Ҳарбий хизматчиларнинг ижарада турганлиги учун тўланадиган компенсацияси миқдори 20 фоизга оширилади
Қолаверса, 1 мартдан йил якунигача Қуролли Кучларнинг контракт бўйича хизмат қилаётган, амалдаги сарф-харажатлар доирасида тураржой билан таъминланмаган оддий аскар, сержант ва офицерлар таркибидаги ҳарбий хизматчиларига тураржойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун:
– Тошкент шаҳрида – БҲМнинг 4,8 бараваригача миқдорда;
– Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида – БҲМнинг 3,6 бараваригача миқдорда;
– бошқа шаҳарлар, туман марказлари ва аҳоли пунктларида – БҲМнинг 2,4 бараваригача миқдорда ҳар ойлик пул компенсацияси тўловлари белгиланди.
Бунда оила аъзолари 3 киши ва ундан ортиқ бўлган тақдирда ҳарбий хизматчиларнинг ушбу пул компенсацияси миқдорлари 50 фоизга оширилади.
2026 йилдан ҳар йили ҳар ойлик пул компенсацияси тўловлари миқдори ҳудудлар кесимида тураржой ижарасининг бозор нархларидан келиб чиққан ҳолда, Ҳукумат қарори билан белгилаб борилади.
Ёшга доир пенсиялар автоматик шаклда тайинланиши амалиётга жорий этилади
Бунда:
— бугунги кунда меҳнат фаолиятларини давом эттираётган фуқароларга меҳнат фаолиятларига оид барча маълумотларини рақамлаштириб, текшириб боришлари тавсия этилади.
— Шунингдек, ҳозирда ишламаётган фуқаролар меҳнат дафтарчаларидаги маълумотларни туман Бандликка кўмаклашиш марказларига мурожаат қилган ҳолда бепул рақамлаштириб олишлари мумкин.
Бузилаётган турар ва нотурар жой объектининг бозор қиймати тўлиқ қоплаб берилади
2025 йил 1 мартдан реновация лойиҳасини бошлашга барча мулкдорлар билан нотариал тасдиқланган келишув битими имзоланганидан сўнг рухсат берилади.
Шунингдек, мулкдорларга, уларнинг хоҳишига кўра, қуйидаги компенсация турларидан бири тақдим этилади:
— бузилаётган тураржой объектлари ўрнига уларнинг майдонидан кам бўлмаган реновация дастурига мувофиқ янги қуриладиган тураржойлардан яшаш учун тайёр ҳолдаги квартираларни мулк ҳуқуқи асосида бериш ҳамда қурилиш даврида кўчиш, шу жумладан, бошқа тураржой объектини вақтинчалик ижарага олиш билан боғлиқ харажатларни тўлиқ қоплаш;
— бузилаётган турар ва нотурар жой объектининг бозор қийматини тўлиқ қоплаб бериш;
— реновация лойиҳаси ташаббускори билан келишилган ҳолда бошқа турдаги компенсацияни тақдим этиш.
Қурилиш ташкилотларига имтиёзли кредитлар ажратилади
«Янги Ўзбекистон» массивларида кўп квартирали уй-жойлар қурилишини амалга оширувчи қурилиш ташкилотларига айланма маблағларини тўлдириш учун 12 ойлик имтиёзли давр билан 24 ой муддатга Марказий банкнинг асосий ставкасидан кўпи билан 2 фоиз бандга юқори ставкада кредитлар ажратилади.
Ногирон болалар учун давлат-хусусий шериклик асосида кундузги парвариш хизмати жорий этилади
2025 йил 1 мартдан Қорақалпоғистон, Андижон, Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида, 1 октябрга қадар эса республиканинг қолган ҳудудларида 3–18 ёшли ногирон болалар учун давлат-хусусий шериклик асосида кундузги парвариш хизмати босқичма-босқич жорий этилади.
Кундузги парвариш хизмати кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш тартиби жорий этилиб, Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан 3–7 ёшли бола учун ҳар кунига — БҲМнинг 25 фоизи, 7–18 ёшли бола учун — 27 фоизи миқдорида субсидия берилади. Вилоят марказлари, Тошкент ва Нукус шаҳарларида 1,1 коэффициент қўлланади.
Камбағал оилалар болалари учун белгиланган субсидиянинг 30 фоизи миқдорида қўшимча тўлов ажратилади.
Парвариш марказидан 3 км ортиқ масофада яшовчи болаларнинг қатнови хусусий шерик томонидан таъминланганда, ҳар ой учун БҲМнинг 75 фоизигача компенсация тўланади.