Албатта, бу жараёнларни қонуний расмийлаштирилиши қарз муносабатларида юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарларни олдини олади.
Бугунги кунда, республикамизда кредит муносабатлари нафақат, банклар, балки микромолия ташкилотлари ва ломбардлар орқали ҳам амалга оширилади. Бу эса ўз навбатида, молия бозори иштирокчилари ўртасида соғлом рақобат муҳитини яратади.
Деярли ҳар биримиз у ёки бу кўринишда кимдандир қарз олганмиз ёхуд қарз берганмиз. Жисмоний шахслар ўртасида олди-берди қарз муносабатларининг ўзига яраша муаммолари бўлиб, масалан, қарз олган шахс қарз маблағларини қайтаришдан бўйин товлаши мумкин.
Бунақа вазиятларда маблағлар тақчиллигининг энг мақбул ечими микромолия ташкилотларига мурожаат қилинишидир.
Микромолия ташкилотлари — бу бошқача айтганда банкнинг кичик укаси. Фақат кредитлаш жараёни бирмунча халқчилроқ.
Ҳозирда 84 та микромолия ташкилоти фаолият юритмоқда, жами активлари миқдори 3,9 трлн сўмни (2021 йилнинг шу даврига нисбатан 3,3 баробарга ошган) ташкил этади.
Ҳудудлар кесимида Тошкент шаҳри (33 та), Фарғона вилояти (18 та), Бухоро вилояти (8 та), Хоразм вилояти (6
та), Наманган вилояти (5 та) Тошкент вилояти (4 та) ва Андижон вилоятида (4 та) энг кўп ташкил этилган микромолия ташкилотлари фаолият юритмоқда.
Эндиликда бу каби микромолия ташкилотларини янада ривожлантириш ҳамда аҳолига микромолиявий хизматларни оммабоплигини янада ошириш мақсадида Қарор билан жисмоний шахс бўлган қарз олувчига ажратиладиган микроқарз миқдори эллик миллион сўмдан юз миллион сўмга оширилди. Бунинг натижасида аҳолининг фаол қисми микромолиявий хизматлардан фойдаланган ҳолда ўзини ўзи банд қилиши ёки тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши орқали тадбиркорлик субъектига айланишига эришиш мумкин.
Шунингдек, 2024-2026 йилларда микромолиялаш бозори ҳажмини 5 баробарга ошириш, микромолиявий хизматлар билан 1 млндан ортиқ тадбиркорни қамраб олишга эришилади.
Микромолия ташкилотларининг жисмоний шахс бўлган иштирокчиларидан устав фондига киритилган ҳисса суммасини икки бараваридан ошмайдиган миқдорда қарз маблағларини жалб этиш орқали микромолия ташкилотларининг ресурс базаси кўпайтирилади.