Бахт ўзи нимадир...

    “Худо ёрлақаган инсон экансиз, юрт отаси хонадонингизга келди-я”, деб ҳавас билан гапирди.

    Буни Янги ҳаёт тажрибасидан ўрганса бўлади

    Андижоннинг Хонобод шаҳри тарихи минг йилларга бориб тақалади. Қорадарёнинг ўнг соҳилида жойлашган бу мўъжаз шаҳар Қўқон хонлиги даврида “Бешкапа” номи билан юритилган. Ўзган ва Ўш савдо йўли устида жойлашган манзилда карвонлар тўхтаб ўтган. Бугун эса Хонобод юртимизнинг обод ва хушманзара шаҳарларидан.

    Жорий йил 15-16 февраль кунлари давлатимиз раҳбари Андижон вилоятига ташрифи доирасида Хонобод шаҳрининг Янги ҳаёт маҳалласида истиқомат қилувчи Салоҳиддин Усмонов хонадонида ҳам бўлди.

    — Эшикдан Президентимиз кириб келганида, очиғи, ҳаяжондан ўзимни қўярга жой тополмай қолдим. Давлат раҳбари қаёқдаю, мен қаёқда? Кунига мингта иши, елкасида яна шунча ташвиши бор одам, ахир. Шунинг учун ҳам Президент билан юзма-юз учрашиб, гаплашишни ҳеч қачон хаёлимга келтирмаганман. Самимий сўзлари, таклиф ва тавсиялари биз учун, маҳалламиз учун катта шараф бўлди. Қўни-қўшни, қариндош-уруғлар “Худо ёрлақаган инсон экансиз, юрт отаси хонадонингизга келди-я”, деб ҳавас билан гапирди, — дейди С.Усмонов. — Бу ташрифдан кўнглимиз тоғдек кўтарилди. Маҳалламиз одамлари ҳаётига ёруғлик олиб кирадиган ўзгариш ва яхшиликлар ҳам сўнгги йилларда рўй берди.

    Ўзим ҳақимда гапирадиган бўлсам, бутун ҳаётим оғир меҳнатда ўтган. 9 фарзандли катта оилада улғайдим. 9 ёшимда онасиз қолганман. Етишмовчиликдан, бола бўлсак-да, отамга қарашардик. Муштдай жонимиз билан ҳамма ишни қилиб қилиб кетаверардик.

    Бугун эса, мана, давлатимиз томонидан яратиб берилган шароитлар туфайли ўз ҳовлимизда оилавий тадбиркорликни йўлга қўйдик. Қўзиқорин етиштирамиз. Олтмишдан ортиқ одамни ишли қилдик. Бирим мингга айланиб, ўзимдан орттириб, кўплаб юртдошларимга ҳам нафим тегяпти.

    Мақолани тайёрлаш жараёнида С.Усмоновнинг беш тилда бемалол сўзлаша оладиган 30 ёшли ўғли Жамшидбек Усмонов билан суҳбатлашдик. У мактабни тугатганидан сўнг Хитойда таҳсил олган. Қўзиқорин етиштириш ғоясини ҳам уйдагиларга айнан у тавсия қилган.

    Бугун Жамшид нуфузли компанияда менежер бўлиб ишлайди. Икки фарзанднинг отаси. Давлатимиз раҳбари билан учрашув унга ҳам яна бир янги ғоя берди. Хонободда хорижий тиллар бўйича ўқув маркази очишни режалаштиряпти.

    Ҳа, бугун одамларнинг дунёқараши ўзгарди, ҳаракат қилса, барака келишини англаб етди. Ҳовлисининг ҳар қаричидан унумли фойдаланадиганлар сафи кенгаймоқда. Масалан, ихчамгина ёпиқ бир жойда қўзиқориндан миллионлаб сўм даромад топиш бошқалар ўрганса, ўрнак олса арзигулик тажриба. Президентимиз Усмоновлар хонадонига ташрифи чоғида бундай омилкорликни маъқуллаб, ушбу тажрибани оммалаштириш лозимлигини таъкидлади: “Биз биринчи кундан халқ билан мулоқот, халқни рози қилишга киришганмиз. Шунинг учун маҳалла тизимини биринчи бўғин сифатида ривожлантиряпмиз. Маҳалла — фуқаролик жамиятининг асоси. Бу халқнинг дарди, овози, дегани. Маҳалладаги давлат вакиллари берилган ваколат ва маблағлардан фойдаланиб, дунёқарашини ўзгартириб, одамларни рози қилиши керак. Ишонаманки, Янги ҳаёт маҳалласи Ўзбекистонга намуна бўлади”.

    — Маҳалламизга бугун кўпчиликнинг ҳаваси келяпти. Президентимиз маҳалламизга бежиз ташриф буюрмади, —
    дейди “Янги ҳаёт” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Азизахон Абдуқаҳҳорова. —
    Биргина маҳалламиз мисолида бутун бир тизим таҳлил қилинди, маҳалла инс­титутининг ишлаш механизмлари бирма-­бир белгилаб берилди. Ташриф давомида маҳалламизни мамлакатга намуна қилиш топшириғи берилди. Бу эса янги ҳаётликлар қалбида ифтихор туйғусини жўштирди. Маҳалла еттилиги механизмининг ишлаши бўйича Андижон тажрибаси бунда дастур­уламал бўлиши кераклиги ҳам алоҳида таъкидланди.

    Айниқса, давлатимиз раҳбарининг “Ҳар бир маҳалланинг ўз имкониятлари, анъаналари, одамларнинг хоҳиш-истаклари бор. Маҳалла уюшмаси ва иқтисодий комплекс вакиллари уларни аниқлаб, қўллаб-қувватласа, аҳолини банд қилиш, даромад манбаи яратиш мумкин. Шунинг учун ҳамма масъулларни қуйи бўғинга тушириб, ҳудудларни маҳаллабай ривожлантиришга эътибор қаратяпмиз”, деган сўзлари маҳалла ва фуқаролар муштараклигини ҳамда маҳалла давлатга жуда катта фойда келтиришини барчамизга теранроқ англатди.

    Чиндан ҳам маҳалла еттилиги тизимининг татбиқ этилиши етти марта ўйлаб, бир кесилган жуда муҳим стратегиядир. Кундан-кун чирой очиб, кўркамлашиб ­бораётган Хонобод илгари қандай бўлган эди? Ҳа, илгари Ўзбекистонда бўла туриб, хонободликлар шаҳар чегарасидан паспорт билан ўтарди.

    Қўшни давлат билан алоқалар узилган, ўз жигарини кўришга бориш у ёқда турсин, ҳатто тўю-маъракасига ҳам боролмай қолган эди. Баъзан бир қориндан талашиб тушганлар учун дийдор қиёматга қолди. Бунинг устига шаҳар узоқ йиллар ёпиқ ҳудуд бўлгани учунми, саноати ривожланмай, кўплаб объектлар ҳувиллаб ётганди.

    Давлатимиз раҳбари 2017 йил 2 июнда Хонободга ташриф буюриб, ижти­моий-иқтисодий шароит билан танишиб, вазиятни тубдан яхшилаш бўйича қатор чора-тадбирларни белгилаб берди. Шундан сўнг 2017-2019 йилларда Хонобод шаҳрини комплекс ривожлантириш бўйи­ча дастур ишлаб чиқилиб, 3200 дан зиёд лойиҳа ижросига киришилди. Бунинг учун 500 миллиард сўмлик маблағ йўналтирилди. Жумладан, “Хонобод” сиҳатгоҳи қурилиб, фойдаланишга топширилди. Уч минг сайёҳга мўлжалланган мингдан ортиқ дам олиш уйлари, меҳмонхоналар, хизмат кўрсатиш иншоотлари ва “Ёшлар маркази” барпо этилди.

    Охирги йиллардаги изчил ислоҳотлар эпкини ва яхши қўшничилик сиёсати натижасида Хонобод обод ва кўркам қиёфа касб этди. Энг асосийси эса аҳолининг турмуш даражаси кун сайин яхшиланиб бормоқда.

    Инсоннинг яхши яшаши учун бошпанаси, ширингина оиласи, касб-кори ва ундан келадиган баракаси бўлса, аслида, бахт дегани шу! Хонободликлар ҳам юртимизда эсаётган эркинлик ва бунёдкорлик шабадасида яшнаб, ҳар бир кунидан рози бўлиб, фаровон ҳаёт нашидасини сурмоқда.

    Гуличеҳра ДУРДИЕВА,

    Янги Ўзбекистон" мухбири

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates