Бугун мамлакатимизда ёш авлодни ҳар томонлама баркамол, ватанпарвар ва замонавий билимлар эгаси этиб тарбиялаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Ўқитишга замонавий ўқув дастурлари жорий этилиб, ўқитувчиларнинг касбий салоҳияти оширилаётгани, илмий тадқиқот ишлари изчил қўллаб-қувватланаётгани ҳамда халқаро тажриба асосида педагогик инновациялар кенг жорий этилаётгани бу борадаги ишлар самарадорлигини оширмоқда.
Ушбу жараёнда Урганч давлат педагогика институтида ўқув, илмий, маданий, спорт ва халқаро ҳамкорлик йўналишларида эришилган ютуқларни соҳадаги ислоҳотларнинг кичик амалий натижалари дейиш мумкин. Айниқса, институтда таълим сифатини ошириш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, талабаларнинг ижтимоий фаоллигини кучайтириш ва миллий қадриятларга асосланган тарбия тизимини шакллантириш бўйича қилинаётган ишлар эътиборга лойиқ.
Президентимизнинг 2022 йил 21 июндаги “Педагогик таълим сифатини ошириш ва педагог кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, Урганч давлат педагогика институтининг кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган 2- ва 3-босқич талабалари учун ҳафталик ўқув машғулотлари “4+2” тартибида, яъни дарсларнинг 4 куни институтда, 2 куни мактабгача ва умумий ўрта таълим муассасаларида амалиёт ўташ тартибида олиб борилмоқда.
Институт талабалари вилоятдаги 921 та амалиёт объектида, хусусан, 368 та давлат мактабгача таълим ташкилоти, 542 та умумтаълим ва 11 та ихтисослашган мактабда амалиёт ўташ имкониятига эга. ОТМдаги 19 та таълим йўналишининг барчаси умумий ўрта таълим мактабларининг ўқув режасидаги фанларга мос. Бу ёндашув педагогик таълим сифатини оширишда муҳим қадам бўлиб, бўлажак ўқитувчиларда касбий кўникмаларни шакллантириш, дарс жараёнини бошқариш, педагогик вазиятларга тўғри ёндашиш каби муҳим жиҳатларни эгаллаш имконини беради.
Энг асосийси, “4+2” тизими таълимда назария билан амалиёт уйғунлигини таъминлаб, талабаларни мактаб муҳити билан яқиндан таништиради, келгусида малакали, масъулиятли ва замонавий талабга жавоб берадиган педагог кадрлар сифатида шакллантиришда муҳим ўрин тутади.
Урганч давлат педагогика институтида 19 та бакалавриат таълим йўналиши ва 11 та магистратура мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрланмоқда. Профессор-ўқитувчиларимиз дунё ОТМларининг етакчи 300 талигига кирувчи 10 дан ортиқ хорижий олий таълим муассасасининг ўқув режа ва дастурларини таҳлил қилиб, уларга асосан таълим йўналишларининг 100 га яқин ўқув режа ва дастурларини такомиллаштирди.
Жумладан, Кембриж университети (Буюк Британия), Гарвард университети, Стенфорд университети, Массачусетс технология институти, Техас давлат университети (АҚШ), Эдинбург университети (Шотландия), Москва давлат университети (Россия), Порту университети (Португалия) дастурлари таҳлил қилиниб, янги фанлар киритилди. Шунингдек, ўқув режаларидаги фан мавзулари мазкур олий таълим муассасалари дастурлари асосида бойитилди.
Институтда илмий ва инновацион фаолиятни тизимли йўлга қўйишда илмий салоҳиятни ошириш, тадқиқот натижаларини нашр этиш ва тижорийлаштириш, олий таълимдан кейинги таълим самарадорлигини ошириш, профессор-ўқитувчиларнинг илмий фаолиятини рағбатлантириш, илмий лойиҳалар, халқаро грант ва инвестиция лойиҳалари ҳамда илмий ишланмаларнинг амалиётга жорий этилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2026 йилда илмий салоҳиятни 40 фоизга етказиш кўзда тутилмоқда. Олий таълим муассасасида 7 та ихтисослик бўйича 150 га яқин таянч докторант ва мустақил изланувчи тадқиқот олиб бормоқда.
Жорий йил якунига қадар Урганч давлат педагогика институтини 2025 йилда комплекс ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастурида бажарилиши керак бўлган мақсадли кўрсаткичлар борасида тизимли ишлар давом эттириляпти. Институтда таълимнинг ишлаб чиқариш ва илм-фан билан интеграциясига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, жумладан, Технологиялар ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш маркази, Incubation center, Modern educators коворкинг марказлари ташкил этилган.
Институт халқаро майдондаги ўрнини тобора мустаҳкамламоқда. Жумладан, UI GreenMetric, Times Higher Education рейтинг ташкилотлари ҳамда Евроосиё педагогика университетлари ассоциацияси аъзоси. Шунингдек, институт хорижий давлатлардаги 14 та олий таълим муассасаси ва ташкилот билан 50 дан ортиқ ҳамкорлик меморандуми имзолаган. Хусусан, яқинда Лондонда ўтказилган “Ўзбекистон — Буюк Британия таълим форуми” доирасида Урганч давлат педагогика институти ва Норвич тил ўқитиш институти ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланди.
Институтда кадрлар салоҳиятини ошириш борасида ҳам тизимли ишлар қилинмоқда. Жумладан, 2023 йилда 10 га яқин, 2024 йилда 20 га яқин ҳамда 2025 йилда қарийб 30 профессор-ўқитувчи нуфузли ҳамкор хорижий университетларда малака оширди ҳамда стажировка дастурларида иштирок этди. Хорижий тажрибани тўғридан тўғри ўқув жараёнига жорий этиш мақсадида чет эллик профессорлар ҳамда соҳа мутахассисларини жалб қилиш тизимли йўлга қўйилган.
2023 йилда Россия ва Туркиядан 2, 2024 йилда Россия, Туркия, Озарбайжон, Ҳиндистон ва Қозоғистондан 9, 2025 йилда 11 профессор ҳамда соҳа мутахассиси дарс жараёнига жалб этилди. Институтда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил қилиш учун 2024/2025 ўқув йилида 700 дан ортиқ маънавий-маърифий, маданий тадбирлар, турли спорт мусобақалари ва интеллектуал беллашувлар ташкил қилинди. Мазкур ўқув йилида институт талабалари халқаро ва республика миқёсидаги қатор кўрик-танловларда иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллаган.
Жумладан, халқаро миқёсдаги фан олимпиадаларида 4 талабамиз ғолибликни қўлга киритди. Яна икки нафари Алишер Навоий номли, бир нафари Ислом Каримов номли давлат стипендиясига сазовор бўлди. Шунингдек, 60 га яқин иқтидорли талабамиз халқаро ва республика миқёсидаги анжуман, форум ҳамда симпозиумларда фаол иштирок этиб, турли соврин ва ютуқларни қўлга киритган бўлса, 82 нафари жаҳон ва республика чемпионатларида олтин, кумуш ва бронза медаллар соҳиби бўлди.
Бугунги глобаллашув, рақамли трансформация ва билимга асосланган жамият сари интилаётган дунёда педагогик таълимнинг ўрни ва масъулияти тобора катта. Бу жараёнда мамлакатимиздаги изчил ва тизимли ислоҳотлар педагогика соҳасини тубдан янгилаш, замон талабларига мослаштиришга қаратилган. Урганч давлат педагогика институти ушбу ислоҳотлар жараёнининг фаол иштирокчисига айланиб, кўплаб ижобий натижаларга эришмоқда. Профессор-ўқитувчиларнинг илмий салоҳияти, тажриба алмашинуви, хорижий ҳамкорликдаги лойиҳалар кенгайтирилиши, талабалар учун яратилаётган шароит, илмий изланишлар учун муҳит шакллантирилиши институтнинг ўз мақсадларига қатъий ва босқичма-босқич эришаётганини кўрсатади.
Феруза МАДРАҲИМОВА,
педагогика фанлари доктори,
доцент
Ҳамкорлик материали








