Ерларни хатловга олиш давом этяпти

    Геопорталдаги маълумотлар ҳамма учун очиқ.

    Ўтган йилнинг 1 май санасидан Ўзбекистон тарихида илк бор республика қишлоқ хўжалиги ерларини рўйхатдан ўтказиш тизими йўлга қўйилган эди. Бугунги кунда Кадастр агентлиги мутахассислари томонидан нафақат қишлоқ хўжалиги, балки барча ер майдонлари ҳамда кўчмас мулк объектларини рўйхатдан ўтказиш ва махсус геопорталга киритиш ишлари давом этяпти.

    Давлат кадастрлари палатасида “Ерларни хатловдан ўтказиш ва геопорталга жойлаштириш” жараёнларига бағишланган пресс-тур давомида журналистлар бунга бевосита гувоҳ бўлди.

    Иштирокчилар дастлаб Тошкент вилоятидан Тошкент шаҳрига ўтказилган Бектемир туманига йўл олди. Ҳудуддаги “Бектемир” номи билан аталаётган маҳаллага янги ном берилиши бўйича Халқ депутатлари тумани кенгашига таклиф киритилган. Шу ерда палата ходимларидан иборат мутахассислар рўйхатга олиш ишларини амалга оширди. Хонадонларга кириб, аҳолининг кадастр ҳужжатлари асосида керакли маълумотлар ёзиб олинди.

    — Маҳаллада 450 дан ортиқ хонадон, 120 та нотурар жой объектлари бор. Ҳозирга қадар хонадонларнинг 400 га яқини хатлов қилинган, қолган қисмида ишлар олиб бориляпти, — дейди Давлат кадастрлари палатаси Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи Жасурбек Каримов. — Хатлов жараёнларида архив маълумотлар билан бирга, ўзимиз олган маълумотларни бирлаштириб, қайдларни белгилаб борамиз. Аҳолидан асосан кадастр ҳужжатлари сўралади. Мулоқотлар вақтида уларни қизиқтирган саволларга ҳам мутахассислар томонидан жавоблар бериб борилади.

    Мазкур тадбирлардан кўзланган мақсад хар бир ер участкаси, кўчмас мулк объектларини хисобга олиш ва унга бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишдан иборат. Хатлов натижалари электрон рўйхатдан ўтказилиб, ер майдонлари ҳақидаги барча маълумотлар махсус геопорталга жойланади. Жараён Жаҳон банкининг қўллаб-қувватлаш жамғармаси кўмагида ишлаб чиқилган “Кадастр ва кўчмас мулкни рўйхатдан ўтказиш интеграцион ахборот тизими” орқали амалга оширилмоқда.

    — Ўзбекистоннинг жами ер майдони 44 миллион 892 минг гектар бўлиб, у қишлоқ хўжалиги ерлари, ўрмон фонди ерлари, саноат ерлари сингари 8 та тоифага бўлинади,— дейди Давлат кадастрлари палатаси ер кадастрини юритиш бўлими бошлиғи Фахриддин Ниёзов. — Биз ана шу ерларнинг барини геопорталга жойлаштириш ишларини олиб боряпмиз. Ҳозир янги тизимда 300 мингдан ортиқ ер участкалари ҳақида маълумотлар киритилиб, унга бўлган ҳуқуқлар давлат рўйхатидан ўтказилди. Аввалари ер участкаси майдонларини хисоблашда қоғоз кўринишидаги хариталардан фойдаланилган ва унга бўлган ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилиши темир китобда юритилиб келинган. Янги электрон тизимда эса ер участкаларига доир барча маълумотлар шу қаторда, ер чегаралари контурларининг жойлашиши рақамлаштирилган ва ҳуқуқий хужжатларга мутаносиблиги gis.kadastr.uz ягона тизимида жорий этилди. Ундаги маълумотлар барча учун очиқ.

    Шунингдек, янги тизим ер муносабатлари сохасида ижтимоий барқарорликни ўрнатиш, коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш, қонун устиворлигини таъминлашда шаффоф тизим сифатида хизмат қилади.

    Ирода ТОШМАТОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates