Тошкент шаҳрини 2045 йилгача қандай тасаввур қиласиз?

    “Park and ride” тамойили шаҳар ичидаги тирбандликларни бартараф этишда кутилган натижа берадими?

    “Янги Ўзбекистон” газетасининг 22.10.22 йил, 217-сонида “Тошкент шаҳри 2045 йилгача: мақбул шаҳарсозлик, қулай инфратузилма, кўпроқ яшиллик” сарлавҳали мақола эълон қилинди. Унда янги лойиҳада нималар акс этгани, Тошкент шаҳрида яқин йилларда нималар ўзгариши борасида мутахассислар маълумотлари билан танишишингиз мумкин.

    Мамлакатимиз пойтахти — азим Тошкент шаҳрининг яқин келажакдаги қиёфасини ҳозирдан тасаввур қилиш қийин эмас. Баланд ва замонавий бинолар, инновацияларга асосланган инвестицион лойиҳалар, жаҳоннинг энг илғор тажрибалари акс этган тураржой ва дам олиш масканлари қурилиши эртанги кунга хос ва мос бўлади. Аммо бу жараёнлар аввалгидек ўзбошимчалик билан эмас, аниқ стратегия, дунё андозаларига мос талаблар ҳамда шаҳарсозлик меъёрлари асосида олиб борилади. Бу экологик муҳитни яхшилашдан тортиб, йўллар инфратузилмасига тушаётган босимларни камайтириш сингари энг муҳим вазифалардан иборат. Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача бўлган Бош режаси лойиҳаси шу асосда ишлаб чиқилган.

    Давлатимиз раҳбари 18 октябрь куни “ТошкентбошпланЛИТИ” давлат унитар корхонаси томонидан тайёрланган лойиҳа билан танишар экан, ҳозирги шароитда стратегияни аниқ белгилаб олиб, шунга мос ҳаракат қилиш лозимлигини таъкидлади.

    Айни дамда Тошкент шаҳрининг ҳудуди 43 минг гектар, аҳолиси сони 3 миллионга яқинлашган. Инфратузилма тармоқларига юкламалар ортган. Транспортлар кун сайин кўпайиб, йўл ҳаракати қийинлашиб бормоқда. Шаҳарсозлик, саноатнинг ривожланиши ҳисобига чанг, тутун экологияга салбий таъсир кўрсатмоқда. Бу масалаларнинг ечими осон эмас. Аммо улар келгусида жиддий тус олмаслиги учун шаҳарнинг Бош режасида ечимлари ҳам таклиф этилган.

    Лойиҳага жиддий ва пухта ёндашилди. Бош режа устида чет эллик ва маҳаллий лойиҳачилар икки йил давомида ишлашди. Жараёнга Туркиянинг шаҳарсозлик бўйича 40 йиллик тажрибага эга мутахассислари жалб этилди. Нидерландия билан ҳам ҳамкорликда иш олиб борилди. Дунёда энг мақбул деб тан олинган Европа шаҳарсозлик стандартларидан фойдаланилди. Маҳаллий мутахассисларимиз ҳамкор давлатларда бўлиб, уларнинг тажрибаларини ўрганганларини айтишди. Масалан, Европа давлатлари шаҳарсозлигининг энг катта ютуқларидан бири экологияга катта эътибор қаратилиши ва яшил ҳудудларнинг кўплигида. Қолаверса, йўлларда пиёдалар ва велосипед йўлакларига катта устунлик берилади, автомобилларга эса кейинги ўринларда. Ана шу тажрибаларнинг юртимиз иқлим шароити ва шаҳримизга мос жиҳатлари олиниб, амалиётга интеграция қилинмоқда.

    Меъморий қиёфа сақлаб қолинади

    Лойиҳанинг асосий қисми — бу аниқ вазифаларга асосланган стратегиялар. Яъни аҳолининг ўсиши, транспорт ва муҳандислик тармоқлари, иқлим ўзгаришлари таҳлил қилиниб, шу асосда транспорт “тугунлари” ва аҳоли пунктларини ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилди. Унда инфратузилма, транспорт, логистика, яшил ҳудудлар, бино ва иншоотлар жойлашувида шаҳарсозлик нормалари каби ҳозирги кундаги асосий муаммоларга ечимлар келтирилган бўлиб, уларни бартараф этиш чоралари ҳамда келгусида такрорламаслик ҳисобга олинган. Демак, 2045 йилгача бўлган бош режага кўра, пойтахтимизнинг яқин келажакдаги қиёфаси бугунгисидан фарқ қилади.

    Саидазим ШАРИПОВ,

    “ТошкентбошпланЛИТИ” давлат унитар корхонаси шаҳарсозлик ва илмий лойиҳалар бўйича бош директор ўринбосари:

    — Шаҳарнинг бош режаси — бу эртага шаҳарнинг қандай ривожланишини акс эттирувчи харита, дейиш мумкин. Олдинги даврларда ҳам шаҳарларнинг бош режаси бўлган, лекин уларнинг ғоялари, тартиби бугунги замон талабларига жавоб бермайди. Уларда ҳар битта бинонинг жойлашуви, ҳудуднинг ҳар бир детали ишлаб чиқилган. Фақат давлат бош лойиҳачи, давлат бош қурувчи сифатида қаралган. Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача бўлган Бош режаси лойиҳасини тайёрлашда эса жараённинг бошидан охиригача жаҳоннинг илғор тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда, мутлақо янгича ёндашув бўлди.

    Биз яратган стратегия бозор иқтисодиёти тамойилларига асосланади. Яъни лойиҳани амалга оширишда фақат давлат эмас, тадбиркор, инвестор ва бошқалар иштирок эта олади. Қолаверса, стратегияда алоҳида йўналишларда ишлар олиб борилган. Шаҳарнинг қайси ҳудуди қандай ривожланиши, қандай функцияга эга бўлиши керак, бинолар баландлиги, зичлиги қандай бўлади, ўша ҳудуд келажакда ўзгарадими ёки йўқ, қайси ҳудудлар ўз ҳолича сақлаб қолинади, деган саволлар бўйича таҳлилларга асосланган аниқ жавоблар кўрсатилган.

    Шаҳарнинг тарихий ҳудудлари мисолида оладиган бўлсак, Тошкентнинг эски маҳалласи ўзига хос ҳудуд. Шу боис, уни сақлаб қолиш ёки қайта қуриш борасида кўплаб музокаралар бўлади. Аҳолининг ўзи ҳам турлича фикрда. Биз эса масалага шаҳарсозлик нуқтаи назаридан ёндошамиз ва олдимизда шароитдан келиб чиққан ҳолда шаҳарнинг ўзига хослигини сақлаб қолиш вазифаси туради. Стратегияда ана шу маҳалланинг мавжуд қиёфасини сақлаб қолиш назарда тутилган. Ҳудуд бирор инвесторга берилган тақдирда ҳам, уларга уйларни янгилаши мумкинлиги, фақат архитектура ва қиёфасини сақлаб қолиши талаби қўйилади.

    Шаҳарсозлик меъёрларини белгилашда, аввало, одамларга қулайлик яратиш, уларнинг замон талабларига мос тарзда ўсиб борадиган эҳтиёжларини инобатга олишга бирламчи вазифа сифатида қаралди. Масалан, ҳудудлар кенгайиб, ижтимоий-иқтисодий ривожланиб боряпти. Айрим ҳудудлар саноатга ихтисослашяпти. Саноат корхоналаридан чиқадиган зарарли тутунлар эса атмосфера ҳавосига таъсир этмасдан қолмайди. Шу боис, лойиҳада саноат ҳудудларни шаҳардан ташқарига чиқаришни режалаштирганмиз.

    Яна бир муҳим масала — биноларга ижтимоий талаблар белгилаш. Масалан, шаҳар ичида кўп қаватли иншоот қурилгудек бўлса, унинг турига қараб мактаб, боғча, маиший хизмат, автотураргоҳ, кўкаламзорлаштириш майдони қуриш каби меъёрлар қўйилади. Ҳозирги вақтда янги қурилишга рухсат берилаётган турар жойларда мактаб-боғчанинг йўқлиги, ижтимоий объектларнинг етарли эмаслиги каби муаммолар бор.

    Стратегияда ҳар бир ҳудуднинг аниқ ривожланиш йўналиши белгиланган. Мисол учун, Чилонзор, Юнусобод туманларидаги 4–5 қаватли уйлар ёнида янги қурилишлар бўлишидан аҳоли норози. Чунки, бу ҳудудларда шундоқ ҳам аҳоли зичлиги етарли ва шунга мослаб уйлар қуриб бўлинган. Агар қўшимча ёки 4 қаватли уйлар ўрнига кўпроқ қаватли тураржой бинолари қурилса, ҳудудга ва ундаги транспорт тизимига, электр тармоғига босим ортиб бораверади. Шуларни инобатга олиб, лойиҳада ўша ҳудудларда янги тураржойларни қуриш таъқиқланади. Фақат аҳоли эҳтиёжларидан келиб чиқиб, ижтимоий соҳа объектларини қуриш мумкин. Эскирган ва авария ҳолатидаги уйлар эса ўз-ўзидан қайта таъмирланади.

    Шаҳар кенгайгани сари инфратузилма масаласи ҳам ўртага чиқади. Масалан, ҳозирги кунда пойтахт аҳолисини ичимлик сув билан таъминланганлик даражаси 95 фоиз. Бу тизим ўз имкониятида ишлаяпти. Бироқ янги қурилишлар, тураржой бинолари ҳисобига ичимлик сувга талаб ҳам ортади. Шу боис, ривожланиш ҳудудлари учун асосан шаҳарнинг жанубий-ғарбий қисми танланди. Бу жойлар ҳам сейсмик жиҳатдан қулай, ҳам ичимлик сув билан таъминлаш учун янги лойиҳалар мавжуд. Шаҳарнинг шимолий-ғарбий қисмида эса аҳолини зичлаштириш режалаштирилмаган.

    Янги “боғловчи” йўналишлар

    Охирги йилларда кўплаб ривожланган давлатларда транспорт йўлларидаги тирбандликлар жиддий масалалардан бирига айланган. Кўпчилик бу масаланинг энг мақбул ечими йўлларни кенгайтириш, деб ҳисоблайди. Аммо мутахассислар бошқачароқ фикрда. Шаҳар ичида йўллар қанча кўп кенгайтирилса, унда ҳаракатланадиган машиналар оқими шунча ортар экан. Гап шундаки, кенгайтирилган йўл шаҳарнинг қайсидир қисмига бориб барибир тораяди. Бу АҚШ тажрибасида ҳам кузатилган. Йўл қурувчилар Чикаго штатига олиб борадиган битта автойўлни икки баробар кенгайтирганида, транспорт оқими камайиш ўрнига, аксинча, 4 баробар ошган. Аниқланишича, авваллари тирбанд йўлни бошқа томондан айланиб ўтган ҳайдовчилар йўл кенгайтирилгач, бари шу томонга ҳаракатлана бошлаган, натижада тирбандлик янада ортган.

    Хўш, Тошкент шаҳрида бу масалага қандай ечимлар таклиф этилмоқда? “Park and ride” тамойили кутилган натижа берадими?

    Мурод ОБИДОВ,

    Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Тошкент шаҳар транспорт тизимини комплекс ривожлантириш лойиҳа офиси раҳбари:

    — Шаҳарда тирбандлик муаммосини ҳал этиш учун, аввало, жамоат транспорти қулайлаштирилади. Яъни, уларнинг сони оширилиб, барқарор ҳаракатланиши таъминланади, ахоли учун қулай жойларда бекатлар жойлаштирилиб, қулай шароит яратилади. Тасаввур қилинг, манзилга етиб олишда жамоат транспортида тирбандликда кутмасдан, борадиган объектингизга максимал яқин жойлашган бекатда тушиб, кафолатланган вақтда етиб оласиз. Шу билан бирга, бундан буён шахсий транспорт учун автотураргоҳлар жойлари чекланади ва марказдан четроқ худудларга чиқарилади. Шунда кўпчилик автомобиль ўрнига жамоат транспортида ишга қатнайди. Масалан, Европа давлатларида шундай. Ўзимизда бу шароитни яратиш учун имкониятларимиз кўриб чиқилди. Бизда йўллар тармоғи етарли, фақат уларга тезюрар жамоат транспортини интеграция қилиш лозим. Йўлларимиз кенглиги ҳисобига жамоат транспорти учун алоҳида йўл қисмини ажратиш имконимиз ҳам бор. Айрим ҳудудларда шунга ҳаракатлар бошланган. Масалан, пойтахтимизнинг Навоий кўчасида йўлнинг бир қисмида автобус ҳаракати учун алоҳида йўл ажратилди. Бу йўлга автомобилларнинг кириши тақиқланган бўлиб, ҳозир у ерга назорат учун кузатув камералари ўрнатиляпти.

    Тошкент шаҳри охирги йилларда сезиларли кенгайиб, нафақат пойтахт аҳолиси, балки ҳудудга кириб-чиқувчи автомобиллар ҳаракати ҳам ошиб боряпти. Шаҳар аҳолисининг 1,3 миллиони доимий иш билан таъминланган бўлиб, уларнинг кунлик ишга бориш-келиш эҳтиёжи мавжуд. Пойтахтга кунлик 1,4 миллион аҳоли кириб келади ва улар ҳам камида икки марта ҳаракатланиш эҳтиёжига эга. Умумий ҳисобда 5 миллиондан ортиқ одамнинг кунлик ҳаракатланишига эҳтиёж бор. Аммо жамоат транспортида атиги 1 миллион йўловчи ташилмоқда. Шахсий транспортга эга оилалар 23 фоизни ташкил этади, лекин ташувларнинг 80 фоизи енгил транспорт воситаларига тўғри келаётгани йўлларимизда юкламаларнинг ортиб боришига сабаб бўлмоқда. Қолаверса, бу кўрсаткич жамоат транспорти тизимининг етарли даражада ривожланмаганини билдиради.

    Шу боис, аҳоли талаб ва эҳтиёжларини сифатли, хавфсиз ҳамда қулай транспорт хизматлари билан қондириш мақсадида Тошкент шаҳри жамоат транспорти тизимини истиқболли ривожлантириш режаси ишлаб чиқилган. Бу бевосита шаҳарнинг Бош режасида акс этган бўлиб, унда бир қанча аниқ тадбирлар амалга оширилади.

    Биринчи галда, жамоат транспорти тармоғининг янги йўналишлар тизими жорий этилиб, шаҳарнинг исталган нуқтасига кафолатланган вақт ичида етиб олиш имкониятини берадиган ўзаро боғланган “Етказиб чиқувчи”, “Магистрал” “Ҳалқа” ва “Боғловчи” йўналишлар ишга туширилади. Ҳаракат таркиби тўлиқ янгиланиб, кичик сиғимли автобуслар ўрнига катта сиғимли экологик ва самарадорлик кўрсаткичлари юқори бўлган замонавий автобуслар сони кўпайтирилади. Ҳаракатланишга талаб юқори бўлган асосий магистрал йўлларимизда автобуслар учун алоҳида йўлаклар ташкил этиш ҳам кўзда тутилган. Уларда 18 метрлик ўта катта сиғимли автобуслар йўлга қўйилиб, чорраҳаларда ҳаракатланиши учун устуворлик таъминланади.

    Агламерация худудидан кунлик кириб келадиган ахоли учун янги замонавий электропоездлар харакати йўлга қўйилиб, улар метрополитен линиялари ва транспорт ўтиш боғламаларига интеграция қилинади. Тасаввур қилинг, Тошкентда ўқийдиган талаба Чирчиқ шахридан 30 дақиқада метрога етиб олади ва яна 30 дақиқада метро линиясида жойлашган олий таълим муасссасасига етиб келади.

    Аҳоли зичлигига мос равишда жамоат транспорти бекатлари 5 дақиқадан 15 дақиқагача пиёда етиб олиш масофасида жойлаштирилади. Тошкент шаҳри транспорт оқимларини ягона бошқарув маркази ташкил этилади. Бунда барча светофор объектлари бошқарув тизимига боғланган ҳолда транспорт оқимларини самарали тақсимлаш йўлга қўйилади. Янги барпо этиладиган ҳамда жорий транспорт ҳаракатига катта эҳтиёж бўлган ҳудудларда бир соатда 12 мингтагача йўловчи ташиш имконияти эга замонавий трамвай тизими жорий этилади.

    “Park and ride” тамойили асосида шаҳар чеккаларида автотураргоҳлар ташкил этилиб, жамоат транспортига ўтиш боғламалари билан интеграция қилинади. Унга кўра, шаҳар атрофидан келаётган йўловчилар автомобилини марказга киришдаги автотураргоҳларда қолдириб, ичкарида тезюрар жамоат транспортларидан фойдаланиши керак бўлади. Бу аҳоли учун ҳам анча қулай. Масалан, Сергели туманида метро бекати қурилганидан кейин худди шундай ҳолатни кузатяпмиз. Шаҳар бўйлаб автотураргоҳларни тартибга солиш, улардан фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилган тадбирлар белгиланган. Афсуски, ҳозирги вақтда янги қурилаётган уйларда автотураргоҳларга етарлича эхътибор қаратилмаяпти. Стратегияда ана шу талаблар ҳам белгиланган.

    Умуман, мазкур бош режаси лойиҳасининг асосий йўналишларидан бири транспортдан фойдаланиш қулайлигини оширишга қаратилган. Чунки бундан буёғига аҳоли сони ортиб, кўчаларда автомобиллар сони кўпайиб бораверади. Бу ривожланиш билан боғлиқ табиий жараён. Бизнинг вазифамиз бунга мослашувчи янги лойиҳаларни ишлаб чиқишдан иборат. Лойиҳа бўйича 32,6 километр метро, 32 километр темирйўл, умумий узунлиги 471 километр бўлган 25 та транспорт коридорларида алохида автобус йўлаклари қуриш кўзда тутилган. Шунингдек, 28 та транспорт ўтиш боғламаалари ишга туширилади.

    Пойтахтга туташ “Янги Тошкент”

    Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача бўлган Бош режаси лойиҳаси “Янги Тошкент” концепцияси билан мутаносиб тайёрланган. Бу янги шаҳар пойтахтимизнинг шарқий қисмида, Чирчиқ ва Қорасув дарёлари оралиғида барпо этилади. 500 минг аҳолига мўлжалланган ҳудудда истиқболли ривожланиш ва қурилиш, янги шаҳар билан пойтахтни бирлаштирувчи асосий йўллар схемалари ишлаб чиқилган. 20 минг гектар ҳудуд 3 босқичга бўлинган. Биринчи босқичда 6 минг гектар майдонда қурилиш ишлари олиб борилади. Ҳудуднинг 2 минг гектарида маъмурий марказ жойлашиши кўзда тутилган. Бу маъмурий марказда маданий ва технологик марказлар, университетлар, эксполар барпо этилиб, дунё миқёсида ўтказиладиган ҳар хил тадбирлар учун шароит яратилади. Ҳозирда қурилиши бошланган Олимпия шаҳарчаси бунинг бир мисоли. Ундан ташқари, одатий шаҳарлардаги каби аҳоли яшаш пунктлари ва бурча турдаги ижтимоий соҳа объектлари, хизмат кўрсатиш марказлари, маданиш дам олиш масканлари бунёд этилади.

    — Биз бу ҳудудларни шаҳарнинг давоми эмас, “Янги Тошкент” деб атаяпмиз, — дейди Саидазим Шарипов. — Ҳар бир ривожланган давлатнинг битта иқтисодий, битта сиёсий маркази бўлади. “Янги Тошкент” мамлакатимизнинг қайсидир маънода сиёсий марказига айланади. Президентимиз пойтахтнинг меъморий қиёфасини сақлаб қолиш, келгусидаги қурилишларни шаҳар ташқарисида қилиш вазифасини қўйган эди. Шу жиҳатдан, катта-катта қурилиш объектларининг шаҳар ташқарисига олиб чиқилиши шаҳримиз шароити, экологик муҳитни яхшилашга ёрдам беради. Лекин у марказ бевосита Тошкент шаҳри билан боғланган бўлади.

    “Янги Тошкент”ни қуришда пойтахтда қилинган хатоларни такрорламаслик, у ерда яшил ҳудудларни кенгайтириш белгиланган. Глобал исиш кузатилаётган ҳозирги дунёда яшиллик жуда муҳим. Бугунги кунда Тошкент шаҳрида 7 минг гектар яшил майдонлар мавжуд бўлиб, бу етарли кўрсаткич эмас. Пойтахтимизда яшил ҳудудларни 25 минг гектарга етказиш мақсад қилинган. Бунинг учун “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси сингари катта ишлар амалга ошириляпти. Бош режа лойиҳасида ҳам бунга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, катта ҳалқа йўли атрофида “яшил камар” яратиш, яшил коридорлар, шаҳардан ўтган каналлар бўйида тематик боғлар ташкил этиш кўзда тутилган.

    Давлатимиз раҳбари томонидан Тошкент шаҳри атрофида 130 километр узунликдаги дарахтзор ва барча инфратузилмаларга эга яшил белбоғли йўл ташкил қилиш масаласи ҳам ўртага қўйилган. Ўзбекистоннинг бошидан охиригача бўлган ҳудудларида жорий қилиниши мумкин бўлган “Яшил йўл” лойиҳаси тақдимоти маъқулланди.

    Мутахассисларнинг айтишича, яшил ҳудудлар бизнинг иқлим учун зарур. Дарахтзорлар иссиқликни ютиб, ҳавони салқинлаштиради, чанг-тўзонни тўсади. Аммо “яшил белбоғ” фақат дарахтзордан иборат бўлмайди. У қишлоқ хўжалиги ерлари, боғ-роғлар, дам олиш масканларини ҳам қамраб олади. Одамлар 130 километрни яшил ҳудудга айлантириш шунчаки хаёл, дейиши мумкин. Бироқ лойиҳа муваффақиятига лойиҳачиларнинг ишончи комил. Масалан, Африкадаги 8 минг километрга чўзиладиган Сахара чўлларининг кенгайиши учун амалга оширилаётган “яшил тасма”ни олайлик. Бугунга қадар лойиҳанинг 15 фоизи амалга ошди. Бизнинг лойиҳа кўлами эса ундан бир неча баробар кичик, демак бу имконсиз нарса эмас.

    Бу тасма шаҳарни яшиллик билан ўраб олади. У нафақат экологик жиҳатдан фойдали, балки шаҳар атрофидаги аҳоли учун ҳам яшил дам олиш масканига айланади. “Яшил камар”нинг бир қисми сув бўйларидан иборат бўлади. Хусусан, Чирчиқ дарёси бўйида асосан яшил ҳудуд, маданий марказлар, дам олиш, овқатланиш масканлари барпо этиш кўзда тутилган. Дарё суви ҳозирча кам. Аммо қачонлардир кўпайган тақдирда ҳам, уни мавжуд ҳимоя чизиғи тўсиб туради.

    Шундай қилиб, Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача мўлжалланган Бош режасида ҳар бир жиҳат эътиборга олинган. Гарчи лойиҳа маъқулланган бўлса-да, ҳар 5 йилда замон талаблари асосида қайта кўриб чиқилади. Лойиҳа устида доимий ишланиб, стратегия давомли тарзда янгиланиб борилади.

    Яна бир жиҳат, маъқулланган стратегия халқ муҳокамасига қўйилади. Қурилишлар одамларнинг фикр ва таклифларини ўрганган ҳолда амалга оширилади. Халқимизга аталган янги шаҳар бунёдкори ҳам шу халқнинг ўзи бўлади.

    Ирода ТОШМАТОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates