Бахтли қиз ҳикояси: Президент менга умид берди, янги ҳаёт, буюк бахт улашди

    Азиза онаси Адолат опа билан 12 йилдан буён ижарама-ижара сарсон яшади. Кейинги йилларда Сергели туманидаги бувисининг кичик томорқасидаги эски тикув цехини макон қилишди. Она-бола зах жойда қўрқиб, уйқусида ҳаловат бўлмай тонг оттирарди.

    Кичик цех, ташвишларга тўла ҳаёт, аммо қалбида катта орзулар яшаётган муштипар қиз – Азиза онаси билан не-не қийинчиликларни бошидан ўтказмади.

    Тирикчилик учун она-бола ташландиқ жойларда деҳқончилик ҳам қилди, кунимизга ярар, деб терак экди, сўнг йиллаб бу тераклар ўсишини кутди. Кимлардир уларни кесиб ҳам кетди. Баъзан алданишди, панд еган вақтлари ҳам кўп бўлди. Лекин иродаси синмади.

    Адолат опа тунлари йиғлаб чиқди, ўзининг кўргулиги учун йиғлади, қизининг тақдиридан қайғуриб йиғлади, жондан азиз фарзандининг баъзан оч қолиб, тунлари дийдираб чиқишидан эзилиб йиғлади. Лекин ношукр бўлмади...

    Тақдирнинг ҳар бир синовида албатта, ҳикмат бор”

    Бир куни Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган “Ёшлар дафтари” ҳақидаги хабарни эшитган Адолат опа маҳалла идорасига борди.

    Азиза шу дафтарга киритилди. Унга ажратилган имтиёзли кредит эвазига 3 та замонавий тикув машинкаси сотиб олди. Сўнг буюртмалар топиб, иш бошлашди.

    Кутилмаганда Азизанинг орзулари ва фикрлари ҳақидаги видеолавҳа Президентимиз Шавкат Мирзиёев эътиборига тушди. Ҳаммаси оталарча меҳрли эътибордан бошланди.

    Эртакдаги орзуларнинг ушалиши ҳақида кўп ўқиганмиз. Лекин Азиза ва Адолат опа ҳаётидаги бугунги янгилик ҳаётда, хусусан, Сергели туманида, куни кеча рўй берди.

    Президент уларга Янгиҳаёт тумани “Янги Чоштепа” маҳалласидаги замонавий массивдан 3 хонали уй совға қилди. Бу уйда Азиза ва Адолат опа янги ҳаёт бошлади.

    Шу муносабат билан маҳаллада тантанали тадбир бўлиб ўтди.

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов, Президентнинг матбуот котиби Шерзод Асадов, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Гулнора Маруфова, Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев ва кенг жамоатчилик вакиллари янги уйни ҳаёт синовларини машаққатла, лекин мардонавор енгиб келаётган она-болага катта эҳтиром билан топширди.

    Шу маросимда Азиза учун яна бир қадрли совға бўлди. Бу – давлатимиз раҳбарининг унга йўллаган мактуби.

    Тантанали тадбирда давлатимиз раҳбарининг мактубини Шерзод Асадов ўқиб эшиттирди ва Азизага топширди.

    Президентимиз ўз мактубида Азиза ҳаётнинг турли синовларида ҳам келажакка қатъий ишонч ва умид билан қараётгани, ёш тадбиркор сифатида бош қаларга ўрнак эканини олқишлаган. Жумладан, мактубда “...тақдирнинг ҳар бир синовида, албатта, ҳикмат бор. Ҳаёт қийинчиликлари инсонни янада кучли қилади. Шубҳасиз, бу синовли кунлар ҳам ўтмишга айланади. Шуни билингки, Сиз ҳеч қачон ёлғиз эмассиз. Сизнинг тимсолингизда барча шижоатли ёшларимизнинг мақсадлари амалга ошиши учун доимо ёрдам қўлини чўзамиз”, деган ниҳоятда қадрли жумлалар битилган эди.

    Ватанимга керак эканимни ҳис қилдим”

    Азиза САМИҒОВА:

    – Ҳали болалигимдан бошимизга кўп кулфат тушди. Онажоним билан қандай оғир, мусибатли кунларни кўрмадик. Мактабдан чиқиб онамга ёрдамга шошардим. Далада ишладик, қулупнай, картошка экдик, кун кўриш учун тинмай меҳнат қилдик.

    Қорнимиз тўймаган кунлар ҳам бўлди. Оч юрдик. Баъзан гуруч, макарон қайнатиб едик. Шунда ҳам нолимадик. Фақат ёруғ кунлар илинжида ҳаракат қилдик.

    Шу йил бошида “Ёшлар дафтари”га киритилганимдан сўнг ҳаётимиз тубдан ўзгарди. Кредитга тикув машинкалари олиб, кечаги кунгача ўзимиз яшаб турган цехни ишга туширдик.

    Ҳалигача ўзимга ишона олмаяпман. Наҳотки Президентимиз бизга уй совға қилди, деган масрур ўй хаёлимдан бир сония бўлса-да кетмаяпти.

    Президентимизнинг менга мактуби-чи?! Оддий қизнинг давлат раҳбаридан мактуб олиши қандай бахт! Мен мактубни ўқиб, тўғри йўлда эканимни англадим. Ватанимга керакли фарзанд эканимни ҳис этдим.

    Ҳаммаси учун миннатдорман, Президентимизга чексиз раҳмат айтаман, бир умр алқаб яшайман.

    “Шу кунларга етказганига минг шукр!”

    Адолат РАҲИМОВА:

    – Етти ухлаб тушимизга кирмаган воқеа бўлди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевга минг раҳмат.

    Бир пайтлар тадбиркорлик билан ҳам шуғулланганман, лекин у даврда тадбиркорга қийин эди. Ишимиз юришмади, абгор аҳволда қолдик. Қизим билан қайси эшикка киришни билмай сарсон юрдик.

    Қиз тарбия қилиш жуда оғир вазифа. Уни уйсиз, бировларнинг миннати билан вояга етказиш эса ниҳоятда аянчли. Шундай кунларни кўп кўрдим.

    Онаман-ку, сезардим, қизимнинг руҳияти жуда ўксик бўлиб қолди. Одамлар билан гаплашмай қўйди, дугоналарига аралашмасди. Буларнинг барчаси қийинчилик, йўқчилик туфайли эди.

    Бир ёмон куннинг бир яхши куни бор, деб ўзимга кўп таскин берганман. Кейинги йилларда шу таскин ишончга айлана борди. Чунки Президентимизнинг халқ билан мулоқотини кўриб, бошлаган хайрли ишлари гувоҳи бўлиб, ҳар бир фуқаронинг ҳаётида ўзгариш бўлишига амин эдим.

    Бугун ўзимни шундай бахтли одамлар сафида кўриб, қувониб ўтирибман.

    * * *

    Азиза бугунги кунга меҳнат, сабр ва шукроналик билан эришганини айтади. Унинг онаси эса ишлари юришиб кетса, бир вақтлар ўзи каби қийналган одамларга ёрдам бериши ҳақида гапиради. “Пулим кўпайиб кетса, қийналган одамлар уй олиши учун ҳеч қурса биринчи тўловига ёрдамлашаман”, дейди опа.

    Биз эса уларнинг нияти амалга ошишига ишонамиз. Чунки давлатимиз раҳбари топшириғига кўра, Азиза ва унинг онаси тадбиркорлик қилаётган пастқамгина жой таъмирланиб цехга айлантириладиган бўлди. Адолат опа бу ерда янги иш ўринлари очиб, маҳалладаги аёлларни иш билан таъминламоқчи.

    Ҳа, шундай ажиб воқеанинг гувоҳи бўлдик. Эзгуликнинг қаноти бор, дейишади. Президентимизнинг Азизага уй совға қилгани, мактуб йўллагани мамлакатимизга овоза бўлди. Бу кейинги йилларда бошланган, бугун янада қўр олаётган халқчил сиёсатнинг ёрқин намунаси эди.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates