Билимлар масъулияти

    Тиббиёт — мураккаб соҳа. Унинг тараққиёти халқ фаровонлиги, инсонлар саломатлигини сақлаш, турли юқумли ва юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олиш ҳамда самарали даволашда муҳим ҳисобланади.

    Ушбу соҳа мутахассисларини билимли қилиб тарбиялаш эса олий тиббий таълим муассасаси раҳбар ва устозлари зиммасига катта масъулият юклайди. Айниқса, бу борада халқаро ҳамкорлик ва тажриба алмашишнинг ўрни беқиёс.

    Бугунги кунда Андижон давлат тиббиёт институти хорижнинг етук тиббиёт олий таълим муассасалари билан мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўйган. Йилдан йилга алоқалар доираси кенгайиб бормоқда.

    Жорий йилнинг май ойида Андижон давлат тиббиёт институти томонидан “Профилактик тиббиётда юқори инновацион технологияларни қўллаш” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилди.

    Мазкур анжуманда Греция, Швейцария, Ҳиндистон, Туркия, Россия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон давлатларидан 50 дан зиёд олимлар ҳамда республикамиз вилоятларидан 200 дан зиёд шифокорлар иштирок этди. Бу, албатта, хорижлик мутахассисларнинг институтимизга бўлган қизиқиши ва эътиборидан дарак, десам муболаға бўлмайди.

    Институтимиз дунёнинг қатор ривожланган давлатларидаги ўнлаб олий ўқув юртлари билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Айниқса, Россия Федерациясидаги тиббиёт олий ўқув юртлари, тиббиёт илмий-тадқиқот марказлари билан ҳамкорлигимиз янги босқичга кўтарилди.

    Айни кунда институт Россия Федерацияси Приволжский номидаги тиббий тадқиқот университети билан стоматология клиник ординатура (1+1) йўналиши, Доғистон давлат тиббиёт университети билан стоматология бакалавриат таълим (3+2) йўналишида, шунингдек, Қозон федерал университети, И.П.Павлов номидаги Биринчи Санкт-Петербург давлат тиббиёт университети, Санкт-Петербургдаги И.И.Mечников номли Шимолий-Ғарбий давлат тиббиёт университети, В.A.Aлмазов номидаги Миллий тиббий тадқиқот маркази билан яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган.

    2019 йилда Доғистон давлат тиббиёт университети билан стоматология йўналиши бўйича бакалавриат таълим йўналишида ташкил этилган 3+2 қўшма таълим дастури доирасида бугунги кунда 51 нафар талаба таҳсил олмоқда.

    Биргина жорий йилнинг ўзида институтда Россия Федерацияси олий ўқув юртлари, тиббиёт марказлари, россиялик мутахассислар билан ҳамкорликда “Профилактик тиббиётда юқори инновацион технологияларни қўллаш”, “Урологик касалликларни даволашга инновацион ёндашув”, “Болалар жарроҳлиги хирургияси муаммолари” мавзуларида халқаро илмий анжуманлар ўтказилди.

    2023-2024 ўқув йилида институтга россиялик 32 нафар олим ва мутахассис келди. Катта тажриба ва юқори малакага эга ана шу мутахассислар томонидан талаба ҳамда ўқитувчилар учун тиббиётнинг долзарб масалалари юзасидан маърузалар, амалий машғулотлар, маҳорат дарслари ўтказилди. Институт профессор-ўқитувчилари, мутахассисларининг Россия Федерацияси олий ўқув юртлари, тиббиёт марказларида тажриба ва малакасини ошириш борасида ҳам эътиборга молик ишлар бажарилмоқда. Хусусан, 2023 йил ва жорий йилнинг ўтган даврида 45 нафар мутахассисимиз Россияда малака ошириб қайтди.

    Германия давлатининг қатор нуфузли олий таълим муассасалари ҳамда институтимиз ўртасида мустаҳкам ҳамкорлик йўлга қўйилган. Июнь ойи аввалида бир гуруҳ делегация аъзолари билан биргаликда Германия Республикасида хизмат сафарида бўлиб қайтдик. Унда Росток университети ректори, профессор Элизабет Проммер, Тиббиёт факультети декани, профессор Краузе ва бўлим бошлиқлари билан учрашув ўтказилди. Дўстона руҳда ўтган учрашувда икки олий таълим муассасаси ўртасида илм-фан ва таълим соҳасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, қўшма илмий фаолият, илмий-тадқиқот ишлари, докторантурани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

    Тиббий ёрдам, диагностика ва даволашни ривожлантиришга инновацион ёндашувлар, инновацион радиологияни, хусусан, урологик онкология, клиник радиология соҳаларида мутахассислар тайёрлашни ривожлантириш, Росток университети клиникаларида малака оширишни жорий этиш юзасидан келишувга эришилди.

    Росток университети клиникаси радиология бўлими раҳбарияти билан ўтказилган учрашувда эса янги инновацион йўналишларни жорий этиш бўйича ҳамкорликда иш олиб бориш масаласи муҳокама қилинди. Унга кўра, клиникага онкологик касалликларни ташхислаш ва даволашнинг янги замонавий усулларини жорий этиш, икки босқичли жараёндан иборат бўлган Андижон давлат тиббиёт институти ходимларининг (рентгенологларнинг) малакасини, диагностика — МРТ, МСКТ соҳасидаги касбий билимларини ошириш, ПEТ диагностикасини жорий этиш ва ўзлаштириш бўйича фикр алмашилди. Шунингдек, онкоурология соҳасида замонавий даволаш усулларини қўллаш, Росток университети касалхонасининг ютуқлари асосида саратон касалликларини даволашда замонавий инновацион мақсадли терапияни ишлаб чиқиш ва жорий этиш, саратон билан касалланган беморларни самарали даволаш учун замонавий фармацевтик препаратлардан фойдаланиш имкониятлари кўриб чиқилди ва ушбу соҳаларни ривожлантиришга келишиб олинди.

    Германиялик ҳамкасблар барча турдаги профессионал ёрдам кўрсатиш ташаббусини маъқуллади.

    Мазкур сафар доирасида Берлин шаҳридаги Хелиос клиникаси ва Андижон давлат тиббиёт институти ўртасида мутахассисларнинг Клиник онкология ва радиология бўйича малака ошириши, янги технологияларни ўзлаштириш йўналишида ҳамкорлик қилиш тўғрисида келишиб олинди.

    Берлин университети Тиббиёт факультетининг ички касалликлар, пульмонология ва сомнология кафедраси мудири, профессор Инго Фитсе билан илмий ва академик соҳадаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Талабалар, магистрлар ва клиник ординаторлар учун масофавий маърузалар ўтказиш, академик ва талабалар алмашинуви мавзулари кўриб чиқилди. Клиник тадқиқотлар, малака ошириш, мураккаб операцияларни ўтказиш, ўпка ва простата бези онкологиясининг замонавий диагностикаси ва мақсадли даволаш усулларини жорий этиш учун Андижон давлат тиббиёт институти клиник базасига германиялик мутахассисларни жалб этиш бўйича ҳамкорлик тўғрисида шартнома имзолашга келишиб олинди.

    Туркия Республикасининг Карабук университети билан ҳам келажакда ўқитувчилар малака ошириши, талабалар алмашинуви, қўшма таълим лойиҳалари масалаларида муҳокамалар ўтказилди.

    Биофизика соҳасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Шу билан бирга Туркиянинг Ҳажеттепе университети клиникаси бош шифокори ва кардиология соҳаси мутахассиси томонидан институтимизда маъруза ва маҳорат дарслари ўтказилди.

    Президентимизнинг Туркия Республикасига олий даражадаги ташрифи доирасида амалга оширилган қатор ҳамкорлик йўналишлари доирасида ёш тадқиқотчилар учун Туркия университетларининг докторантура босқичида таҳсил олиши учун жорий йилдан стипендиялар ажратилиши йўлга қўйилади. Бу эса мавжуд ҳамкорликларни янада мустаҳкамлаш учун кенг имкониятлар эшигини очади.

    Яқин кунларда 15 нафар мутахассисимиз Туркиянинг қатор нуфузли олий таълим муассасаларида малака ошириб қайтди. Шунингдек, туркиялик мутахассислар институтимизга келиб, талабаларимизга маҳорат дарсларини ўтмоқда.

    2023 йилнинг сентябрь ойида ўтказилган Ўзбекистон — АҚШ соғлиқни сақлаш ҳафталиги доирасида Uzbek American Medical Association (Ўзбек-Америка тиббиёт ассоциацияси), Американинг Питтсбург университети, CyberPatient раҳбари билан қатор учрашувлар ўтказилиб, ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Шунингдек, ушбу келишувлар асосида бугунги кунда амалий ишлар йўлга қўйилган. Институтимизнинг кўплаб мутахассислари АҚШда малака ошириб, ўз билимларини бойитиб келмоқда.

    Госпиталь педиатрия кафедраси мудири Маърифат Ғаниева АҚШнинг Розалин Франклин тиббиёт ва фан университетида “Болалардаги юқумли касалликлар ва болалар иммунологияси” йўналишларида малака ошириш дастурларида иштирок этиб қайтди.

    Институт магистранти Жавоҳир Маҳаматжонов АҚШдаги University Hospital of Brooklyn шифохонасида магистрлик илмий иши юзасидан амалиёт ўтаб, билимларини янада бойитиб келди.

    Халқаро ҳамкорлик кўлами ва географияси йилдан йилга кенгайиб бормоқда. Жумладан, Ҳиндистон билан ҳам алоқалар яхши йўлга қўйилган. Ҳиндистонлик ёшларнинг институтимизда таҳсил олишга қизиқиши юқори. Шу боис, мазкур мамлакатда яшовчи абитуриентларга қулайлик яратиш мақсадида у ерда институтимизнинг ваколатли офислари фаолияти йўлга қўйилган. Институтнинг қўшма таълим ва хорижий талабалар билан ишлаш бўлими бошлиғи Ғайратбек Солиев Ҳиндистонда ўтказилган “India’s first MBBS Abroad Expo” халқаро кўргазмасида иштирок этмоқда. Бу эса хорижлик абитуриентларга институтимиз ҳақида батафсил маълумот бериш учун етарли қулайликларни яратмоқда.

    Ушбу тарғибот тадбирларини яна кўплаб мамлакатларда амалга ошириш режалаштирилган.


    Мадаминжон МАДАЗИМОВ,

    тиббиёт фанлари доктори, профессор


    Мақола "Янги Ўзбекистон" газетасининг 156-сонида (2024 йил 6 август) чоп этилган.


    Ҳамкорлик материали

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates