Пойтахтимизда фаолият олиб бораётган Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган мактабга оммавий ахборот воситалари ходимлари учун пресс-тур ташкил этилди.
Астрономия фанининг келгусидаги ривожи учун малакали кадрлар тайёрлаш самарадорлигини ошириш, иқтидорли ёшларнинг астрономия ва аэронавтика фаолияти соҳасидаги янги ютуқларни ўрганиш ва ўзлаштиришга бўлган интилишини ривожлантириш мақсадида ташкил этилган мазкур мактабда ўқувчилар учун барча шарт-шароит яратилган, бир неча тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган. Мактаб музейи астрономия ва аэронавтика фани ривожи ҳақида қизиқарли маълумотларни тақдим этса, таълим муассасасидаги телескоп ўқувчиларни бу борадаги билимларини мустаҳкамлашга кўмаклашаётир.
200 ўқувчи ўрни ва 150 ўринли турар жойига эга бўлган, математика, астрономия, физика ва информатика фанларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабда бугун 188 нафар ўқувчига инновацион усулларда таълим берилмоқда.
Аэрокосмик технологиялар хонасида замонавий VR BOX, HOLOMAX, QBOX ускуналари ўрнатилган. Мактаб биносининг том қисмида ўрнатилган Телескопда ўқувчилар осмон жисмларини кузатишлари мумкин. Робототехника, ёш физиклар, математиклар, астроном ва информатиклар тўгараклари ҳам ташкил этилган.
Мактабни жорий ўқув йилида тамомлаган 29 нафар битирувчи 100 фоизлик натижа кўрсатиб, барчаси маҳаллий ҳамда хорижий ОТМларнинг талабаларига айланди. Улар хорижий ОТМларнинг умумий ҳисобда 6 миллион 141 минг 700 АҚШ доллари миқдоридаги халқаро грантларига эга бўлишди.
Битирувчиларнинг 23 нафари халқаро IELTS сертификатини қўлга киритган, мактабнинг 2 нафар битирувчиси “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендияси соҳибига айланиб, АҚШнинг нуфузли олийгоҳида таҳсил олмоқда.
Мактабга ташкил этилган пресс-тур мобайнида оммавий ахборот воситалари вакиллари мактабда ўқувчилар учун яратилган шарт-шароитлар, йўлга қўйилган тўгараклар фаолияти, мактаб Президентлигига ўтказилган сайловлар натижалари, “Стар” маркет лойиҳаси, мактаб музейи ва телескопи билан танишиш имкониятига эга бўлди ҳамда ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.