Ташаббусдан кўзланган мақсад ҳеч бўлмаганда ойда бир кун шахсий автомобилдан фойдаланмаслик орқали атроф-муҳитни асрашга ҳисса қўшишдир. Яъни шу куни давлат ташкилотлари раҳбарлари ва ходимлари, шунингдек, барча фуқароларга шахсий автомашиналардан воз кечиб, жамоат транспортида ҳаракатланиш, пиёда юриш, велосипед ва экологик тоза бошқа ҳаракат воситаларидан фойдаланиш тавсия этилади.
Моҳиятан олиб қараганда, бу ташаббус ўзимиз учун, саломатлигимиз ва атроф-муҳитни асраш мақсадида илгари суриляпти. Демак, унда иштирок этиш ҳам ўзимизга фойда. Аммо фойда деганда айнан нима назарда тутилаётганини тушунтириш орқали тарғиб этиш муҳим масала. Яъни санадан бир кун олдин “Эртага автомобилсиз кун” деган чорловнинг ўзи камлик қилади. Одамлар бу кун нима учун зарурлиги, шахсий автомобилини уйида қолдириш орқали нимага ҳисса қўша олиши, уловлардан чиқаётган зарарли газлар атмосферага қанчалик зиён етказаётгани ҳақида тасаввурга эга бўлсагина, томошабинга эмас, балки ташаббускорга айланади.
Гап ҳар ойда “Автомобилсиз кун” акцияси юртимизнинг барча ҳудудлари марказларида ўтказилаётгани, бироқ одамлар орасида етарлича оммалашмаётгани ҳақида боряпти. Тадбир июнь ойининг тўртинчи чоршанбасида ҳам ўтказилди. Ҳар ҳолда акция ҳақидаги хабарларга кўзим тушди. Ўша куни кўчаларни атай кузатдим, аммо машиналар ҳаракати одатдагидек. Деярли сийраклашмаган, автотураргоҳлар ҳам уловлар билан тўла.
Тадбирга оид маълумотларни излаганимда, асосан, акция ўтказилиш санаси тўғрисидаги хабар ва унга илова қилинган тадбир мақсади ҳақидаги кичик изоҳни топдим. Бу хабар ҳар ойда бир хил такрорланади. Айтганча, буларга қўшимча тарзда ижтимоий тармоқларда турли идоралар раҳбарлари ва ходимлари акцияда иштирок этаётгани, ишга велосипед ёки пиёда келгани тўғрисидаги хабарлар ҳам чиқиб туради. Аммо акцияда қанча одам ташаббускор бўлгани, шу куни шаҳар кўчаларида автомобиллар сони қанчага камайгани, заҳарли газлар чиқиши неча фоиз қисқаргани борасидаги статистик маълумотларга кўзим тушмади.
Бу акцияда ҳеч ким қатнашмаётганини англатмайди. Бироқ натижа кутилганидек эмас. Деярли ҳар ой шу санада кўпчилик атай шаҳар кўчаларини кузатади, “Бугун машиналар одатдагидан камайганми?”, деган мақсадда. Афсуски, кўчалар одатдагидек автомобиллар билан гавжум. Ёки ҳайдовчилар бу акция ҳақида хабардор эмас (катта эҳтимол билан бунинг имкони йўқ, сабаби, бир йилдан буён тадбир ҳақида ҳар ой хабар берилади) ёки унда иштирок этишни аҳамиятсиз деб ҳисоблаймиз.
Қандай бошланганди?
Исталган бир кунда шахсий автомобилни уйда қолдириб, кун давомида жамоат транспорти ёки велосипедда ҳаракатланиш, яқин масофага пиёда юриш орқали экологияга қанчалик фойда келтириш мумкинлиги ҳақида кўпчилик ўйлаб кўрмайди. Ваҳоланки, бугун экологик муаммоларнинг асосий омилларидан бири сифатида тилга олинаётган автотранспорт воситаларидан чиқаётган зарарли газлар атмосфера учун жиддий хавфга айланган. Кўчаларда автомашиналар кўпайиб, узундан узун тирбандликларни юзага келтираётгани вазиятни янада ёмонлаштиряпти. Бунга қарши биргина чора ёки ҳаракат билан курашиш амри маҳол. Аммо кичик-кичик ҳаракатларни умумлаштириб, катта ва кутилган натижага эришиш мумкин.
Ёдингизда бўлса, 2018 йилда ҳукумат қарори билан “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тарғибот куни”ни ўтказиш бўйича дастур тасдиқланган эди. Унда Ўзбекистонда ҳар ойнинг учинчи жума кунида “Автомобилсиз кун” акциясини ўтказиш белгиланган. Айни ўша йилнинг 21 сентябрь куни мазкур тадбир юртимиз бўйлаб илк бор ташкиллаштирилди. Кейинчалик ҳам акция ҳақида бир неча бор эшитдик, аммо бу фақат тарғибот характерига эга бўлгани боис, унда иштирок этиш мажбурий бўлмаган. Унинг тарғиботчилари ҳам кўпроқ экофаоллар ва жамоатчилик вакиллари эди.
Президентимизнинг ўтган йил 21 февралдаги тегишли фармони билан эса ҳар ойнинг бир иш куни давомида “Автомобилсиз кун” жамоатчилик лойиҳасини амалга ошириш белгиланди. Кейинроқ акцияни ўтказиш учун ҳар ойнинг тўртинчи чоршанбаси танланди ва бугунга қадар мунтазам ўтказиб келиняпти. Мақсад соғлом турмуш тарзи тарғиботи, шунингдек, атроф-муҳитни автомобиллардан чиқувчи зарарли газлардан ҳимоя қилиш, катта шаҳарларда транспорт воситалари тирбандлигини камайтириш, жамоат транспорти тизимини ривожлантириш масалаларига жамоатчилик эътиборини қаратишдан иборат.
Унда барча юртдошларимиз фаол иштирок этишга чақирилаётгани боиси ҳам шунда. Шу куни одамлар шахсий автомобили ўрнига жамоат транспорти, метро, велосипед каби атмосферага камроқ зарар етказадиган транспорт воситаларидан фойдаланишга чорланади. Лойиҳа нисбатан тарғибот ҳам қилинмоқда. Амалдорлар, давлат ташкилотлари раҳбарлари шахсий намуна кўрсатиб, одамларда қизиқиш уйғотаётгандек. Аммо яна ўша гап, аҳолида ихтиёрий ташаббус, экологик маданият ҳамон суст. Лойиҳанинг аҳамиятини онгли равишда англаб етмас эканмиз, унинг фаол иштирокчисига айлана олмаймиз.
Тўғри, ижтимоий лойиҳа ихтиёрий аҳамиятга эга. Яъни қайсидир кунда шахсий автомашинангизни уйда қолдириб, пиёда юришга сизни ҳеч ким мажбурлай олмайди. Бироқ бу ташаббусни ўз ихтиёрингиз билан амалга оширсангиз қандай бўлади? Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, биргина ҳаракат орқали шаҳар ҳавоси таркибидаги заҳарли газлар қанчалик қисқаришига ҳисса қўшишингиз мумкин?! Мен ана шулар ҳақида ўйлаб кўраман.
Экологик маданият сустроқдек...
Ҳозир ҳар икки гапимиздан бири экологик муаммолар билан боғлиқ бўлиб қолган. Бўрттириш бўлмасин, аммо чиндан шу ҳақида кўп гапиряпмиз ва бунда ҳар гал пойтахтимизда автомобиллар сони ортиб, тирбандлик кўпайиб бораётганига урғу берилади. Ростдан, сўнгги йилларда аҳолимиз орасида автомобилларга қизиқиш ҳам, талаб ҳам ошиб боряпти. Маълумотларга кўра, 2021 йилда Ўзбекистонда 3 миллион 200 мингга яқин машина бўлган, бугунги кунга келиб, бу рақам деярли 5 миллионга етди. Тошкентда ҳар куни 1 миллионга яқин автомобиль ҳаракатланяпти.
Бу аҳоли турмуш даражаси ўсиб бораётганидан далолат экани қувонарли. Аммо масаланинг бошқа томони ҳам бор. Бу тобора жиддий тус олаётган экологик муаммолар билан боғлиқ. Яъни автомашина қанча кўп бўлса, улардан чиқадиган зарарли газларнинг атмосфера қатламига салбий таъсири шунча юқори бўлади. Бундай шароитда автомобиллар сони иқтисодий ривожланиш билан бирга ўсиб боришига мослашган ҳолда экологик вазиятни яхшилашга эришиш асосий вазифалардан бирига айланган.
1885 йилда Карл Бенз томонидан биринчи бензин моторли автомобиль ихтиро қилиниши инсониятнинг энг фойдали кашфиётларидан бири бўлганди. Узоғимизни яқин қиладиган автотранспорт воситалари вақт ўтган сари оммалашиб, одамлар учун энг қулай ва вақтни тежайдиган воситага айланди. Бугунги кунга келиб эса у ҳатто ҳашамат белгиси саналади.
Аммо кўпгина шаҳарларда автомобилнинг фойдаси билан бирга зарари ҳам сезила бошлаган. Ҳатто уларга экологик муҳитни ёмонлаштираётган асосий омиллардан бири сифатида қаралмоқда. Бу муаммо Тошкент шаҳрида ҳам мавжуд ва пойтахтимизда тирбандликлар ошиб бораётгани кузатиляпти. Бу экологияга автотранспорт воситаларидан катта миқдорда зарарли газлар чиқяпти дегани. Айниқса, халқаро сифат стандартларига жавоб бермайдиган ёнилғи турлари атмосфера ҳавосини жиддий зарарлаётгани таҳлилларда ҳам кўрсатиляпти. Юртимизда 2026 йилга қадар Аи-80 маркали бензиндан тўлиқ воз кечиш талаби қўйилгани боиси шунда. Бундан ташқари, оғир юк машиналари, ишлаб чиқарилганига 10 йилдан ошган автомобиллар ҳамда Евро-4 стандартидан паст бўлган ёнилғини ишлатишнинг атроф-муҳитга зарарини камайтириш механизмлари ишлаб чиқилиши айтилган. Қолаверса, пойтахтимизда жамоат транспортига устунлик бериш, автотранспорт воситаларидан чиқаётган зарарли газлар ва йўллардаги тирбандликларни камайтиришга қаратилган аниқ вазифалар белгиланган.
Бу маълумотлардан хабардор киши “Автомобилсиз кун” лойиҳасига бефарқ бўла олмайди. Ҳеч бўлмаганда ойда бир марта шахсий автомобилдан воз кечиб, жамоат транспортида ҳаракатланиш орқали саломатлиги ҳамда экология хавфсизлигига ҳисса қўшади. Ижтимоий лойиҳанинг аҳамияти ҳам шунда. Аммо ҳар гал ижтимоий лойиҳада оддий аҳоли иштироки сустроқ бўлаётганини тан олишимиз керак. Атрофингиздагилардан сабабини сўраб, гап қотсангиз, ҳар кимнинг ишонч билан келтирадиган бирор важи бор. Ҳеч бўлмаса, акцияда қатнашиш истаги бўлганини айтганига ҳам қувонасан киши. “Бунинг менга нима алоқаси бор, машина ўзимники, истаганимча фойдаланаман”, деса ҳам бирор гап айтолмайсиз. Бунинг барчаси бизга бир оз етишмаётган экологик маданият билан боғлиқ масала. Балки тарғибот етарлича бўлмаётгандир. Ҳар ҳолда кўчаларда тарғибот баннерлари, эълонлар кўзга ташланмайди.
— Очиғи, ҳар гал “Автомобилсиз кун”да фаол фуқаролик позициямни намоён этиб, шахсий автомашинамни уйда қолдириб, ишга жамоат транспортида боришни мақсад қиламан, — дейди Наргиза опа. — Аммо эрталабдан бирор зарур юмуш чиқиб туради, уларни машинада битирмасам, ишга кеч қоламан деган хаёлда режаларимни ўзгартираман. Шу боис, шахсий автомобилда юришимга тўғри келади. Аммо тез-тез пиёда ҳам юриб тураман, тоза ҳавода сайр қилишни ёқтираман. Ижтимоий лойиҳага келсак, экологияни асрашимиз йўлидаги яхши ташаббуслардан бири деб ҳисоблайман ва кейинги сафар унда фаол иштирок этишни ўйлаганман. Умуман, бу ташаббусни ўзимиз ҳам ихтиёрий тарзда тез-тез қўллаб туришимиз лозим.
