ўзи бажарилувчи шартномалар ёки смарт-шартномаларда фойдаланилади»

    Жаҳоннинг «энг ақлли» шаҳарлари: Сингапур, Нью-Йорк, Сан-Франсиско, Лондон, Сюрих, Амстердам, Копенгаген ва Стокголм.