Аудиторлик фаолияти: янги даврга мос тартиб -тамойиллар

    Республикамизда 99 та аудиторлик ташкилоти фаолият кўрсатиб келяпти, аудиторлар сони 572 кишини ташкил қилади.

    Глобаллашув шароитида Ўзбекистон иқтисодиётини жадал ривожлантириш ва либераллаштириш, жаҳон молия бозорига интеграциялашувини тезлаштириш ва капитал бозорини ҳамда рақамли иқтисодиётни янада тараққий эттириш, замонавий корпоратив бошқарув принципларини жорий этиш устувор вазифалар сирасига киради. Тизим фаолиятини янада такомиллаштириш, бошқаришга оид қарорларни қабул қилиш ва корпоратив бошқарувни янада яхшилаш учун аудиторлик хизматлари сифатини ошириш лозим бўлади

    Яқин пайтга қадар амалда бўлган “Аудиторлик фаолияти тўғрисида”ги қонун 2000 йилда қабул қилинган. Сўнгги 20 йил ичида бу бозорда катта ўзгаришлар рўй бергани ва қатор ислоҳотлар амалга оширилгани туфайли у бугунги кун талабига тўлиқ жавоб бермаслиги аён бўлиб қолган эди.

    Замонавий талаблар ва халқаро амалиёт принципларига асосланган аудиторлик фаолиятини тартибга солишнинг самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмини яратиш, қоида ва нормаларни ҳамда меъёрий ҳужжатларни ягона норматив-ҳуқуқий ҳужжатда унификациялаш ва тизимлаштириш мақсадида 2021 йил 25 февралда янги таҳрирдаги “Аудиторлик фаолияти тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.

    Қонун бозор иқтисодиёти талабларига жавоб берадиган аудиторлик хизматини ташкил этишга, ушбу касбнинг нуфузини ва улар ишининг сифатини оширишга қаратилган бўлиб, пировард натижада жамият манфаатларини қондиришга ва инвесторлар ҳимоясини кучайтиришга йўналтирилган.

    Ушбу ҳуқуқий ҳужжатда амалдаги қонуннинг эскирган ва ҳаволаки меъёрлари қайта кўриб чиқилди ва аудиторлик фаолиятини тартибга солувчи ягона меъёрий ҳужжат кўринишида тўғридан-тўғри амал қиладиган қонун сифатида қабул қилинди.

    Дунёда аудиторлик хизматларидан фойдаланиш ривожланиб боряпти. Хусусан, IFAC – Халқаро бухгалтерлар федерациясининг расмий ҳисоботига кўра, 130 га яқин давлатда 175 дан зиёд профессионал бухгалтерлар уюшмаси, 3 миллиондан зиёд профессионал аудитор, 100 мингдан ортиқ аудиторлик ташкилоти мавжуд. Биргина Deloitte ташкилотининг ўзи 150 та давлатда 1600 дан зиёд шартнома асосида аудиторлик текширувларини ўтказиб, 46,2 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги даромадни қайд этди.

    Республикамизда 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига 99 та аудиторлик ташкилоти фаолият кўрсатиб келяпти, аудиторлар сони 572 кишини ташкил қилади. 19 та маҳаллий аудиторлик ташкилоти йирик халқаро тармоқ ва уюшмалар аъзолари ҳисобланади. Юртимизда ҳам катта тўртлик (Big-4) - “Ernst &Young”, “PricewaterhouseCoupers”, “Deloitte and Touche” ва “КРМG” халқаро аудиторлик ташкилотларининг шўъба жамиятлари фаолият юритяпти.

    Қонун аудиторлик фаолиятини фақат аудитнинг халқаро стандартлари асосида амалга ошириш, уни лицензияланадиган турлар таркибидан чиқариш, махсус ваколатли давлат органи сифатида Молия вазирлиги аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари (Аудиторлар палатаси ҳамда Бухгалтерлар ва аудиторлар миллий ассоциацияси) билан биргаликда, молия-хўжалик соҳасига аралашмаган ҳолда, аудиторлик ташкилотлари иши сифатини ташқи назоратдан ўтказиш, мажбурий аудиторлик текширувидан ўтиши зарур бўлган ижтимоий аҳамиятга эга бўлган ташкилотлар рўйхатини шакллантиришни назарда тутади. Айни кезда унда аудиторлар малакасини оширишнинг самарали тизимини яратиш, жаҳоннинг илғор тажрибаларини татбиқ қилиш, тартибга соладиган қоида ва нормаларни ҳамда меъёрий ҳужжатларни ягона норматив-ҳуқуқий ҳужжатда унификациялаш ва тизимлаштириш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олишга йўналтирилган аудиторлар профессионал фаолиятининг ахлоқ қоидаларини жорий этиш каби муҳим масалалар ҳам қамраб олинган.

    Ҳужжатда қонуннинг мақсади, аудиторлик фаолияти тўғрисидаги қонунчилик, асосий тушунчалар, принциплар ва унинг стандартлари ёритилган. Мустақиллик, холислик ва ҳалоллик, касбий билимга эгалик ҳамда ахборотнинг махфийлиги соҳанинг асосий принциплари ҳисобланади. Молиявий ҳисоботдан фойдаланувчиларни ишончли ахборотлар билан таъминлаш мақсадида Ўзбекистонда аудиторлик фаолиятини фақат аудитнинг халқаро стандартлар асосида амалга ошириш белгиланган. Бу эса, ўз навбатида, молиявий ахборотларнинг ишончлилигини оширади ва ахборот хатарини камайтиради.

    Қонунда аудиторлик фаолияти борадасиги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгилаб берилган. Аудитор ва унинг ёрдамчиси, аудиторларни сертификатлаш тизимида тўғридан-тўғри амал қиладиган нормалар асосида батафсил ифодасини топган. Унга кўра, аудитор фақат битта аудиторлик ташкилотида аудиторлик хизматларини кўрсатиши ҳамда ўзи ишлайдиган фақат битта аудиторлик ташкилотининг муассиси (иштирокчиси) бўлиши мумкин. Шунингдек, аудиторлик фаолияти тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузганлиги сабабли Аудиторлик ташкилотлари реестридан чиқарилган аудиторлик ташкилотини илгари бошқарган аудитор уч йил мобайнида бошқа аудиторлик ташкилоти раҳбари бўлиши мумкин эмаслиги қатъий белгилаб қўйилган.

    Халқаро тажрибадан келиб чиқиб, аудитор малака сертификатини дастлаб беш йиллик муддатга бериш, унинг амал қилишини навбатдаги ўн йиллик муддатга ва кейинчалик муддатсиз даврга узайтиришни назарда тутувчи нормалар киритилди. Бу ҳужжатни олиш учун талабгор олий маълумотга ҳамда олий таълим ташкилотини тамомлаганидан кейин охирги ўн йилдан камида уч йил бухгалтерия ҳисоби ва аудит соҳасида иш стажига эга бўлиши лозим. Халқаро бухгалтер сертификатига ёки камида ўн йиллик узлуксиз аудиторлик иш стажига эга бўлган аудиторларга малака сертификатининг амал қилиш муддатини узайтириш имтиҳон топширмасдан амалга оширилади.

    Аудиторлик ташкилотларига қулайлик ва енгилликлар яратиш мақсадида бир қатор янги нормалар киритилди. Жумладан, аудиторлик ташкилотларининг устав капитали миқдорига бўлган талаб бекор қилинди. Устав фонди (устав капитали) аудиторлик ташкилоти ўз фаолиятини амалга оширишда бевосита фойдаланадиган мол-мулкдан, шу жумладан, пул маблағларидан шакллантирилади.

    Ташкилот ўз фаолиятини амалга оширишда мустақил бўлиб, вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар ҳамда бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан ташкил этилиши мумкин эмас. Унда асосий иш жойи ҳисобланган камида тўрт нафар аудитор бўлиши, филиалининг раҳбари эса, албатта, аудитор бўлиши керак. Тадбиркорлик субъектларининг ягона давлат реестрига киритилган санадан эътиборан уч ой давомида у ҳақидаги маълумотлар Аудиторлик ташкилотлари реестрига киритилмаган тижорат ташкилоти ўз номида “аудиторлик ташкилоти” деган сўз бирикмасидан фойдаланишга ҳақли эмас.

    Қонунга кўра, халқаро амалиёт асосида аудиторлик хизматларининг таркиби аниқланди. Айнан шундай хизмат турлари МДҲ мамлакатлари қонун ҳужжатларида ва аудитнинг халқаро стандартларида мавжуд.

    Аудиторлик ташкилотлари аудиторлик текширувлари ва аудиторлик хизматларини кўрсатади, шартнома асосида иш олиб боради.

    Қонунда аудиторлик текширувларини ўтказиш тартиби баён қилинган. Унда манфаатлар тўқнашуви юзага келишининг олдини олишга йўналтирилган ва аудит мустақиллигини таъминловчи аудиторлик текшируви ўтказишдаги чекловлар санаб ўтилди. Хусусан, кетма-кет етти йилдан кўпроқ айни бир хўжалик юритувчи субъектнинг аудиторлик текширувини ўтказишга ҳақли эмас.

    Соҳа ташкилотларининг мажбурий аудиторлик текширувини ўтказиши учун штатида камида кетма-кет уч йиллик узлуксиз иш стажига ёки халқаро бухгалтер сертификатига эга бўлган камида икки нафар аудитор бўлиши ҳамда иш сифатини ташқи назоратдан ўтказиш натижаларига кўра, қонунчилик бузилиши ҳоллари мавжуд бўлмаганда рухсат берилди.

    Қонун билан Аудиторлик ташкилотлари реестри ва унинг юритилиши ҳамда мазкур реестрларга киритиш ва чиқариш масалалари тартибга солинган. Шу билан бирга, ваколатли орган ҳисобланган Молия вазирлигининг веб-сайтида аудиторлик ташкилотлари ва малака сертификатига эга бўлган аудиторлар ҳақида маълумотлар жойлаштириб борилиши ва уларни мониторинг қилиш тизими жорий этилди.

    Ҳужжатда аудиторлик ташкилоти иши сифатининг ташқи назоратини ўтказиш муддати ва асослари, асосий кўрсаткичлари ва уни баҳолаш мезонлари белгилаб қўйилди. Лекин иш сифатининг ташқи назоратини ўтказишда аудиторлик ташкилотининг молиявий-хўжалик фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди.

    Қонунда халқаро хамкорлик масалаларини тартибга солувчи, низоларни ҳал этиш ва аудиторлик фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлиги учун жавобгарликни белгиловчи қоидалар ҳам мавжуд.

    Мухтасар айтганда, “Аудиторлик фаолияти тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирда қабул қилиниши тартибга солиш ва аудит жараёнидаги тартиб-таомилларнинг шаффофлигини, молиявий ҳисоботдан фойдаланувчиларни ишончли аудит хулосаси билан таъминлайди, халқаро стандартлар асосида мустақил аудит ўтказиш амалиётини татбиқ этади, аудиторлик ташкилотлари хизматлари сифатини ва рақобатбардошлигини оширади, соҳадаги ҳужжатларни тизимлаштиради ва қонуности ҳужжатларнинг қисқаришига олиб келади.

    Отабек БАРАКАЕВ,

    Молия вазирлиги бўлим бошлиғи ўринбосари

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates