“Ақлли” шаҳарсозлик замонавий, қулай ва хавфсиз турмуш кафолати

    Кувайт — Форс кўрфазидаги бебаҳо марваридлардан бири, дунёдаги энг қиммат валютага эга, юқори даромадли мамлакат.

    Мамлакатимизнинг оқилона ташқи сиёсати туфайли халқаро ҳамкорлик уфқи кенгайиб, кўплаб нуфузли давлатлар билан азалий ришталар кучли стратегик шериклик даражасига кўтарилиб бормоқда. Хусусан, Ўзбекистон ва Кувайт ўртасидаги дўстона ҳамкорлик йилдан йилга мустаҳкамланиб, икки давлат ўртасидаги муносабатлар турли соҳаларда, жумладан, иқтисодиёт, савдо, инвестиция, таълим ва маданият каби йўналишларда фаол ривожланмоқда. Бунга ёрқин мисол сифатида икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг шартномавий-ҳуқуқий базаси 27 ҳужжатдан иборат эканини келтириш мумкин. Бу эса икки томонлама ҳамкорликнинг мустаҳкам ҳуқуқий асосга эга эканидан далолат беради.

    Кувайт — Форс кўрфазидаги бебаҳо марваридлардан бири, дунёдаги энг қиммат валютага эга, юқори даромадли мамлакат. Жаҳон банки маълумотларига кўра, унинг ялпи ички маҳсулоти 2023 йилда 161,77 миллиард АҚШ долларини ташкил этган. Иқтисодиётининг асосини нефть экспорти ташкил этади.

    Ўтган йили Ўзбекистон ва Кувайт ўртасида икки томонлама иқтисодий ҳамкорликда алоҳида фаоллик кузатилди. Аҳамиятлиси, икки давлат ҳам ўз ривож­ланишини минтақавий ҳамкорлик билан боғлиқ деб билади. Ўзбекистон Марказий Осиё интеграциясида муҳим аҳамият касб этса, Кувайт Форс кўрфази мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришда етакчилик қилади.

    Икки томонлама саъй-ҳаракатлар натижасида Кувайт йирик компаниялари ва молия институтлари вакилларининг Ўзбекистонга 50 дан ортиқ бизнес мис­сияси ташкил этилди. Бу эса Кувайт ишбилармон доираларининг мамлакатимизга қизиқиши ортиб бораётганини кўрсатади.

    Масалан, ўтган йили 100 дан ортиқ ўзбекистонлик тадбиркор Ал-Кувайт шаҳрига борди. Бу ўзбекистонлик ишбилармонларнинг ҳам Кувайт бозори билан яқиндан танишишга интилаётганини билдиради. Фаоллашувнинг бу ривожи бежиз эмас, албатта. Кувайт араб минтақасида Ўзбекистон учун ҳар томонлама манфаатли шерик. Жумладан, Кувайт араб иқтисодий тараққиёт жамғармаси ва бир қанча етакчи компаниялар раҳбарлари юртимизда бўлди. Улар Ўзбекистоннинг инвестиция салоҳияти билан яқиндан танишиб, ҳамкорлик лойиҳаларини муҳокама қилди. Албатта, ушбу фаол алоқалар икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг янада ривож­ланишига, ўзаро манфаатли лойиҳаларнинг амалга ошишига хизмат қилади.

    Жаҳон мамлакатларида шаҳарларнинг ўсиши ва ривожланиши янгича ёндашувларни талаб этмоқда. “Ақлли” технологиялар, инновацион ечимлар шаҳар инфратузилмасини такомиллаштириш, аҳолининг турмуш сифатини ошириш, экологик муаммоларни ҳал этишда муҳим ўринга эга бўлмоқда. Бу борада Ўзбекистон ва Кувайт ўртасидаги ҳамкорлик алоҳида эътиборга лойиқ. Президентимизнинг жорий йил 17-18 февраль кунлари Кувайт­га расмий ташрифи мазкур смарт йўналишдаги алоқалар учун янги саҳифалар очди. Боиси, ушбу ташриф давомида “ақлли” шаҳарсозлик ва ҳудудий ривожланиш соҳасидаги ҳамкорлик масалалари кенг муҳокама қилинди.

