Биринчи МДҲ ўйинларининг қаҳрамонлари тантанали кутиб олинди

    Спорт 14 сентябр 2021 1464

    Жорий йил 4-11 сентябрь кунлари Россиянинг Қозон шаҳрида I МДҲ ўйинлари бўлиб ўтди.

    Унда иштирок этган Ўзбекистон делегацияси 23 та олтин, 32 та кумуш ва 36 та бронза, жами 91 та медаль қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида мезбонлардан сўнг иккинчи ўринни эгаллади.

    Ушбу мусобақада иштирок этган делегациямиз Ватанимизга қайтиб келди. Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортининг 3-Терминалида ўтган тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Беҳзод Мусаев, Рустам Шоабдураҳмонов бошчилигидаги МОҚ раҳбарияти, Туризм ва спорт вазирлиги мутасаддилари, кўп сонли мухлислар ва спортчиларимизнинг яқинлари иштирок этди.

    Ёш атлетларимиз аэропортда тантанали кутиб олинди. Тадбирни Азиз Абдуҳакимов ва Беҳзод Мусаев очиб берди. Мутасаддилар сўз ўрнида ёш спортчиларимизни қўлга киритилган муваффақият билан қутлаб, уларнинг келгуси фаолиятларида омад ва зафарлар тилаб ўтди. Шунингдек, Ўзбекистон халқ артисти Теша Мўминов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Ғайрат Мажид ҳам ўзларининг илиқ тилакларини йўлладилар.

    Шундан сўнг биринчи МДҲ ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган спортчиларимизга Ўзбекистон Республикаси Президенти совғаси топширилди. Унга кўра, мусобақада олтин медалга сазовор бўлган спортчиларга 25 миллион, уларнинг устозларига 12,5 миллион, кумуш медаль соҳибларига 15 миллион ва уларнинг тренерларига 7,5 миллион, бронза медали эгаларига эса 10 миллион, уларни тарбиялаган мураббийларига 5 миллион сўмдан пул мукофотларининг сертификатлари топширилди. Эстрадамизнинг бир қатор ёрқин вакиллари ижросидаги куй-қўшиқлар тантанали маросимга ўзгача файз берди.

    Кейин тадбир иштирокчилари ажратилган икки қаватли махсус автобусларда пойтахтимиз бўйлаб МОҚ томон сайрга чиқди. Уларни кўплаб ҳамшаҳарларимиз пойтахтимиз кўчалари бўйлаб олқишлаб турди.

    Тантанали маросимнинг мантиқий якуни МОҚ биносида бўлди. Унда делегациямиз бир жамоа бўлиб, эсдалик учун суратга тушди ва улар иштирокида флешмоб ёзиб олинди, деб хабар беради Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates