Байроғимиз – фахримиз, ғуруримиз

    Соҳибқирон Амир Темур салтанатида давлат туғи адолат, буюк куч-қудрат рамзи ҳисобланган.

    Давлатимиз суверенитетининг рамзларидан бири мустақил Ўзбекистон Республикасининг “Давлат байроғи тўғрисида”ги қонуни қабул қилинганига 32 йил тўлди. Давлат рамзлари ҳар бир мамлакатнинг мустақиллигини ифодаловчи муқаддас белгидир. Республикамиз давлат рамзлари халқимизнинг шон- шарафи, тарихий хотираси ва интилишларини ўзида мужассам этиб, тинч ва осойишта, озод ва эркин ҳаётимиз, ёруғ келажагимизга бўлган ишончимиз ифодасидир.

    Ўзбекистон суверенитетини белгилайдиган рамзлар орасида Давлат байроғи алоҳида ўрин тутади. Зеро, байроқ халқнинг ўтмиши ва бугуни, мустақиллиги, тинч­лиги ва барқарорлигининг тимсолидир. У ер юзининг сарҳадларида мустақил Ўзбекистон давлати борлигини англатади ва ўзида миллий-маданий анъаналаримизни мужассамлаштиради. Ўзида жуда катта маъно-мазмунни акс эттирган, юксак дид ва маҳорат билан пухта ишланган, бутун Ўзбекистон аҳлининг асрий орзу-истакларини, ғайрати ва шижоатини, халқимизга хос меҳмондўстликни, аждодлар ёди ҳамда миллат ғурурини ўзида мужассам этган байроғимиз сайёрамиздаги барча мамлакатларнинг давлат рамзлари орасида алоҳида ҳурмат ва эҳтиромга сазовордир.

    Қадимдан юртимиз давлатчилигида байроқ аждодларимиз учун озодлик, куч-қудрат, жасорат, ғалаба тимсоли бўлган. Соҳибқирон Амир Темур салтанатида давлат туғи адолат, буюк куч-қудрат рамзи ҳисобланган. Ҳақиқатдан ҳам, ҳаётимизда рамз ва тимсолларнинг ўрни катта. Зеро, миллий рамзлар ор-номус, шон-шараф саналган. Шайх Нажмиддин Кубронинг жасоратини тарихдан яхши биламиз. Ҳамон бу буюк қаҳрамонлик тилдан тушмайди, ҳанузгача халқимизни ватанпарварликка, қаҳрамонликка чорлайди. Юрт байроғини ёв қўлига топширишни истамаган Нажмиддин Кубро уни қўлида маҳкам тутганча жон берган эди. Душман ҳарчанд уринмасин, унинг қўлидан байроқни тортиб ололмай, охири панжалари билан кесиб олади. Туғини жонидан ортиқ асраган Тўмарис, Спитамен, Муқанна, Темур Малик, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби ўнлаб саркардалар ҳаёти ҳам бугун авлодларимизга катта ибрат. Аслида Ватан байроғини кўзга суртиш, уни тўтиё қилиш Ватанни севиш, унинг учун жонини фидо қилишга тайёр бўлиш деганидир.

    Бугун миллий байроғимиз нафақат давлат идора ва муассасалари, ўқув юртлари, балки Ўзбекистон аъзо бўлган халқаро ташкилотлар, чет эллардаги элчихона ва доимий ваколатхоналаримиз пештоқида ҳилпираб турибди. Турли байрам тантаналарида, мамлакатимиз аъзолари қатнашаётган халқаро миқёсдаги сиёсий, маданий-маърифий тадбирларда, нуфузли спорт мусобақаларида ҳам байроғимиз Ватанимизнинг шаъни, халқимизнинг ғурурини ёрқин акс эттирмоқда. Биргина мисол, халқаро спорт беллашувларида ғалаба қозонган спортчиларимиз шарафига юртимиз байроғи баланд кўтарилган лаҳзада ҳар биримиз чексиз ҳаяжон билан фахр ва ифтихор ҳиссини туямиз ҳамда ғурурланамиз.

    Давлат рамзларининг муқаддаслигини, улар бизга юрт манфаати ҳамма нарсадан устунлигини англатиб, эслатиб туришини ҳар биримиз ёдда тутишимиз ва ёш авлодга етказишимиз шарт.

    Байроғимизнинг баландлиги юртимизнинг обрў-нуфузи юксаклигидан далолатдир. Шундай экан, фахримиз ва ғуруримиз тимсолини ҳамиша эъзозлайлик ва бошимиз узра баланд кўтарайлик, байроғимиз мангу ҳилпирайверсин!

    Гулшан Асатова,

    Ўзбекистон ХДП марказий кенгаши “Аёллар қаноти” раҳбари

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates