9 апр 2025
19:11

    “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси ёшларга нима беряпти?

    Ахборот-коммуникация технологияларига қизиқиши баланд ва у билан шуғулланиш ниятидаги йигит-қизлар учун қатор қулайликлар мавжуд. Жумладан, 2021 йилдан бошлаб халқаро IТ сертификатини қўлга киритган ёшларга харажатининг 50 фоизигача бўлган қисми қоплаб берилади.

    Ҳудудларда IТ парклар, ахборот технологияларини ўқитишга ихтисослаштирилган мактаблар ҳамда ўқув марказларининг ташкил этилиши, стартап ғояларнинг илгари сурилиши аҳоли турмуш тарзи ва фаровонлигини оширишга олиб келади, маҳаллий ривожланиш даражасига ижобий таъсир қилади. Шу билан бирга, ёшларнинг ўз илмий ва ижодий салоҳиятини ошириши, интеллектуал билимини намоён қилиши, таҳлилий фикрлаши, иқтидори ва ижтимоий мослашуви учун муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, ёшлар бандлигини таъминлашда IТ марказлар ва “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси катта самара беряпти.

    Шу йилнинг 13 апрель куни Президентимиз раислигида ёшлар бандлиги ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича илгари берилган топшириқлар ижроси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида таъкидлаганидек, бугунги кунда республика бўйича 120 та IТ марказни тўрт мингга яқин “Ёшлар дафтари”га кирганлар тамомлаган. Келгусида бизнес бошлаши учун бундай йигит-қизлар компьютер билан таъминланади. Бунинг учун “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида сертификат олган ёшларга компьютер хариди учун кредитлар ажратилади. Уларнинг фоиз харажатлари тўлиқ бюджетдан қоплаб берилади.

    2019 йил 20 ноябрда давлатимиз раҳбари янги босқич қурилишига рамзий тамал тоши қўйган ва Тошкентда мамлакатимиздаги биринчи Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки очилганди. Шундан буён ўтган давр мобайнида ахборот технологиялари соҳасида ўнлаб лойиҳалар йўлга қўйилди. Ёшларнинг соҳага оид қизиқиш ва интилишларини рағбатлантириш, аҳолнинг компьютер саводхонлигини ошириш борасида сезиларли қадамлар қўйилди. “Иқтисодиётимиз барқарорлиги, ҳар бир соҳанинг сифати ва самарадорлиги, аҳолига қулайликлар яратиш ахборот технологиялари билан боғлиқ. Шунинг учун бу соҳага янада кенг имконият, зарур инфратузилма яратиш, мутахассисларни ҳар томонлама рағбатлантириш, қобилиятли ёшларни тарбиялаш керак”, деган эди Президентимиз.

    IТ парклар эса, мана шундай мақсадларни ўзида мужассам этиб, ўқиш ва истиқболли лойиҳалар устида ишлаш, дастурий маҳсулотлар бозорига чиқишга кўмаклашиш, соҳага илғор ёшларни кенг жалб қилиш, уларни юксак салоҳиятли қилиб тарбиялаш учун учун замонавий макон вазифасини ўтаётир. Бугунги кунда бу ерда минглаб стартаплар устида ишланяпти, миллионлаб дастурчилар тайёрланяпти.

    Жумладан, “Бир миллион дастурчи” (One million uzbek coders) лойиҳаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва Бирлашган Араб Амирликларининг “Dubai Future Foundation” жамғармаси томонидан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

    Март ойининг якуний ҳолати бўйича республика миқёсида uzbekcoders.uz портали орқали рўйхатдан ўтиб “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида таълим олаётганлар сони 200 минг нафардан зиёдни ташкил этди.

    Яқинда “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида битирувчилар салмоғи бўйича юқори натижаларни кўрсатган Кармана туманидаги 2-мактаб ҳамда Қўнғирот туманидаги 39-мактабга Ўзбекистон Республикаси Президенти совғаси — “Спарк” автомобили топширилди.

    Айтиш жоизки, дастурий маҳсулот ва рақамли хизматларни тақдим этиш учун қулай шарт-шароит яратиш, уларни ички ҳамда ташқи бозорга олиб чиқиш, инновацион ишланмаларни рағбатлантириш ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантиришнинг муҳим шартидан биридир. Шу маънода, Ўзбекистон Ҳиндистоннинг ахборот ва технология компаниялари билан биргаликда дастурий таъминотни ишлаб чиқиш, стартапларни жадаллаштириш бўйича қатор лойиҳаларни йўлга қўйди.

    Мамлакатимиз бўйлаб беш ташаббус доирасида 120 та рақамли технологиялар ўқув маркази фаолияти йўлга қўйилди. Ўтган йил бошидан буён уларда 18 мингдан ортиқ ёш ўқитилди. Ҳозир IT соҳаси бўйича учта техникум фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, уларда етти юзга яқин йигит-қиз таълим олмоқда. Янги ўқув йилига қадар қолган ҳудудларда ҳам 11 та техникум ташкил этиш режалаштирилмоқда.

    Маълумотларга кўра, ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси бўйича мамлакатимизда йилига ўртача беш минг нафардан ортиқ олий маълумотли кадр етишиб чиқади. Шундан 3 минг 300 нафари Тошкент ахборот технологиялари университети ҳиссасига тўғри келмоқда. Ўтган йили Андижон, Фарғона, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки филиаллари ташкил этилди. Уларда фаолият юритаётган 440 дан зиёд резидент томонидан мингга яқин янги иш ўрни ташкил этилди. Ишлаб чиқарилаётган дастурий маҳсулот ва хизматлар ҳажми бир триллион сўмликдан ортди.

    Айни пайтда Тошкент шаҳридаги Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки резидентларини кўпайтириш ва уларга етарли имкониятлар яратиш вазирлик диққат марказида турибди. Шу мақсадда хориждан жалб қилинган эксперт билан ҳамкорликда умумий майдони 408 минг квадрат метрга тенг ҳудудда инфратузилма объектларини бунёд этиш концепцияси ишлаб чиқилиб, қурилиш ишлари бажарилмоқда.

    Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркида резидентларга молиявий, маркетинг, юридик ва бошқа консалтинг хизматлар кўрсатилади. Улар учун молиявий имтиёзлар кўзда тутилган. Жумладан, 2028 йилнинг 1 январига қадар барча солиқ ва давлатнинг мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалардан, шунингдек, бир марталик ижтимоий тўловлардан озод қилинган. Тақдим қилинган имтиёзлар ва преференциялар туфайли хизматлар ва экспорт ҳажми йилдан йилга ошяпти. Натижада IТ парк резидентлари дунё бозорига чиқиб, ўз хизматларини хорижий компанияларга таклиф этмоқда.

    Ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси бугунги кунда энг талаб юқори ва устувор соҳалардан бири ҳисобланади. Стартаплардан тортиб энг йирик компанияларгача яхши IТ мутахассисга эҳтиёж сезади. Шу туфайли ҳам ушбу соҳа эгаларига талаб жуда баланд. Тадбиркорлар, компания ҳамда ташкилотларнинг малакали ходим учун юқори маош тўлашга доимо тайёр. Республикамизда бундай марказлар очилаётгани бежиз эмас. Бу ҳар бир инсон ўқиб ўрганиши, IТ дунёсига қўшилиши учун амалга оширилмоқда.

    Шу қатори, Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки томонидан мобиль робототехника бўйича миллий терма жамоа шакллантириш жараёни бошланди. Парк филиалларида стартап лойиҳаларни амалга ошириш, ёшларни дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқаришга кенг жалб қилиш бўйича тизимли ишлар бажарилмоқда. Ахборот-коммуникация технологияларига қизиқиши баланд ва у билан шуғулланиш ниятидаги йигит-қизлар учун қатор қулайликлар мавжуд. Жумладан, 2021 йилдан бошлаб халқаро IТ сертификатини қўлга киритган ёшларга харажатининг 50 фоизигача бўлган қисми қоплаб берилади.

    Техника ва коммуникация асрида инсонларнинг дунёқараши, фикри кун сайин ўзгариб бормоқда. Бугунги кунда уларни ҳайратлантириш, турмуш тарзини буткул ўзгартириб юбора оладиган лойиҳаларни ишлаб чиқиш ҳам қийинлашяпти. Бунинг асосий сабабларидан бири уларнинг замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фаол фойдаланиши, дунёда рўй бераётган янгиликлар, воқеа-ҳодисалардан тез хабардор бўлишидир.

    Шунга кўра, соҳада ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларда ижодкорлик, креативликни янада ривожлантириш мақсадида янги лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. Бу лойиҳалар уларнинг истеъдоди, ихтиролари ҳамда ғояларини ҳаётга татбиқ этишда муҳим роль ўйнайди.

    Моҳинур ҚУДРАТУЛЛАЕВА,

    Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш

    вазирлиги ахборот хизмати масъул ходими

    No date selected
    апрел, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates
    Телеграм каналимиз
    Text to speech