Беш нафар енгил атлетикачимиз жаҳон чемпионатида иштирок этади

    19-27 август кунлари Венгриянинг Будапешт шаҳрида енгил атлетика бўйича навбатдаги жаҳон чемпионати бўлиб ўтади.

    Дунёнинг энг кучли атлетлари қатнашадиган мусобақада ҳамюртларимиз ҳам иштирок этади.

    Бутунжаҳон енгил атлетика федерацияси мазкур дунё биринчилигида Ўзбекистон терма жамоасининг 5 нафар аъзоси қатнашишини тасдиқлади. Унга кўра, Екатерина Воронина етти кураш, Шарифа Давронова уч ҳатлаб сакраш, Анвар Анваров узунликка сакраш, Сафина Садуллаева баландликка сакраш, Екатерина Тунгускова марафон югуриш дастурларида ўз омадларини синаб кўради.

    Қайд этиш жоиз, беллашувлар давомида спортчиларимиз Париж-2024 нормативларини бажаришса, Олимпиада йўлланмаларини ҳам қўлга киритиши мумкин. Спортчиларимиз мусобақада қуйидаги саналарда чиқишади:

    19 август: Екатерина Воронина (100 метрга тўсиқлар оша югуриш, баландликка сакраш, ядро улоқтириш ва 200 метрга югуриш), Шарифа Давронова (саралаш);

    20 август: Екатерина Воронина (узунликка сакраш, найза улоқтириш, 800 метрга югуриш);

    21 август: Шарифа Давронова (финал);

    23 август: Анвар Анваров (саралаш);

    24 август: Анвар Анваров (финал);

    25 август: Сафина Садуллаева (саралаш);

    26 август: Екатерина Тунгускова (финал);

    27 август: Сафина Садуллаева (финал).