Асосий ташаббускор — ўзимиз
Ҳақ гап, ташаббусни шахсий амалиётимизга киритиб, тез-тез қўллаб туришимиз керак. Кўчага автомобилсиз чиқиш учун ҳар ойнинг чоршанбасини кутиш шарт эмас. Уловлар узоғимизни қанчалик яқин қилмасин, саломатлигимиз ва экологик барқарорлик учун унга баъзан “дам” бериб туриш зарар қилмайди. Қолаверса, пиёда юриш соғлиқ учун фойдали, соғлом турмуш тарзининг асосий омилларидан бири.
Илмий тадқиқотларнинг кўрсатишича, айнан пиёда юриш умрни узайтирувчи машғулот ҳисобланиб, америкалик олимлар ҳафтасига камида беш марта, кунига 30 дақиқа яёв ҳаракатланишни тавсия қилади. Пиёда юришнинг кайфиятни кўтариш, организмнинг умумий ҳолатини яхшилаш, қон босими ва холестерин миқдорини меъёрлаштириш каби ижобий таъсирларини кўпчилик яхши билади. Хавфли касалликларга чалиниш кўрсаткичини камайтиради.
Яъни “Автомобилсиз кун” ижтимоий лойиҳаси бугун юртимизда фаол тарғиб қилинаётган соғлом турмуш тарзининг бир қисми ҳамдир. Хоҳ пиёда, хоҳ велосипедда ҳаракатланиш бўлсин, инсоннинг кун давомидаги жисмоний фаоллигини ошириб, организм фаолиятини яхшилайди. Айниқса, кун давомида ўтириб ишлайдиган касб эгалари учун бу жуда фойдали. Қолаверса, шаҳримиз кўчаларида пиёдалар учун ҳам, велосипед бошқарувчилар учун ҳам махсус йўлакчалар ташкил қилинган, шароит йўқлигини баҳона қилолмаймиз.
Олис манзилга қатнашда эса қулай, сифатли жамоат транспорти зарур бўлади. Яқин йилларгача бу энг оғриқли нуқталаримиздан бири эди. Йиллар давомида бу йўналишга етарли эътибор қаратилмагани боис, аҳолининг жамоат транспортига ишончи билан бирга, фойдаланиш кўрсаткичлари ҳам кескин тушиб кетганди. Аммо бугун жамоат транспорти изга тушиб олди, аҳолининг эҳтиёжини тўлиқ таъминлаш, қамровини кенгайтириш бўйича жадал ишлар амалга ошириляпти.
Маълумотларга кўра, 2022 йилда Тошкент шаҳрида автобуслар ҳаракат таркиблари сони 1400 тадан кўпроқни ташкил этган бўлса, 2024 йилга келиб, 1900 дан ошди. Авваллари автобуснинг ўзида кунига 400-500 минг атрофида йўловчи ташилган бўлса, бугунги кунда 1 миллион 400 мингдан ошди. Сўнгги икки йилда Тошкент шаҳрида автобуслар сони икки баробар, уларнинг ўртача сиғими эса 75 фоиз ошди. Жамоат транспортидан фойдаланувчилар сони икки баробар ошгани одамларнинг тизимга ишончи, ҳаракатланиш фаоллиги ортиб бораётганидан далолат.
Айниқса, шаҳримиз кўчаларида замонавий, экологик тоза электробуслар кўпайиб бораётганини кўпчилик ижобий баҳолаяпти. Ҳатто ана шу турдаги автобусларга қизиқиб, жамоат транспортидан фойдаланаётганлар бор. Бу турдаги транспорт воситалари, бир томондан, қулайлиги билан одамларни жалб қилса, бошқа жиҳатдан, саломатлик учун хавфсиз экани аксариятимизни қизиқтиради.
Ана энди ўйлаб кўринг, ойда бир ўтказилаётган “Автомобилсиз кун” акцияси кўпроқ ким учун фойдали? Албатта, ўзимиз, саломатлигимиз ва биз нафас олаётган атмосфера қатлами учун. Шундай экан, ижтимоий лойиҳани чин маънода яхши анъанага айлантиришга ҳисса қўшишимиз керак.
Ирода ТОШМАТОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири









