Бахтиёр Саидов Япония ташқи ишлар вазирининг парламентар ўринбосари билан учрашди

    2023 йил 11 январда Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири в.б. Бахтиёр Саидов мамлакатимизга ташриф билан келган Япония ташқи ишлар вазирининг парламентар ўринбосари Ёсикава Юуми билан учрашув ўтказди.

    Мулоқотда аввал эришилган келишувларни амалга ошириш, шунингдек, турли даражаларда режалаштирилган тадбирлар жадвали юзасидан фикр алмашилди.

    Парламентлараро алоқаларни фаоллаштириш муҳимлиги таъкидланди. Япония парламентининг Ўзбекистон билан «Дўстлик лигаси» мамлакатлар ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшгани қайд этилди.

    «Марказий Осиё+Япония» мулоқоти доирасида транспорт, логистика, қайта тикланадиган энергия, сувдан самарали фойдаланиш ва экология соҳаларидаги қўшма лойиҳаларни илгари суриш бўйича ҳамкорликни кенгайтиришдан томонлар манфаатдор экани маълум қилинди.

    Ўзбекистон ва Япониянинг халқаро институтлар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашга содиқлиги тасдиқланди.

    Таълим, кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш соҳаларида ҳамкорлик учун катта салоҳият мавжудлиги таъкидланди, деб хабар беради Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.