    “Ақлли” шаҳарлар замонавий технологиялар ва инновацион ечимлар ёрдамида бошқариладиган, аҳоли учун қулай ва хавфсиз шароитлар яратиладиган шаҳарлардир. Улар энергия тежамкорлиги, экологик тозалик, транспорт тизими самарадорлиги, хавфсизлик ва бошқа кўп­лаб афзалликларга эга. Ўзбекистонда ҳам “ақлли” шаҳарлар қуришга катта эътибор қаратилмоқда. Иккала мамлакат ҳам бу йўналишда иқтисодий шаффофликка интилиб, рақамли технологияларни иқтисодиётига жадал жорий этмоқда. Самарқанд, Бухоро, Наманган каби шаҳарларда “ақлли” шаҳар лойиҳалари амалга оширилмоқда.

    Юртимизда “ақлли” шаҳарсозлик бў­йича қилинаётган бунёдкорлик ишлари кўлами жойларда фойдаланишга топширилаётган янгидан янги объектлар, инновацион кўриниш ва шароитга эга замонавий турар жойлар мисолида яққол кўзга ташланмоқда. Қурилиш соҳасидаги бундай жараён нафақат шаҳар ва қиш­лоқлар қиёфасини ўзгартирди, балки одамлар ҳаётига ўзгача мазмун-моҳият бағишлади.

    Ўзбекистондаги бунёдкорлик жараёни “яшил иқтисодиёт”, урбанизация, қурилишда муқобил энергия ва албатта, аҳолини уй-жой билан таъминлаш борасидаги ижтимоий сиёсатга йўғрилгани учун ҳам алоҳида эътиборга молик. Мамлакатимиздаги ҳозирги “ақлли” шаҳарсозлик тизими, қурилиш индустриясини ана шу омилларсиз тасаввур қилиш мушкул. Шу жиҳатдан олганда, ке­йинги 7 йилни соҳадаги инқилобий бурилиш даври бўлди, десак муболаға бўлмайди

    Фойдаланишга топшириладиган кўп қаватли уйлар томида қуёш панели ўрнатиш одатий ҳолга айланди. Шунингдек, ҳудудларда аҳоли хонадонларига кичик қувватли қуёш панелларини ўрнатишни рағбатлантириш бўйича “Қуёшли хонадон” дастури ўзини оқлади.

    Аҳоли учун янги уй-жойлар қуриш ҳажми оширилди. Республика, шаҳар, шаҳарчаларнинг бош режаси ҳамда қиш­лоқ (овул), аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш бў­йича 2023-2027 йилларга мўлжалланган дастур, кўплаб қарорлар шакллантирилди.

    Шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш бўйича ахборот тизими тўлиқ рақамлаштирилди. Бунда ариза берувчилар уйдан чиқмаган ҳолда мурожаат қилиши, қисқа муддатда тегишли экспертиза хулосаларини олиши учун имконият яратилди.

    Ўз ўрнида Кувайт ҳам “ақлли” шаҳарсозлик соҳасида катта тажрибага эга. Ушбу мамлакатда замонавий технология­лар ва инновацион ечимлар асосида бир нечта “ақлли” шаҳарлар бунёд этилган. Ўзбекистон Кувайтнинг “ақлли” шаҳарсозлик борасидаги тажрибасини ўрганиб, ўз шаҳарларида замонавий технологияларни жорий этиши халқимиз учун ҳам муҳим манфаатга эга. Кувайт учун ҳам бу лойиҳа муҳим бўлиб, Ўзбекис­тоннинг қулай инвестиция муҳитидан фойдаланиб, ўз технологиялари ва инновацион ечимларини юртимиз бозорида тақдим этиш имкониятига эга.

    Бунда икки ҳамкор ўртасидаги “ақлли” шаҳарсозлик ва ҳудудий ривожланиш йўналишлари — “ақлли” шаҳарлар қуриш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, замонавий технологиялар ва инновацион ечимларни ишлаб чиқиш, жорий этиш, шаҳар инфратузилмасини модернизация қилиш, кадрлар ва тажриба алмашинуви каби муҳим вазифаларни қамраб олади. Шунинг учун Президентимизнинг Кувайтга расмий ташрифи натижасида иқтисодий соҳада 4,9 миллиард долларлик салмоқли келишувлар тўплами имзолангани ҳам бежиз эмас.

    Ушбу вазифалар ижросига киришилар экан, Ўзбекистон шаҳарлари янада замонавий, қулай ва хавфсиз бўлади. Аҳолининг турмуш сифати ошади. Халқимизнинг бундай смарт шаҳарларда яшаш шароити ўзгариши ва ҳаёти фаровонлашуви Ўзбекистоннинг минтақавий ва халқаро майдондаги мавқеи мустаҳкамланишига ҳам хизмат қилади.

    Фазлиддин МЎМИНОВ,

    олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги бўлим бошлиғи