Ижтимоий ҳимоя – меҳр ва кўмак тизими

    Меҳр ва кўмак тизимини аҳолига яқинлаштириш, ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш механизмини соддалаштириш бугуннинг муҳим мавзусига айланмоқда.

    Ўзбекистон — ижтимоий давлат. Конституциямизда мустаҳкамланган ушбу тамойил асосида ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам вакиллари билан тизимли ишлар ташкил этиш бугун ҳар бир ташкилот, идоранинг вазифасидир. Меҳр ва кўмак тизимини аҳолига яқинлаштириш, ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш механизмини соддалаштириш бугуннинг муҳим мавзусига айланмоқда.

    Шу йил 13 декабрда ижтимоий ҳимоя соҳасидаги ишлар натижадорлиги ва 2025 йил учун устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган йиғилишда ҳам айнан шу соҳадаги мавжуд бартараф этилиши зарур бўлган муаммолар, янги ташаббуслар илгари сурилди.

    2024 йилда юртимиздаги барча ҳудудда “Инсон” марказлари очилиб, маҳаллаларда 102 та ижтимоий хизмат йўлга қўйилди. Ижтимоий ходимлар уйма-уй юриб, шу йил реестрда бўлмаган яна 95 минг муҳтож одамга ижтимоий ёрдам кўрсатди, ногиронлиги бор 26 минг фуқарога протезлар берилди, 4 мингга яқин ёлғиз кексани уйда парваришлаш хизмати ташкил этилди. Шу билан бирга, ногиронлиги бўлган 5 мингга яқин бола мактабгача таълим ташкилотлари ва мактабларга жойлаштирилди.

    Лекин айрим жойларда иш тўғри ташкил қилинмаган. Масалан, ногиронлиги бор шахсларнинг бандлиги даражаси республикада 20 фоизга етган бўлса-да, баъзи ҳудудларда бу кўрсаткич анча кам. Инвестиция дастурига кирадиган ижтимоий муассасалар лойиҳаси ногиронлиги бор одамларга мослаб ишлаб чиқилмаган.

    Йиғилишда шу каби камчиликлар кўрсатиб ўтилиб, галдаги чора-тадбирлар муҳокама қилинди. Давлатимиз раҳбари ижтимоий ҳимоя тизимини кучайтиришга доир янги ташаббусларни илгари сурди. Хусусан, келгусида аҳолини камбағалликдан чиқариш учун таълим, тўгарак, касб-ҳунар, тиббиёт масалаларига алоҳида эътибор қаратиш ва яшаш шароитини яхшилаш зарурлигини таъкидлади.

    Сўнгги йилларда мамлакатимизда инклюзив тараққиётни таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар бажарилмоқда. Хусусан, эшитишда нуқсони бўлган шахсларнинг турмуш даражасини оширишга қаратилган чора-тадбирлар изчиллигини таъминлаш, уларни жамиятдаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга жалб этиш мақсадида имо-ишора нутқини кенг қамровли ўрганишга қаратилган чора-тадбирлар ҳам долзарб.

    Президентимизнинг 2022 йил 20 октябрдаги “Ўзбек имо-ишора тили ва Брайль алифбосини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эшитиш ва нутқида нуқсони бўлган шахсларнинг саводхонлигини ошириш, ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга кўрсатиладиган таълим хизматлари сифатини яхшилаш ҳамда ўзбек имо-ишора тилини янада ривожлантиришга хизмат қилади.

    Тошкент шаҳридаги Вебстер университетининг таълим дастурларини амалга ошириш маркази ижтимоий ҳимояга муҳтож, эшитиш ва нутқида нуқсони бор

    инсонлар жамиятнинг тўлақонли аъзосига айланиши ҳамда ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш мақсадида 6 ойлик бепул имо-ишора курсларини ташкил этди.

    Тингловчилар 6 ой давомида малакали устозлардан сабоқ олди, эшитишда ва нутқида нуқсони бўлган инсонлар билан амалиёт ўтказиш имкониятига эга бўлди. Соҳа мутахассислари кўргазмали маъруза ва амалий машғулотлар орқали тингловчиларнинг билим ва кўникмаларини оширишга ёрдам бериб келмоқда. Фақат назарий билимлар билан чекланиб қолмай, нутқида ва эшитишда нуқсони мавжуд инсонлар билан мулоқот қилиш орқали амалиёт олиб бориш имкониятига ҳам эга бўлишди. Шунингдек, улар бепул дарсликлар билан таъминланди.

    Таълим дастурларини амалга ошириш марказида ушбу ўқув курсларини ташкил этишдан мақсад кар болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатларга малакали педагог кадрлар тайёрлаш, уларга методик жиҳатдан амалий ёрдам кўрсатиш, эшитиш ва гапиришда нуқсони бор инсонлар билан тўсиқсиз мулоқот қилиш, имо-ишора тилида сўзлашишига кўмаклашишдан иборат. Курслар давомида бепул китоблар тақдим этилди, курсни муваффақиятли тамомлаган тингловчилар сертификатга эга бўлди.

    Курсларда ногиронлиги бўлган, эшитиш ва гапиришида ногиронлиги бор шахслар, фарзандлари (ёки яқин қариндошлари)да эшитиш ёки гапиришда ногиронлиги борлар, кар болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар ўқитувчилари таълим олади.

    Марказда жисмоний ногиронлиги бўлган тингловчилар учун барча шароит мавжуд. Бундан кўзланган мақсад келажакда махсус мактаб-интернатларда таълим бераётган муаллимларнинг ўқитиш сифатини ошириб, инклюзив муҳит яратиш, эшитиш ва гапиришида нуқсони бўлган болаларнинг муваффақиятли улғайиши учун замин яратишдир. Энг асосийси, бу ташаббуслар ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонлар жамиятнинг тўлиқ аъзоси эканини ҳис этишида муҳим омил бўлади.

    Расул РАҲМОНОВ,

    иқтисодиёт фанлари номзоди, профессор



    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates