Тадбир Швейцария Конфедерациясининг Ўзбекистондаги элчихонаси ва Халқаро Қизил Хоч Қўмитасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Женева конвенцияси ва унга қўшимча протоколларнинг ўзбек тилида нашр этилиши халқаро гуманитар меъёрлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, мутахассислар, давлат хизматчилари, илмий ҳамжамият ва кенг жамоатчилик ўртасида ҳуқуқий хабардорликни ошириш имконини беради. Бу мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва халқаро гуманитар ҳуқуқ соҳасидаги ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Тадбирда етмишдан ортиқ иштирокчи, жумладан тегишли вазирлик ва идоралар, парламент, нодавлат ташкилотлар, илмий ҳамжамият, дипломатик корпус, халқаро ташкилотлар вакиллари қатнашди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори Акмал Саидов таъкидлаганидек, Ўзбекистон халқаро ҳуқуқнинг асосий тамойилларига ва инсон ҳуқуқларига сўзсиз риоя этишга содиқдир. Ўзбекистон Женева конвенциялари ва уларнинг қўшимча протоколларини ратификация қилиб, бу халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар қоидаларини миллий ҳуқуқий тизим билан уйғунлаштириш, шунингдек, кенг кўламли маърифий ишларни амалга ошириш мажбуриятини олган.
Хусусан, ёшларни барқарор келажакнинг кафолати сифатида тарбиялаш, давлат институтлари, Қуролли Кучлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар ва кенг жамоатчилик ўртасида гуманитар ҳуқуқ меъёрлари ҳақидаги билимларни ёйишга доимий эътибор қаратилмоқда.
Халқаро Қизил Хоч Қўмитасининг Марказий Осиё бўйича ваколатхонаси раҳбари Биляна Милошевич ўз нутқида Женева конвенцияларининг БМТга аъзо барча давлатлар томонидан ратификация қилиниши қуролли можароларнинг инсон ҳаётига ҳалокатли таъсирини чеклаш учун аниқ қоидалар ўрнатиш зарурлигини умумэътироф этишнинг ишончли далили эканлигини таъкидлади.
Б.Милошевич халқаро гуманитар ҳуқуқ замонавий қуролли можароларнинг янги таҳдидларига мослашишда давом этаётганини қайд этди. У ўзининг жанговар ҳаракатларда иштирок этмаётган шахсларни ҳимоя қилиш, уруш олиб бориш воситалари ва усулларини чеклаш, фавқулодда шароитларда ҳам инсонпарварлик тамойилларини сақлаб қолиш, можароларнинг узоқ муддатли оқибатларини камайтириш ҳамда ярашиш ва барқарор тинчлик учун шарт-шароитларни таъминлашдан иборат асосий вазифаларига қатъий амал қилмоқда.
Тадбир давомида Швейцария Конфедерациясининг Ўзбекистон Республикасидаги элчиси Константин Оболенский айтганидек, Женева конвенцияларининг мақсади барча қуролли можароларда риоя этилиши шарт бўлган минимал гуманитар стандартларни белгилаш орқали уруш шафқатсизлигини юмшатишдир.
Дипломат таъкидлаганидек, Женева конвенциялари инсониятга хизмат қилишдек умумжаҳоний мажбуриятни ўзида мужассамлаштирган бўлиб, турли вазиятлардан қатъи назар, ҳар бир инсонга қадр-қиммат, хавфсизлик ва раҳм-шафқат кафолатланиши керак бўлган мустаҳкам тамойилларни эслатиб туради. Шу нуқтаи назардан, айни Конвенциялар халқаро ҳуқуқнинг фундаментал қадриятидир.
Элчи Ўзбекистон Республикасининг халқаро гуманитар ҳуқуқ тамойилларини оммалаштириш ва жорий этишга содиқлигини юқори баҳолади. Бу мамлакатнинг гуманистик қадриятлар ва инсон ҳуқуқларини миллий ва халқаро даражада мустаҳкамлашга интилишини тасдиқлашини эътироф этди.
Тадбир якунида иштирокчилар халқаро гуманитар ҳуқуқ соҳасидаги долзарб масалаларни ҳал этиш ва унинг қоидаларини миллий даражада мустаҳкамлашга қаратилган ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканликларини билдирдилар.
Муҳокамалар давомида бир қатор амалий таклифлар илгари сурилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Академиясида Женева конвенциялари ва Қўшимча протоколлар тақдимотини ўтказиш, ушбу ҳужжатларнинг ўзбек тилидаги нашри ададини кўпайтириш, аҳолининг халқаро гуманитар ҳуқуқ тамойиллари ва аҳамияти ҳақида хабардорлигини оширишга қаратилган қўшма тадбирларни уюштириш бўйича фикрлар билдирилди.
Ушбу ташаббуслар халқаро гуманитар ҳуқуққа ҳурмат маданиятини мустаҳкамлаш, уни амалда қўллашни кенгайтириш ва Женева конвенциялари асосида ўз мужассамини топган инсонпарварлик қадриятларини илгари суришга хизмат қилади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази матбуот хизмати.